Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Аёллар сахифаси / ҲАЗРАТИ УММУ ГУЛСУМ бинти Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)

ҲАЗРАТИ УММУ ГУЛСУМ бинти Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)

«Муҳаммаднинг қизлардан бошқа фарзанди бўлмаяпти…»

Қурайш мушриклари ўзаро шундай миш-мишларни тарқатар эдилар. Уларнинг бундай гапиришларига чуқур маъно ва юксак ғоядан, илоҳий ҳикматдан бехабарликлари сабаб эди. Зеро, улар жоҳилият аҳли бўлганларини унутдилар. Улар шундай жоҳил эдиларки: «Қачон бировларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазабга тўлиб, юзлари қорайиб кетар. Ва у (қизни) хўрлаган ҳолида олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўйсуриб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг (яъни, қиз кўршннинг) «ёлғон»лигидан (номус қилиб) одамлардан яшириниб олур. Огоҳ бўлингизким, улар энг ёмон ҳукм чиқарурлар» (Наҳл, 58— 59).

Улар шу каби ботил сўзлар билан овора экан, Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яна бир гўзал, ой юзли қизлари дунёга келди. Бундай сифатлари сабабли отаси чақалоққа Умму Гулсум деб исм қўйди.

Қиз ўсиб-улғайгач, опаси Руқаййа билан бирга Абу Лаҳаб ўғилларидан бирига узатилди. Бироқ ҳар иккиси ҳам у хонадонда узоқ яшай олмадилар. Куръони каримда «ҳаммалатал ҳатоб» дея таърифланган Абу Лаҳабнинг хотини билан яшаш азобидан қутулдилар.

Қийинчиликлар ичида

Умму Гулсум ва Фотима ҳижрат қилмай, Маккада, оталари ёнида қолдилар. Опа-сингил оналари Ҳазрати Ҳадичанинг (розийаллоҳу анҳо) дардларига шерик бўлдилар, оталарига мушриклар кўрсатаётган азият ва пасткашликлар азобини енгиллатишга ҳаракат қилдилар.

Умму Гулсум Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нисбатан қилинган зулм ва исканжаларнинг, одамларни ҳақ йўлга даъват этишдаги жуда оғир машаққатларнинг гувоҳи бўлди. Қурайш мушрикларининг зўравонлиги кундан-кунга ортиб борди. Ҳатто улар Ҳошим ўғиллари ва мусулмонлар билан алоқаларни бутунлай уздилар. Қабул қилинган бу қарорни ёзиб, Каъбага осиб кўйдилар.

Умму Гулсум жуда оғир имтиҳон ва синовлардан ўтди. Отаси Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ғам-қайғу ичида… Опаси Зайнаб (розийаллоҳу анҳу) эри Абул Ос билан Маккада бўлсалар ҳам, уларга ҳеч қандай ёрдам бера олмас эдилар. Яна бир опаси Руқаййа (розийаллоҳу анҳу) жуда узоқ ўлкада… Онаси уммул мўминин Ҳадича (розийаллоҳу анҳу) оғир бетоб бўлиб қолдилар. Синглиси Фотима эса ҳали ёш, меҳрга, парваришга муҳтож….

Бу ҳолатда Умму Гулсум зиммасига жуда катта масъулият тушаётгн эди. Бу масъулиятни тушунгани учун, сабр этди. У сабрининг мукофотини Аллоҳдан кутарди. Кўлидан келганича отасига ёрдам қилар, онасига ҳам:

— Хафа бўлманг, онажон! Ажабланадиган ҳеч нарса йўқ, – дея тасалли берар эди.

Ҳазрати Ҳадичанинг (розийаллоҳу анҳу) аҳволи жуда оғир эди. Азиз ва жалил Аллоҳга қовушадиган кунларини кута бошладилар. Орадан кўп вақт ўтмай, вафот этдилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қизларини бағриларига босиб, тасалли бердилар. Умму Гулсумнинг масъулияти янада ошди. Зеро, энди у оиланинг меҳр-шафқат улашувчиси эди!

Ҳижрат

Мусулмонлар Мадинага ҳижрат килдилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳам улар билан бирга эдилар. Бу ҳижрат инсоният тарихидаги Аллоҳ йўлида қилинган энг буюк ҳижрат бўлди. Хавфсизликни кўзлаб, Умму Гулсум ва Фотима (розийаллоҳу анҳумо), вактинча Маккада қолдирилди.

Ҳазрати Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага келгач, уларни олиб келиш учун Зайд ибн Ҳорисани Маккага юбордилар. Опа-сингил йўлга чиқишдан олдин Ҳожунга бориб, оналарниннг қабрини зиёрат этдилар.

Ҳижратдан сўнг жуда буюк воқеаларга бой икки йил ўтди. Бу давр мобайнида Умму Гулсум (розийаллоҳу анҳу) отаси ва мусулмонларнинг Бадрда эришган зафарига, қадрли опаси Руқаййанинг (розийаллоҳу анҳо) вафотига ҳам шоҳид бўлди.

Бир қун Ҳазрати Умар (розийаллоҳу анҳу) жаҳллари чиққан ҳолда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига шикояг қилиб келди. Ҳазрати Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бунинг сабабини сўраганларида, Ҳазрати Умар Абу Бақр ва Усмонга (розийаллоҳу анҳумо) қизлари Ҳафсани никоҳларига олишни таклиф этганини, бироқ улар қабул этишмаганини айтди. Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни тинчлантириб, хушнуд этдилар.

– Ҳафса Усмондан хайрлироғи билан, Усмон ҳам Ҳафсадан хайрлироғи билан турмуш қуради, — деб кўнглини кўтардилар.

Ҳазрати Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ҳафсага уйландилар. Табиийки, Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Усмондан (розийаллоҳу анҳу) хайрилироқ эдилар. Сўнг Ҳазрати Усмонга (розийаллоҳу анҳу):

– Сени Руқаййанинг синглиси Умму Гулсумга уйлантираман. Агар ўн қизим бўлиб, бири вафот этса, бошқасини сенга беришдан тараддуд этмасдим, — деб марҳамат қилдилар.

Умму Гулсум Руқаййага (розийаллоҳу анҳу) берилган миқдордаги маҳр билан Ҳазрати Усмонга (розийаллоҳу анҳу) никоҳланди.

Ҳазрати Усмон хонадонида

Умму Гулсум Ҳазрати Усмон билан олти йил ҳаёт кечирди. Бу даврда Ислом юксалди, мусулмонлар Аллоҳнинг ёрдами билан зафар қучдилар. Ҳижратнинг олтинчи йили Зулқаъда ойида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир минг беш юз киши билан умра қилиш учун Маккага йўл олдилар. Қурайшийлар уларнинг бу истакларига қарши чиқдилар ва Маккага киришларига йўл қўймадилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) икки нур соҳиби, куёвлари Усмон ибн Аффонга:

– Қурайшийларнинг олдига бор ва ҳеч ким билан урушиш ниятимиз йўқлигини билдир. Каъбаи шарифни тавоф қилиш учун келганимизни, қурбонликларимизни сўйиб, қайтиб кетишимизни айт, — дедилар.

Умму Гулсум мушрикларнинг эрига бирор ёмонлик қилишларидан қўрқар, уни кутар экан, тобора хавотири ортиб борарди. Зеро, Усмоннинг (розийаллоҳу анҳу) кетганига анча вақт ўтган эди. Узоқ кутганларидан сўнг, Ҳазрати Усмоннинг (розийаллоҳу анҳу) ўлдирилгани ҳақида ёлғон хабар тарқадди. Умму Гулсум қайғуга ботиб, йиғлади. Шу пайт Ҳазрати Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) мусулмонларни байъат қилишга даъват этдилар. «Байъат-тур ризвон» номи берилган бу байъатда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) чап қўлларини ўнг қўлларига уриб, Ҳазрати Усмон номидан ҳам байъат олдилар ва:

– У Аллоҳ ва Расули учун кетди, – дедилар.

Орадан кўп ўтмай, Ҳазрати Усмон вазифасини битириб, ҳеч қандай азият кўрмасдан қайтиб келдилар. Ҳазрати Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қурайшликлар билан Ҳудайбийа сулҳини туздилар. Ҳазрати Умар ва Ҳазрати Усмон бу сулҳ шартларига рози бўлмаган муоризлар сафида эдилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қурбонликларни сўйиб, сочларнин олдиргач, асҳоби киромнинг кўпчилиги ҳам сочларини олдирдилар. Бир қисми эса бу ишни орқага сурдилар. Ҳазрати Усмон ҳам шулардан бири эди. Умму Гулсум отасининг:

– Аллоҳ сочларини олдирганларга марҳамат этсин, – деганларини эшитиб, тараддудланиб қолди. Юзида тушкунлик аломатлари кўрина бошлади. Бироқ Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) :

– Танбаллик қилганларга ҳам марҳамат этсин», – деб сўзларини тугатганларини эшитиб, кўнгли тинчланди.

Умму Гулсумнинг вафоти

Макка фатҳидан сўнг Умму Гулсум севимли онасининг қабрини зиёрат этмоқчи бўлди. Отаси ва эри унинг бу таклифига рози бўлдилар.

Ҳижратнинг тўққизинчи йили Шаъбон ойида Умму Гулсум вафот этди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уни севимли опаси Руқаййанинг ёнига дафн этдилар. Ҳаётликларида бу икки мўмина Ҳазрати Усмоннинг (розийаллоҳу анҳу) завжалари эдилар, вафотларидан сўнг ҳам бир жойга қўйилдилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) севган қизларидан ажралганлари учун қалблари ғамга, кўзлари ёшга тўлиб, қизларининг кабри тепасида Аллоҳдан уларга мағфират тиладилар.

Аллоҳ таоло Умму Гулсумдан рози бўлсин. Уни солиҳ ва хайрли қуллари орасига дохил этсин. Омин.

Қаҳрамон мўмина аёллар («Мовароуннаҳр», Тошкент, 2005.

Муаллифлар: Аҳмад Абдулжавод, Муҳаммад Умар Дауқ, Муҳаммад Али Қутб)

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan