Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Бахт – ўзгаларни бахтли қилишда

Бахт – ўзгаларни бахтли қилишда

Шифохоналарнинг бирида кекса ёшли икки бемор бўлиб, иккиси бир хонада эди. Уларнинг иккови ҳам тузалиши қийин бўлган оғир дардга чалинганди. Улардан бирига бир кунда бир марта аср вақтидан кейин бир оз муддат кароватида ўтиришга рухсат берилган эди. Шу сабабли унинг каровати хонадаги ягона бўлган дераза ёнида жойлашганди. Иккинчи бемор эса кун бўйи кароватида чалқанча ётишга мажбур, яъни туришга рухсат йўқ эди.

Икки бемор бир-бирини кўрмаган ҳолда суҳбатлашиб, вақтини ўтказишарди. Чунки иккиси ҳам шифтга қараб чалқанча ётарди. Улар оилалари, уйлари, ҳаётлари ва бошқа нарсалар ҳақида гаплашишарди. Ҳар куни асрдан кейин шифокорнинг кўрсатмасига биноан биринчи бемор гавдасини кўтариб, кароватида ўтирар ва деразадан ташқарига қарарди. Ва шеригига ташқи оламни тасвирлаб, сўзлаб берарди. Биринчи бемор кутганидек, иккинчи бемор ҳам шу вақтни интизорлик билан кутарди. Чунки бу унинг ҳаётини жилолантирарди. Шеригининг ташқи ҳаётни сўзлаб беришини жон қулоғи билан тингларди. Шеригининг айтишича, ташқарида бир боғча бўлиб, унда бир кўл бор. Кўлда ўрдаклар сузиб юрар, ёш болалар турли нарсалардан қайиқчалар ясаб олиб, унда ўйнардилар. Ва яна бир кишининг қайиқлари бўлиб, уни одамларга ижарага берар, одамлар қайиқларга миниб, сув устида сайр қилишарди. Ён атрофда аёллар ўз жуфтлари билан кўл соҳили атрофида сайр қилиб юришарди. Нарироқда эса яна кимлардир дарахтлар сояси остида ўтирар ва жозибадор рангли гуллар атрофида айланиб хордиқ чиқаришарди. Осмоннинг ранги ҳам кўзни қувонтирадиган даражада ёқимли эди. Биринчи бемор ушбу манзараларни таърифлаб бераркан, шериги унга бутун вужуди билан қулоқ соларди. Сўнгра кўзларини юмиб, шифохона ташқарисидаги ҳаётни кўз олдидан ўтказарди.

Ана шундай кунларнинг бирида биринчи бемор ташқарида ҳарбий намоиш (парад) бўлаётганини айтиб берди. Иккинчи бемор аскарларнинг мусиқалари овозини эшитмасада, шеригининг тасвирлаши орқали уни ақл кўзлари билан кўрарди.

Шу зайлда кунлар, ҳафталар ўтди. Икки бемор бир-бири билан бахтли эди. Бир куни эрталаб ҳамшира ҳар кунги одатига кўра уларнинг ҳолидан хабар олиш учун кирди. Ва дераза олдидаги бемор кечаси жон таслим қилганига гувоҳ бўлди. Ҳамшира уни хонадан чиқариш учун шерикларини ёрдамга телефон орқали чақирганида иккинчи бемор шеригининг вафот этганини билиб қолди ва бундан жудаям қаттиқ маҳзун бўлди. Фурсатига қараб ҳамширадан кароватини деразанинг ёнига ўтказиб беришини сўради. Бунда ҳеч қандай монелик кўрмаган ҳамшира уни сўраган жойига ўтказиб қўйди. Асрдан кейинги вақт киргач, шеригинг ташқи ҳаётни сўзлаб бериши ёдига тушди ва унинг йўқлигига жуда ҳам ўксинди. Аммо бу фурсатни ўтказиб юборгиси келмади ва қийинчилик билан бўлсада, бошини кўтариб деразадан қарашга қарор қилди. Аста секинлик билан қўлига таяниб, бошини кўтара бошлади. Тирсагини ерга тираб олиб, ташқи оламни кўриш учун деразадан атрофга қаради. Бироқ кутилмаган манзарага дуч келди. Шифохона атрофини ўраган девордан бошқа ҳеч нарсани кўрмасди. Ваҳоланки, бу дераза ташқарига қараган дераза эди. Ҳамширани чақириб: “Шеригим ҳар доим ташқарига қарайдиган дераза шуми?” – деб сўради. Ҳамшира: “Ҳа, бу ўша дераза”, – деб жавоб берди. Хонада битта дераза бор эди, холос. Ҳамшира бемордан таажжубининг сабабини сўради. Бемор унга дераза билан боғлиқ воқеаларни айтиб берди. Шунда ҳамширанинг таажжуби беморникидан ҳам кўпроқ бўлди. Беморга қараб: “Ахир, раҳматлининг кўзлари кўрмас эдику. У ҳаттоки мана бу сиз кўрган деворни ҳам кўролмас эди. Балки у сизни умидсизликка тушиб, ўлимни орзу қилиб қолмасин, деб ҳаётингизни саодатли қилмоқчи бўлгандир. Ахир ўзгаларни бахтли қила олишингиз ҳам бахт эмасми?!”- деди.

Агар инсонларни бахтли қила олсанг, ўзингнинг ҳам саодатинг бир неча баробар ортади. Борди-ю инсонларни хафа қилиб қўйсанг, ўзингда ҳам маҳзунлик ортади.

Одатда одамлар сен айтган гапларни ва сен қилган ишларни унутиб юборишади. Аммо сен тарафингдан уларнинг ҳис туйғуларига етган нарсани асло унутмайдилар. Шундай экан, улардаги сендан қоладиган ҳиссиёт саодат бўлишини хоҳлайсанми ёки аксиними?!

Шиоримиз, доимо Аллоҳ таолонинг Қуръони Каримдаги “Одамларга яхши гапларни айтинг” (Бақара сураси, 83-оят) оятига мувофиқ бўлсин.

Араб тилидан Оҳангарон тумани “Абдуқаҳҳор Махсум”
жоме масжиди имом хатиби Нусратуллаев
Абдулбосит Нусратулла ўғли таржимаси