Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Аёллар сахифаси / ҲАЗРАТИ УММУ ҲОНИЙ бинти Абу Толиб

ҲАЗРАТИ УММУ ҲОНИЙ бинти Абу Толиб

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

«Эй Умму Ҳоний! Сен ҳимоя этганингни биз ҳам ҳимоя этамиз, сен омонлик берганингга биз ҳам омонлик берамиз», деб марҳамат қилдилар.

Исро ва Меърож воқеалари ҳақида гапирилганида албатта Умму Ҳонийнинг ҳам номи тилга олинади. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Меърож кечаси унинг уйида мусофир бўлган эдилар ва у Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Меърож воқеасини хабар берган ровийлардандир.

Хўш, Умму Ҳоний ўзи ким? Унинг асл исми нима? Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан қариндошлик даражаси қандай?

Насаби

Умму Ҳоний Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амакилари Абу Толибнинг Фаҳита исмли қизи бўлиб, Ҳазрати Алининг опасидир.

Исми қандайлиги ҳақида ихтилофли фикрлар бор. Ҳинд, Атиқа ёки Фотима дегувчилар ҳам бўлган. Лекин энг машҳур бўлгани Фаҳитадир.

Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир неча ёш кичик бўлган. Гўзал ахлоқли аёл эди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оналари Оминанинг вафотидан сўнг Ҳадича бинти Ҳувайлидга уйлангунларига қадар амакилари Абу Толибнинг уйида яшадилар. Бу йиллар давомида ўзларини Абу Толиб оиласининг бир аъзосидек кўрар, асло ёлғизликни ҳис этмасдилар. У пайтда Фаҳита кичкина бир қиз эди.

Оила ҳаёти

Ҳубайра ибн Ваҳб Маҳзум ўғилларининг энг кўзга кўринган кишиларидан эди. Қавми ичида мавқеи улуғ бўлиб, сўзини ўтказа оларди. У Фаҳитани сўраб келганида Абу Толиб розилик билдирди. Фаҳита Ҳубайрадан икром ва эҳтиром кўрди. Унинг ҳимоясида бахтиёр ҳаёт кечирди.

Орадан кунлар, кунлар кетидан ойлар ўтди. Расулуллоҳга ( соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пайғамбарлик тушди. Оила аҳлини, қариндошларини ва қавмини Исломга даъват этди. Бир қисми унга ишонди ва тўғри йўлни топди, бир қисми ишонмади ва кофир бўлди. Ҳубайра адашганлар орасида эди. Бу йўлни танлаганлар имон келтирмайгина қолмай, зулм ва жафо билан, янги диннинг ёйилипшга тўсқинлик қилардилар. Аммо Ҳубайра Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан ўрталаридаги қариндошликка риоя қилиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шахсиятларини таҳқирлар, ҳурмат кўрсатар эди.

Фаҳита ҳам дастлаб эрига эргашиб, Исломга кирмади. Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Умму Ҳоний уйида мусофир бўлиб қолдилар. Бу кеча Аллоҳ таолонинг Пайғамбармизга энг буюк эҳсон ва икромлар берган хайрли, узун бир кеча эди. Умму Ҳоний бу кеча ҳақида шундай ҳикоя қилади:

«Исро воқеаси Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менинг уйимда қолганларида бўлди. Бу кеча Аллоҳ Расули хуфтон намозини ўқиб, ухладилар. Биз ҳам ухлаётган эдик. Эрта билан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизни уйғотдилар ва:

— Эй Умму Ҳоний! Кўрганингдек хуфтон намозини ҳам бу ерда ўқидим. Ҳозир ҳам сизнинг ёнингизда бомдод намозини адо қилдим, — дея буюрдилар.

Сўнгра уйдан чиқиш учун ўрниларидан турдилар. Мен кетмасин деб, ридоларининг бир учини тутдим. Қоринлари кўринди. Кўйлаклари Мисрда тўқилган, катандан қилинган оҳорли кўйлакка ўхшар эди.

— Эй Аллоҳниш пайғамбари, буни инсонларга айтманг. Сизни ёлғончига чиқариб, азият беришади, — дедим.

— Аллоҳга қасамки, бу воқеани уларга айтаман, — дедилар. Шунда мен бир ҳабаш жориямга:

«Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таъқиб эт. Инсонларга нима ҳақида гапирганларини ва уларнинг жавобларнин эшит», дедим.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизнинг олдимиздан чиқиб, бошқа кишиларга ҳам бизга айтган гапларини айтдилар. Кўпчилик ўзини йўқотиб қўйди ва:

— Буни қандай исботлайсан, эй Муҳаммад. Биз бундай нарса ҳақида ҳеч эшитмаганмиз, — дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

— Далил шуки, мен фалон водийда, фалон кишиларнинг карвонига дуч келдим. Уларнинг туялари бир ҳайвондан ҳуркиб, қочиб кетган экан. Мен уларга туялари турган жойни кўрсатдим. Бу мен Шомда бўлган пайтимда юз берган эди. Сўнгра йўлимда давом этдим. Макка яқинидаги Тихома деган жойда Дажнон тоғига дуч келганимда фалон-фалон кишиларнинт карвонига тўқнаш келдим. Улар ухлаб ётардилар. Сув солинган бир идишлари бор эди. Устига бир нарса ўралганди. Ёпқични олиб, ичидаги сувни ичдим. Кейин қандай бўлса, шундай қилиб устини ўрадим. Ҳозир эса уларнинг қофиласи Макка яқинида, Танъим йўлидаги Байзо тепалигидан тушяпти. Олдинда рангги қорага мойилроқ кулранг туя бор. Туянинг устида бири қора, бошқаси оқиш иккита ҳарор бор, — дедилар.

Бу гапни эшитганлар дарҳол Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтган йўлга югурдилар. Илк кўрганлари туя бўлди. У Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тасвирлаганларидек кўринишда эди. Кейин карвондан идишни сўрадилар. Улар идишда сув тўла бўлганини, сўнг устини ўраб қўйганларини, уйғонганларида эса ичида сув қолмаганини тасдиқладилар. Маккага қайтганларида бошқа карвонни ҳам учратдилар. Берилган саволга улар ҳам:

«Тўғри сўзлабди, валлоҳи, у айтган водийда туямиз ҳуркиб қочди. Шунда бир овоз эшитдик. У овоз туямизнингг турган жойини айтди. У ерга бориб, туяни топдик», дея жавоб бердилар».

Ҳижратдан сўнг

Мусулмонлар Мадинага ҳижрат қилганларида Фаҳита Маккада эри ва болалари билан қолди. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эришган зафарлари ҳақида эшитса, беҳад қувонарди. Фаҳита мусулмонлар Маккага кирадиган буюк зафар кунини интизорлик билан кутарди.

Макка фатҳ этилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Каъбага кирдилар. Барча бутларни синдирдилар. Билолнинг (розийаллоҳу анҳо) овози тавҳид, такбир ва шаҳодатлар билан жаранглаб, Каъба узра юксалди:

«Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар! Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ, ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ! Ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ, ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ…»

Бу овозларни эшитган Умму Ҳонийнинг эри Хубайра орқа олдига қарамай, Маккадан қочди. У Аллоҳ таолонинг динига киришдан қочаётган, Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) зафарларини кўришни хоҳламаётган эди.

Ҳубайра Умму Ҳонийни ҳам ўзи билан кетишга даъват этди, аммо Умму Ҳоний қабул этмади. Чунки у Аллоҳ таолонинг динига кирган, мусулмон бўлган эди. Ҳорис ибн Ҳишом Макка фатҳ этилган кун қони ҳалол қилинган кишилардан эди. Аммо Ҳорис Умму Ҳонийнинг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қошидаги мавқеини билгани учун, ҳимоя қилишини сўраб, унинг уйига борди. Буни кўрган Али ибн Абу Толиб (розийаллоҳу анҳу) Ҳорисни ўлдириш учун изма-из келди. Умму Ҳоний:

«Эй онамнинг ўғли! Мен унга омонлик бердим», деб уни ҳимоясига олганини билдирди.

Али (розийаллоҳу анҳу) эса бу гапларга қулоқ солмай, қиличини суғурди. Умму Ҳоний унинг қўлларидан тутди:

«Аллоҳ хайрингни берсин, ўлдирма. Мен унга омонлик бердим», деди.

Али (розийаллоҳу анҳу) ундан қутулишга ҳаракат қилди, аммо оёқларини ердан кўтаролмади. Шу пайт Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кириб қолдилар. Умму Ҳоний:

— Ё Расулуллоҳ, мен Ҳорис ибн Ҳишомни ҳимоямга олдим. Али эса уни ўлдирмоқчи. Нимага буюрасиз? — деди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

— Сен ҳимоя этганингни биз ҳам ҳимоя этамиз, сен омонлик берганингга биз ҳам омонлик берамиз. Аммо Алининг жаҳлини чиқарма. У қизишса, Аллоҳ таолонинг ғазаби келади. Уни қўйиб юбор, — деб буюрдилар.

Шундан сўнг Умму Ҳоний Алини қўйиб юборди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳазиллашиб:

– Ё Али, бир аёл сендан ғолиб келди, — дея марҳамат қилдилар

ҲазратиАли:

— Аллоҳга қасамки, оёқларимни ердан кўтаролмадим, — деди.

Қаҳрамонлар қаҳрамони, довюраклар довюраги Али ибн Абу Толибнинг (розийаллоҳу анҳу) бу гапи Умму Ҳоний ҳақидаги одил бир шаҳодатдир. Аллоҳ ҳар иккисидан ҳам рози бўлсин.

Умму Ҳоний эридан айрилганидан сўнг, бутунлай фарзандларининг тарбияси билан банд бўлди. Фарзандларининг қалбига фазилат уруғларини экди. Ислом ва имон билан уларни ўстирди. Фарзандларининг барчаси олим, фозил кишилар бўлиб етишдилар. Баъзи фарзандлари Умму Ҳонийдан ҳадис ривоят этган. Улар орасида набиралари Жаъда ал-Маҳзумий, Яҳё ибн Жаъфар ва Ҳорунлар ҳам бор.

Умму Ҳоний биродари Ҳазрати Алининг халифалик давригача яшади. Ҳижратнинг 40-йили вафот этди.

Аллоҳ таоло ундан рози бўлсин ва уни ҳам рози этсин. Омин.

Қаҳрамон мўмина аёллар («Мовароуннаҳр», Тошкент, 2005.

Муаллифлар: Аҳмад Абдулжавод, Муҳаммад Умар Дауқ, Муҳаммад Али Қутб)