Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Банданинг даражасини кўтарувчи амал

Банданинг даражасини кўтарувчи амал

الرحيم الرحمن ﷲ بسم

 

Аллоҳ таоло Қурьони Каримда марҳамат қилади:

Улар дунё ҳаётини охиратдан афзал биладиган, (одамларни) Аллоҳнинг йўлидан қайтарадиган ва уни қинғир қилишни истайдиган кимсалардир. Улар (ҳақ йўлдан) йироқдаги гумроҳликдадирлар (Иброҳим сураси 3-оят).

Қаттиқ азобдан ҳолига вой бўладиган кофирларнинг шундай ҳолатга тушишининг сабаблари ушбу оятда келтирилади. Улар дунёни охиратдан устун қўйганлари учун иймон йўлига юра олмайдилар. Фақат бу дунёни кўзлаган одам беш кунлик ҳаётида кўпроқ матоҳга эришиш учун ўлиб-тирилади. Ҳаром-харишга қўл уради. Одамларнинг ҳаққини ейди. Одамларга зулм, хиёнат қилади

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят килинади: Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Роббисини зикр килгувчи ва Роббисини зикр қилмайдиганнинг мисоли тирик билан ўлик кабидир”, дeдилар (Бухорий ва Муслим ривояти).

Дeмак, Аллоҳни зикр қилишликнинг даражаси мусулмон умматига юқори мақомдаги фарз амаллардан ҳисобланади. Кўпчилик муҳаддис уламоларимиз Аллоҳ таолони зикр қилишнинг энг олий даражаси намоз эканлигини таькидлаганлар. Аллоҳнинг зикридан тўсувчи барча сабабларнинг юқорисида дунё зийнатларига алданиш ва дунё лаззатларига кeрагидан ортиқ кўнгил  бeриш туради.  Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дунёнинг муҳаббати ҳар бир хатонинг бошидир”, деганлар. Лeкин ақл эгалари доимо қайсики маконда ёки замонда бўлсалар ҳам, Аллоҳнинг зикридан чалғимайдилар. Чунки улар зикрнинг барча дунёвий ва ухровий самараларидан бохабардирлар, шу сабаб Аллоҳ зикрининг лаззатини тотишга муваффақ бўлганлар. Шу ўринда зикрнинг самаралари ҳақида ривоят қилинган машҳур ҳадиси қудсийга ихлос ила назар солсак:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг бир тоифа фаришталари бор. Улар йўлларда айланиб аҳли зикрларни излаб юрадилар. Қачон улар Аллоҳни зикр қилаётган қавмни топсалар, “Ўзингиз истаган нарсага келинглар”, деб нидо қиладилар. Бас, уларни қанотлари билан ўраб олиб, дунё осмони баробар бўлиб турадилар. Шунда Роббилари Ўзи билиб турса ҳам:

“Бандаларим нима демоқдалар?” – дейди.

“Сенга тасбеҳ, такбир, ҳамд айтмоқдалар ва Сени улуғламоқдалар”, – дейдилар.

“Улар мени кўрганмилар?” – дейди.

“Йўқ. Аллоҳга қасамки, Сени кўрганлари йўқ”, – дейдилар.

“Агар Мени кўрганларида қандоқ бўларди?” – дейди.

“Агар улар Сени кўрганларида, яна ҳам қаттиқроқ ибодат қилардилар, Сени яна ҳам қаттиқроқ улуғлардилар ва Сенга яна ҳам қаттиқроқ тасбеҳ айтардилар”, – дейдилар.

“Мендан нимани сўрамоқдалар?” – дейди.

“Сендан жаннатни сўрамоқдалар”, – дейдилар.

“Улар жаннатни кўрганмилар?” – дейди.

“Йўқ. Аллоҳга қасамки, эй Робб, улар уни кўрмаганлар”, – дейдилар.

“Агар улар уни кўрганларида,  қандоқ бўларди?” – дейди.

“Агар улар уни кўрганларида, унга яна ҳам қаттиқроқ хирс қўярдилар, уни яна ҳам қаттиқроқ талаб қилардилар ва унга яна ҳам қаттиқроқ рағбат қилардилар”, – дейдилар.

“Улар нимадан паноҳ тиламоқдалар?” – дейди.

“Дўзахдан”, – дейдилар.

“Улар уни кўрганмилар?” – дейди.

“Йўқ. Аллоҳга қасамки, улар уни кўрмаганлар”, – дейдилар.

“Агар улар уни кўрганларида қандоқ бўларди?” – дейди.

“Агар улар уни кўрганларида, ундан яна ҳам қаттиқроқ қочардилар, ундан яна ҳам қаттиқроқ қўрқардилар”, – дейдилар.

“Мен сизларни гувоҳ қилиб айтаманки, албатта, уларни мағфират қилдим”, – дейди.

Шунда фаришталардан бири:

“Уларнинг ичида фалончи бор. У улардан эмас. У ўзининг ҳожати учун келган, холос”, – дейди.

“Улар ҳаммажлислар. Уларнинг ҳаммажлислари ҳам бадбахт бўлмас”, – дейди”, дедилар” (Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган).

Аллоҳ таоло барчамизни, аввало, намозда ва бошка барча амалларимизда Ўзининг зикрида ҳамиша қоим бўлгувчилардан қилсин!

 

Пискент тумани «Мулла Бўта қози» жоме

масжиди имоматиби Вохидов Мирсобит