Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Аёллар сахифаси / ҲАЗРАТИ ЗАЙНАБ (бинти Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)

ҲАЗРАТИ ЗАЙНАБ (бинти Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)

Зайнаб розияллоҳу анҳу Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарлик шарафига ноил бўлишларидан ўн йил аввал дунёга келди. Унинг юз-кўзлари бошқа фарзандлари орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак чеҳраларига кўпроқ ўхшарди. Муборак нубувват уйида туғилган илк фарзанд бўлгани учун ҳам хушбўй бир чечак каби бу уйни қувонч насимига тўлдирган ва ойдинлатган эди.

Ўша давр урфига биноан уни ҳам энагага топширдилар. Гўдак Зайнаб сут онасидан насибини олгач, яна табаррук хонадон бағрига қайтди.

Оламларга раҳмат бўлиб келган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва мўминлар онаси Ҳазрати Ҳадича розияллоҳу анҳонинг барча гўзал сифатларини ўзида мужассам этган Зайнаб болалигиданоқ юксак ахлоқ, гўзал одоб эгаси бўлиб вояга етди.

Балоғат ёшига етганида холасининг ўғли Абул Ос ибн Робиъ уни никоҳига олди. Абул Ос савдо билан шуғулланар, кўпинча Шом тарафларда тижорий сафарларда бўлар эди. Баъзан сафари чўзилиб кетса, Зайнаб хожасини сабр билан кутар, ўз навбатида, Абул Ос ҳам вафодор ёрига муносиб меҳр-оқибат кўрсатар, унинг ҳаққини ҳимоя қилар эди. Бир гал Шом сафарида узоқ қолган Абул Оснинг соғинч билан шундай мазмунда шеър ўқигани ривоят қилинади:

«Зайнаб Маккада ёлғиз қолганини ўйлаб, дедим:

Аллоҳ Ҳарамда ўтирган бу аёлга эҳсон айласин.

У аёл Аминнинг қизидир.

Аллоҳ уни солиҳа хотин бўлгани учун ажрга кўмсин,

Ҳар эркак ўз аҳлини билган нарсалари билан мадҳ этар..,»

Кўп ўтмай уларнинг Али ва Умома исмли фарзандлари дунёга келди. Эр-хотин қалблари қувончга тўлиб, ўзларини ғоят бахтли хис этишарди. Аммо бу масъудлик онлари узоққа чўзилмади…

Абул Ос ҳар галгидек сафарда бўлган пайти бир воқеа содир бўлди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам оламларнинг Рабби томонидан пайғамбар сифатида танланиб, буюк иш билан вазифалантирилдилар. Зайнаб онаси ва синглиси қаторида отасининг даъватини қабул қилди.

Хожаси сафардан қайтгач, уни ҳам Ҳақ динга даъват этди. Абул Ос бунга жавобан: «Валлоҳи, мен отангни ҳеч бир ишда айбламайман. Мен учун сиз билан бирга бўлиш ҳар нарсадан аълодир. Аммо мен «хотинини деб, ўз қавмини тарк қилди ва оталарининг илоҳларига куфр келтирди», деган гапга қолишни истамайман. Менинг аҳволимни тушунасиз ва мени маъзур тутсангиз», деди.

Шу ҳолда улар бир-бирларини бағриларига босмоқчи бўлиб, интилишган эди, нимадир уларга монелик қилди. Гўё шу дамдан эътиборан ораларида кўринмас бир девор пайдо бўлгандек эди… Ўша кеча уларнинг кўзларига ҳеч уйқу келмади. Қалблари ғам ва қайғуга тўлиб, уйларини шодлик тарк этди.

Бу орада кофир ва мушриклар янги даъват билан келган Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қарши азият ва исканжаларини борган сари авж олдира бошладилар.

Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аҳли оиласи ва мўминлар Пайғамбаримизнинг амакилари Абу Толиб маҳалласида бир неча йил қамал ҳолатида қолиб кетишди. Бутун қавмдошлари уларни тарк этиб, ҳар қандай алоқани узиб қўйишган эди. Зайнаб ҳам бу ҳолдан ғоятда ғамгин бўлган, баъзан йиғлар, қайғурар, кейин эса қоронғи кечадан сўнг нурли бир тонг отишига умид қилиб, Аллоҳнинг ҳукмига бўйинсунар эди…

Кўп ўтмай Зайнабнинг меҳрибон онаси ҳазрати Ҳадича (розийаллоҳу анҳо) вафот этди. Расулуллоҳнинг суянган амакилари Абу Толиб ҳам ҳаётдан кўз юмди. Шу боис Қурайшнинг исканжалари янада авжига чиқди. Бу ҳолат Зайнабнинг ҳам бағрини ёқиб, жигарини парча-парча қилаёзган эди.

Бир куни Мадинага ҳижрат қилиш учун чиққан Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) йўлда қурайшликлар ҳужум қилишгани ҳақида хабар тарқалди. Зайнаб отасининг ҳаёти хавф остида қолганидан қаттиқ қайғуга тушди. Лекин тез орада Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эсон-омон Мадинага етиб олганларининг хабар келиб, кўнгли таскин топди. Бир неча кундан кейин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) юборган бир киши келиб, Зайнабнинг сингиллари Фотима ва Умму Гулсумни Мадинага олиб кетди. Зайнаб эса хожаси Абул Оснинг уйида қолиб, Аллоҳнинг қазоси ва амрига мунтазир бўлиб, қута бошлади. Бир куни қурайш мушрикларидан иборат махсус қўшин Маккадан йўлга чиққан савдо карвонларини қўриқлаш учун Мадина сари отланди. Абул Ос ҳам сафга қўшилди. Йўлда мусулмонларга дуч келишди. Икки жамоа орасида бўлган жангда мусулмонларнинг қўли баланд келиб, мушриклар енгилди. Абул Ос ҳам асирга тушди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) асирларни фидя эвазига озод қилишни буюрдилар. Бу хабар Маккага етиб келгач, Зайнаб (розийаллоҳу анҳу) ҳам бисотидаги бирдан-бир бойлиги бўлган тақинчоғини сандиқдан чиқарди. Бу тақинчоқни тўйи куни онаси Ҳазрати Ҳадича (розийаллоҳу анҳу) совға қилган эди. Зайнаб тақинчоқни қайниси Амрга берди ва уни асир тушган эрини озод қилиш учун Мадинага жўнатди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тақинчоққа кўзлари тушиши билан севимли завжалари Ҳадича эсларига тушиб, қизлари Зайнабга раҳмлари келди. Узоқ жим қолдилар, кейин саҳобаларига юзланиб, марҳамат қилдилар:

— Агар мақбул кўрсаларингиз, Зайнабнинг асирини озод қилинглар ва молини қайтариб беринглар.

Саҳобаи киром шу амрни кутиб турганлари учун бир овоздан:

— Албатта, мақбул кўрамиз, эй Аллоҳнинг расули, — дея ризолик биддиришди.

Лекин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Абул Осга Зайнабни Мадинага юборишини шарт қилиб қўйдилар. Зеро, Ислом дини мўмина аёлнинг имонсиз эркак билан оила қуришини ман этган, бинобарин, уларнинг никоҳда бўлишлари ножоиз эди. Абул Ос Маккага кайтди. Аёли уни севинч билан кутиб олди. Аммо Абул Оснинг кайфияти ёмонлиги шундоқ юзидан билиниб турарди. Зайнабга қараб:

— Сиз билан видолашиш учун келдим, эй Зайнаб, — деди ва Расулуллоҳга берган ваъдасини айтиб, вазиятни тушунтирди. Зайнаб хожаси билан хайрлашиб, ғамгин бир ҳолатда уйидан чиққи. Кўчага чиқаётганида Абул Ос:

— Нима бўлса ҳам, токи ҳаёт эканман, сизга вафодор умр йўлдоши сифатида севгим асло сўнмайди. Ҳаётимизнинг бахтли онлари ўтган бу уй ҳар доим сизнинг ёдингиз билан мунаввар бўлади, — дея Зайнаб билан хайрлашди.

Зайнаб (розийаллоҳу анҳу) кўз ёшларини артиб, йўлида давом этди. Лекин қурайш мушриклари унинг ҳижратига тўсқинлик қилиб, Маккадан чиқиб кетишига йўл бермадилар. Уларнинг важоҳатидан қаттиқ қўрққан Зайнаб ҳомиласини тушириб қўйди. Соғлиғини тиклаб олгунига қадар яна Абул Оснинг ҳимоясида қолди.

Ниҳоят, қурайш аҳли ғафлатда қолган бир куни Абул Ос укаси Қинона билан бирга

Зайнабни Мадинага жўнатишга муваффақ бўлди. Кейинчалик қурайш карвони билан Шом сафарига чиққан Абул Ос Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) томонидан юборилган Зайд ибн Ҳориса бошчилигидаги бир юз етмиш отлиқ мусулмонларнинг қўлига яна асир тушди.

Абул Ос Зайнабдан ҳимоя қилишини сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бомдод намозидан қайтаётганларида Зайнаб у зотнинг ҳузурларига келиб, хожаси учун шафоат сўради ва деди:

— Эй отажон, мен Абул Ос ибн Робиъга омонлик бердим, айтинг, унга тегмасинлар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яна масжидга қайтиб:

— Эй инсонлар, мен эшитган нарсани сизлар ҳам эшитдингизми? — деб сўрадилар.

«Ҳа, эшитдик», деган жавоб олгач, яна марҳамат қилдилар:

— Нафсим қудрати, измида бўлган Аллоҳга қасамки, сиз эшитган нарсадан шу дақиқага кадар асло хабарим йўқ эди. Мўминлар бошқаларга кафил бўладилар ва омонлик берадилар. Зайнаб омонлик берган кишига биз ҳам омонинк бердик».

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уйларига қайтганларида Зайнаб (розийаллоҳу анҳу) яна ҳузурларига чиқиб, Абул Осдан олиб қўйилган молларнинг қайтариб берилишини сўради. Оталари (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг истагини бажо келтирдилар. Аммо эри билан учрашмаслигини каттиқ тайинладилар. Чунки эри токи мушрик экан, Зайнаб унга ҳалол бўлмас эди.

Абул Ос Маккага кайтиб, ҳаққорларнинг молларини тарқатиб бергач, Қурайш аҳлига мусулмон бўлганини очиқ эълон қилди. Кейин бир мусулмон ва муҳожир сифатида Мадинага йўл олди.

Мадинага келганида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни очиқ чеҳра билан кутиб олдилар, Зайнабни унга қайтиб бердилар. Шу тариқа парчаланган оила қайтадан барпо қилинди, хонадонлари яна ҳузур-ҳаловатга тўлди. Эр-хотин Мадинада яна бир йил бирга ҳаёт кечирдилар. Зайнаб (розияллоҳу анҳу) ҳижрат қилиш пайтида йўлда оғир бир касалликка чалинган эди. Бу дард уларни умрбод айирди.

Ҳижратнинг саккизинчи йили Аллоҳ Зулжалол Зайнабни Ўз раҳматига олди. Мусибатдан Абул Оснинг кўзларига дунё қоронғи бўлган эди. Унинг нолалари атрофдагиларни ҳам йиглатди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўзларида ёш ва қалблари ғамгин ҳолатда қизларининг уйига келиб, шундай марҳамат қилдилар: «Уни уч марта ғусл қилдиринг. Кейин кофур суринг…»

Шундан сўнг жанозасини ўқиб, Зайнабни қабрга қўйдилар.

Аллоҳ таоло Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суюкли қизлари Зайнабдан рози бўлсин. Бошига тушган мусибатларга кўрсатган сабри, матонат ва ғайратлари учун уни жаннати наъимларига дохил этган бўлсин. Омин.

Қаҳрамон мўмина аёллар («Мовароуннаҳр», Тошкент, 2005.

Муаллифлар: Аҳмад Абдулжавод, Муҳаммад Умар Дауқ, Муҳаммад Али Қутб)

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan