Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар /  “Бармоқлар билан ҳис қилинган Ислом”: оилавий жуфтлик Брайл алифбосида Қуръон нашр қилди

 “Бармоқлар билан ҳис қилинган Ислом”: оилавий жуфтлик Брайл алифбосида Қуръон нашр қилди

13 йил илгари Исломни қабул қилган техаслик Ядира Табат ўз дини ҳақида ҳамма нарсани билишга интилиб, бор имкониятларини ишга солди. 34 ёшли 4 нафар фарзанднинг онаси бўлган аёлга бу йўлдаги ягона тўсиқ – унинг туғма кўзи ожизлиги бўлди. Расман кўзи ожиз, лекин қисман кўриш қобилиятига эга бўлган турмуш ўртоғи Нодир Табат билан бирга Ядира кўзи ожизлар учун инглиз тилидаги манбаларни излади. Лекин изланишлар кутилган натижани бермади ва шу сабабли 2017 йилда оилавий жуфтлик фаол ҳаракат қилиш вақти етганлигини тушуниб етди. Улар Қуръони Каримнинг инглиз тилидаги маънолар таржимасини Брайл алифбосига кўчириб чиқиш учун 8 ой вақт сарфлашди. Сўнг crowdfunding платформаси (оммавий молиялаштириш тизими) орқали махсус принтер сотиб олиш учун пул жамғаришди. Ва ниҳоят, Қуръоннинг маънолар таржимасини чоп қила бошлашди. Нодир ва Ядира  “Бармоқлар билан ҳис қилинган Ислом” номли нотижорат ташкилотига асос солишди ва АҚШлик кўзи ожизлар учун 150дан ортиқ Брайл алифбосидаги Қуръони Каримнинг инглиз тилидаги маънолар таржимасини нашр этишди, хабар беради Religion News Service. Улар, шунингдек, мусулмонларга ўз динларини ўрганишга кўмаклашувчи махсус илова дастурни ҳам йўлга қўйишди.

Шунча ҳаракатдан кейин Ядира илк бора Қуръонни мустақил ўқиш имконига эга бўлди.

“Мен ҳақиқатда йиғладим. Шунча йилдан бери Аллоҳнинг Каломига яқинлашиш имконим йўқ эди. Ҳозир эса бундай имконият бошқа кўзи ожизларда ҳам бор. Ўз ҳиссиётларимни сўз билан ифода этиб беролмайман”, – деди у Religion News Serviceга берган интервьюсида.

Маълумот ўрнида: Араб тилидаги дастлабки Брайл алифбосидаги Қуръон 1980 йилларда Туркияда чоп этилган эди. Ҳозирги кунда Брайл Қуръонларини топиш бутун дунё бўйлаб мусулмонларга анча осон бўлиб қолди. Бунда кўзи ожиз асли турк Салохиддин Ойдиннинг сай-ҳаракатлари катта. У 2013 йилда Истанбулда Брайл Қуръони хизмати халқаро уюшмасига асос солди. Уюшма бутун дунёдаги кўзи ожизларга Қуръон етказиб беришга кўмаклашади.

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan