Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Аёллар сахифаси / ҲАЗРАТИ РУҚАЙЙА бинти Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)

ҲАЗРАТИ РУҚАЙЙА бинти Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)

Руқаййа Зайнабдан кейин дунёга келди. У ҳам ота-онасининг кўз қорачиғи эди. Руқаййа ва Умму Гулсум икковлари худди эгизаклардек ўсдилар. Бир-бирларини жуда севардилар. Бу севги ва меҳр опалари Зайнаб узатилганидан сўнг янада кучайди. Гўё тақдир уларнинг ҳаётини муштарак бир йўлга чизгандек бир-бирларига қаттиқ боғланиб қолган эдилар.

Абу Лаҳабдан совчилик

Зайнаб (розийаллоҳу анҳу) Абул Ос ибн Робиъ билан турмуш қурганидан сўнг Руқаййа ва Умму Гулсумнинг ҳам бўйлари етиб қолди. Абу Толиб уларни биродари Абу Лаҳабнинг ўғиллари Утба ва Утайбага сўраб келди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга шундай жавоб бердилар:

— Эй амаки, қариндошчиликни сийлайман, бироқ менга бироз муҳлат беринг. Бу масала юзасидан кизларим билан гаплашай.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хонадон аҳлига Абу Толибнинг мақсадидан гап очдилар, Ҳадича онамиз ва қизларига аҳволни тушунтирдилар.

Ҳазрати Ҳадича (розийаллоҳу анҳу) бу гапларни эшитиб ўйга чўмдилар. Чунки Абу Лаҳабнинг хотини Умму Жамил қаҳри қаттиқ, тили аччиқ ва ўйламай иш қиладиган хотин эканини билар эдилар. Шунинг учун қизларининг бу хонадонга келин бўлишларини хоҳламай турардилар. Бироқ раъйларини қайтармаслик учун индамадилар. Қизлари ҳам буни ҳис қилиб жим ўтирардилар. Шундай тарзда, қатьий қарор қабул қилинди. Шафқатли ота қизларига баракот тилади. Уларни азиз ва жамил бўлган Аллоҳнинг паноҳига топширди.

Пайғамбарлик даври

Макка осмонида бир нур кўринди. Бугун Маккани ойдинлатиб, қоронғуликни тарқатиб юборди. Бу нур Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пайғамбарлик нури эди.

Ҳазрати Ҳадича (розийаллоҳу анҳу) қизлари Руқаййа ва Умму Гулсумни ўйлар эди. Умму Жамил ва унинг сўзидан ҳеч чиқмайдиган Абу Лаҳаб хонадонида қизларининг ҳоли не кечади?

Қурайшийлар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хусусида аниқ бир тўхтамга келиш учун тўпландилар. Ораларидан бири:

– Сиз Муҳаммаднинг ишига ҳалақит бермоқчимисиз? У ҳолда қизларини қайтариб юборинглар, у қизлари билан овора бўлиб қолади, – деди.

Абу Лаҳаб Ҳазрати Пайғамбарнинг қизлари билан оила қурган ўғилларига:

— Агар Муҳаммаднинг қизларини қўймасангиз, бошим бошингизга ҳаром бўлсин, – деди.

Икки қиз ҳам оталик уйларига қайтиб келдилар.

Умму Жамил ва Абу Лаҳаб бу ишлари билан чекланиб қолмади. Набийга (алайҳиссалом) доимий равишда азият етказавердилар. «Абу Лаҳабнинг қўллари қуриган — ҳалок бўлгай! (Аниқки,) у қуриди — ҳалок бўлди! Мол-мулки ва касб қилиб топган нарсалари унга асқотгани йўқ! Яқинда унинг ўзи ҳам, унинг ўтин орқалаган, бўйнида пишиқ толадан (эшилган) арқон бўлган хотини ҳам (ловуллаб турган) алангали дўзахга киражак!» (Масад, 1—5).

Қийинчиликлар

Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) самимий ва вафодор завжасига: «Энди бизга уйқу йўқ, эй Ҳадича…» дедилар.

Руқаййа ва Умму Гулсум уйларидаги муҳит ўзгариб қолганини сездилар. Уйда хурсандчиликдан асар ҳам қолмагандай, ғам-қайғу буткул ҳукмрондек кўринар эди. Бироқ опа-сингил ота-оналари билан бирга бу қийинчиликларга бардош бердилар.

Курайшийларнинг тахмини бекор бўлди, севинчлари узоққа бормади. Улар ўйлаганидек, қизларининг уйга қайтиб келиши билан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) буюк вазифаларини адо этишдан тўхтаб қолмадилар. Аллоҳ таоло солиҳ, асл бир оилага мансуб, бой ва юмшоқ табиатли куёв берди. Бу киши Усмон ибн Аффон (розийаллоҳу анҳу) насаб, мавқе ва бойликда Қурайшнинг энг олди кишиларидан эди.

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Руқаййани Усмонга (розийаллоҳу анҳо) никоҳладилар ва уларга баракот тилаб, Аллоҳ таолога дуо қилдилар.

Қурайш мушрикларининг мусулмонларга азиятлари янада ортди. Уларга жуда ёмон муносабатда бўла бошладилар. Шунинг учун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фитнага дучор бўлишмасин деб саҳобаларнинг Ҳабашистонга ҳижрат қилишларига изн бердилар.

Усмон ибн Аффон (розийаллоҳу анҳу) билан завжаси Руқаййа ҳам йўл ҳозирлигини кўра бошладилар. Руқаййанинг кўзлари ёш, калби ғам-алам билан тўла эди. Айрилиқ олдидан отасини, онасини ва қариндошларини бир-бир қучоқлади. Айтмоқчи бўлган гапларини айтолмай, сўзлари бўғзига тиқилди. Унинг бутун ҳолати гўё: «Оиладан, ватандан айрилиш жуда оғир. Руҳ билан тананинг ажралишига ўхшайди. Аллоҳ бу ишимиздан рози бўлсин. Ишончимиз йўлида жонимиз фидо бўлсин», деяётгандек эди.

Усмон (розийаллоҳу анҳу) ҳам жуда хафа эдилар. Сабрли мўмина Руқаййа унга юзланиб, таскин бериш учун:

– Аллоҳ таоло биз билан ва Шу муборак Байтнинг атрофидаги тупроғимизда қолаётган кишилар билан биргадир, — деди.

Ҳазрати Усмонинг (розийаллоҳу анҳу) кайғуси тарқалди. Ҳабашистон томон йўлга

тушдилар.

Нажоший юртида

Муҳожирлар кўп икромларга ноил бўлиб, Нажоший ҳимоясида яшадилар. Уларга истаганларидай ҳаракат ва ибодат эркинлиги берилган эди.

Бир кун Макка мушрикларининг мусулмон бўлгани ҳақида ёлғон хабар келди. Буни эшитиб, ҳасрат чекаётган баъзи муҳожирлар оилаларига қовушиш орзуси билан орқага қайтмоқчи бўлдилар. Бир қисми эса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қайтишга рухсат бергунларига қадар шу ерда қолишга қарор қилдилар.

Усмон ибн Аффон (розийаллоҳу анҳу) ва Рукаййа ҳам Маккага кайтганлар билан бирга эдилар. Ватан тупроқларига оёқ босар-босмас, болалик ва ёшлик йиллари ўтган ерларни кўриб, уларнинг кўзлари севинч ёшларига тўлди.

Руқаййа узоқ айрилиқдан сўнг онасини зиёрат қилиш учун ота уйига ташриф буюрди. Бироқ онасини кўролмади. Ҳамма жим эди, ҳеч ким жавоб бермасди. Аммо кўз ёшларини тутиб туролмадилар. Оқаётган кўзёшлар унга энг тўғри жавобни берган эди. Руқаййа ҳам йиғлади. Бу мусибат ҳам Аллоҳнинг қазо ва қадари эди. Бу аламга ҳам бир мўмина каби сабр этди.

Мадинага ҳижрат

Руқаййанинг Маккада қолиши узоққа чўзилмади. Мушрикларнинг тазйиқи кундан-кун ортиб борарди. Мусулмонлар Мадинага ҳижрат этдилар. Ҳазрати Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам улар билан бирга эдилар. Руқаййага олам-олам қувонч келтирган ўғли Абдуллоҳ Мадинада туғилди. Руқаййа бу фарзандни ўтган кунлардаги мусибат, сиқинти ва исканжалар бадалига берилган мукофот дея қабул этди. Лекин мўмин киши доимо имтиҳон қилинади, унга балолар юборилиб, синалади.

«У сизларнипг қайсиларингиз чиройлироқ яхшироқ амал қилгувчи эканингизни имтиҳон қилиш учун ўлим ва ҳаётни яратган Зотдир. У қудратли ва мағфиратлидир» (Мулк, 2).

Гўдак беланчакда ухлаётганида бир хўроз юзини чўқиб олди. Яраси оғирлиги учун бир неча кундан сўнг ўлди. Руқаййа бу мусибатнинг оғирлигига чидай олмади, ҳушидан кетди. Иситмаси кўтарилиб, безгакка чалинди.

Суюкли эри Усмон (розийаллоҳу анҳу) унинг ёнидан ҳеч айрилмади. Ғам-қайғуни енгиллатиши учун Аллоҳ таолога тинмай дуолар қилди.

Севганидан айрилган ота

Мадинада ансор ва муҳожирлар Шомдан қайтаётан қурайшийларга қарши ҳужумга тайёрланаётган эдилар. Усмон (розийаллоҳу анҳу) ҳам жангга чиқмоқчи бўлди. Лекин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга хаста завжаси Руқаййанинг ёнида қолишни буюрдилар.

Руқаййанинг аҳволи оғирлашиб борарди. Касаллик кучайди. Ниҳоят, дудоқлар орасидан чиқаётган нафас узилиб қолди. Руҳ танни тарк этган эди.

Севимли ёридан айрилиб қолган Усмон (розийаллоҳу анҳу) унинг пешона ва қўлларидан ўпиб, аста юзини ёпар экан, Бадрдан келган чопар мусулмонларнинг зафарини эълон қилди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Усмоннинг (розийаллоҳу анҳу) уйига кирдилар. Руқаййанинг ўлими ҳақидаги хабар қаттиқ таъсир этган эди. Руқаййанинг хонасида йиғлаб ўтирган неваралари Фотимани шафқат ила охиста ўрнидан тургазиб, енглари билан кўз ёшларини артдилар. Ҳозир бўлган аёллар ўзларини тутолмай, йиғлаб юбордилар. Умар (розийаллоҳу анҳу) қамчиси билан уларни урмоқчи бўлди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг қўлидан ушлаб: «Кўздан ва қалбдан нима келса, Аллоҳдан, Унинг марҳаматидандир. Кўл ва тилдан бўлса, шайтондандир», деб уни қайтардилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Бақиъ қабристонига бориб қизлари Руқаййанинг ҳаққига дуо қилдилар. Кабр устига ўз қўллари билан тоза тупроқ ташладилар. Сўнг яна ортга қайтдилар.

Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) икки ҳижрат соҳиби бўлган қизлари Руқаййадан Аллоҳ таоло рози бўлсин. Имони, ҳижрати ва ҳаёти давомида кўрган мусибатлари учун энг гўзал шаклда ажр-мукофотлар берсин. Омин.

Қаҳрамон мўмина аёллар («Мовароуннаҳр», Тошкент, 2005.

Муаллифлар: Аҳмад Абдулжавод, Муҳаммад Умар Дауқ, Муҳаммад Али Қутб)