Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Аёллар сахифаси / ҲАЗРАТИ МАЙМУНА (Мўминлар онаси)

ҲАЗРАТИ МАЙМУНА (Мўминлар онаси)

Ҳазрати Маймунанинг Исломни қабул қилиши дин учун ҳам мусулмонлар учун ҳам хайр ва баракот василаси бўлди. Чунки унинг мусулмон бўлиши узоқ йиллардан бери Исломга қарши уруш эълон қилган баъзи кишилардан жаҳолат пардасини кўтарди, кин ва кибр билан тўла қалбларни тозалади.

Ҳазрати Маймуна (розийалоҳу анҳо) Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уйланган энг сўнгги аёлдир. У пайғамбар хонадонида яшаган қисқа даврда кўнгилга оғир ботувчи ҳеч қандай воқеа рўй бермади. Ҳазрати Пайғамбаримизнинг вафотларидан кейин унинг бутун ҳаёти Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хотираларига ҳурмат ва тақво билан яшашнинг гўзал бир рамзи бўлди.

 

Насаби

Мўминлар онаси Маймуна (розийаллоҳу анҳу) курайшнинг обрў-эътиборли кишиларидан бўлган Ҳорис ибн Ҳилолнинг қизидир. Онаси Макканинг фазилат ва юксак насаби билан

машҳур аёлларидан бири бўлган Ҳинд бинти Авф бўлиб, Холид ибн Валиднинг холасидир.

Маймунанинг Уммул Фазл ва Салма исмли қиз қардошлари бор эди. Набийнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амакиларидан Аббос ибн Абдулмутталиб (розийаллоҳу анҳу) Уммул Фазлга, шаҳидларнинг улуғи Ҳамза ибн Абдулмутталиб (розийалоҳу анҳо) Салмага уйланган эдилар. Шу боис Абдулмутталиб ибн Ҳошим ўғиллари билан Ҳазрати Маймунанинг опа-сингиллари ўртасида аввалдан жуда мустаҳкам қариндошлик ришталари бор эди.

 

Туғилиши

Маймуна Набийнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пайғамбар бўлишларидан олти йил аввал Маккада туғилди.

Исломият келганида ҳали яхши-ёмонни ажрата олмайдиган бир ёш қизча эди. Жоҳилият даврида туғилгани боис ўзлари ясаб олган бугларга сиғинган ота-она тарбиясини олиб, бузуқ эътиқод ва урф-одатлар таъсирида ўсиб-улғайди. Аммо у пайғамбарлик, ваҳий ва шу мавзудаги бошқа нарсалар ҳақида эшитар, тушунишга ҳаракат қилар эди.

 

* * *

Балоғатга етгач, уни Макканинг кўзга кўринган йигитларидан Масъуд ибн Амрга узатишди. У Аббос ибн Абдулмутталибнинг завжаси бўлган опаси Умму Фазлнинг уйига тез-тез бориб турарди. Опасидан Ислом дини, мусулмон муҳожирлар, Бадр ва Уҳуд ғазотлари ҳақидаги хабарларни эшитар, бу воқеалар унинг қалбига бошқача таъсир қилар эди.

 

Ажралиш

Ҳайбар ғазоти ҳақидаги ёлғон хабарни эшитган маккалик қурайш мушриклари жуда севиндилар. Аббос ибн Абдулмутталибга (розийаллоҳу анҳу) азият берувчи сўзлар айтиб, масхаралай бошладилар. Аббос (розийаллоҳу анҳу) маҳзун ҳолда уйига кайтди. Аммо орадан кўп вақт ўтмай, ҳақиқий хабар етиб келди. Мусулмонлар жангда ғалаба қозонган ва яҳудийлар Ҳайбардан қувилган эдилар.

Аббос (розийаллоҳу анҳу) ўрнидан турди, энг чиройли кийимларини кийди. Худди байрамдагидек ясаниб, виқор билан одамлар олдига чиққи. Бу сафар у мушрикларга гапирди. Бироз олдин ёлғон хабарни ёйган киши унинг сўзларини тасдиқлагач, мушриклар жим бўлиб, пушаймонда қолдилар.

Аббос мусулмонларнинг Ҳайбар жангида зафар қозонганини айтаётганида Маймуна опаси Уммул Фазлнинг уйида эди. Бу хабардан унинг ҳам боши осмонга етди. Уйига қайтиб эри Масъуд ибн Амрни тушкун ҳолатда кўрди. Масъуд завжасининг хурсандлигидан аччиқланиб, у билан тортишиб қолди ва охир-оқибат уни тарк этганини айтди. Маймуна ҳам ортиқ унинг олдида қолмай, яна поччаси Аббос ибн Абдумутталибнинг уйига кетди.

 

Қазо умраси

Ҳудайбия сулҳи тузилганига бир йил тўлди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мусулмонлар билан бирга умра ибодатини адо этиш учун Макка томон йўл олдилар. Шаҳарга яқинлашгач, барча мусулмонларни тўхташга буюрдилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ерда жангдагидек бир усул қўллашни режалаштириб, мусулмонларни икки қисмга ажратдилар. Биринчи кисм Каъбани тавоф қилиш учун Маккага кирадиган, иккинчи қисм эса, қуролланган ҳолатда Макка ташқарисида тайёр турадиган, бирор хавф туғилса, мушрикларга ҳужум қиладиган бўлдилар. Ҳаммага вазифалар аниқ бўлгач, яна йўлга чиқишди. Ниҳоят, узоқдан бир йилдирки, кўриш истагида интизор бўлганлари, улар учун эшиклари ёпилган Макка кўринди. Уни кўрар-кўрмас ҳаммаёқни мусулмонларни «Лаббайк Аллоҳумма лаббайк…» деган овозлари тутиб кетди.

Мусулмонлар улуғворлик ва ҳайбат билан Ҳазрати Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) атрофларини ўраб олган эдилар. Ҳамма бир оғиздан такбир ва таҳлил айтарди.

Мусулмонларнинг овозларини эшитганлар тоғларга қараб югурдилар, дарҳол шаҳарни бўшатдилар. Чунки улар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва асҳоби чорасиз кишилардек, неча йиллар илгари қоронғи тунда Маккани тарк этганларидан сўнг, қувватли ва ҳайбатли кўринишда, кечқурун эмас, куппа-кундузи шаҳарга бемалол кириб келишларини тасаввур ҳам қилолмас эдилар.

Маккада фақат эркаклардан бир неча киши, Аллоҳ таоло ва Расулига имон келтирган аёллар қолишди, холос.

 

Маймунанинг таклифи

Маймуна мусулмон бўлган, аммо имонини яширин тутарди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва асҳоби бир қуёшдек Макка уфқларидан кўтарилгач, у жасоратланиб, Аллоҳга имон келтирганини ҳаммага билдирди.

Бу хайрли воқеадан сўнг, Маймуна Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) завжа бўлиш истагида Аббос ибн Абдулмутталибни (розийаллоҳу анҳу) элчи қилиб юборди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг истагини қабул этдилар ва унга маҳр сифатида 400 дирҳам бердилар.

Ҳудайбия сулҳида кўрсатилган уч кунлик муҳлат битди. Қурайшликлар Набийга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) элчи юбориб:

«Маккада қолиш пайтинг тугади, энди чиқиб кет», дедилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кулимсирадилар ва:

«Мени ўз ҳолимга қўйинг. Ундан кўра бир тўй қилиб, сиз учун таом ҳозирлатсам ва тўйимга сиз ҳам келсангиз бўлмайдими?» дедилар.

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Маймунага уйланишлари сабабли Маккада қолиш муддатини узайтирмоқчи ва қурайшликлар билан қайта битим тузишни мўлжаллаган эдилар.

Тўй учун дастурхон тузалди. Қурайшнинг улуғлари таклиф этилди. Улар таклифни қабул этмадилар.

— Сенинг амалингга бизнинг эҳтиёжимиз йўқ. Тезроқ чиқиб кет, — дедилар.

Улар бу гапларни Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Маккада уч кундан ортиқ қолишларидан қўрқишларини яшириш учун айтдилар. Зеро, Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) зиёратлари баъзи кишиларнинг ақли ва руҳига таъсир қилгани кўрина бошлаган эди. Масалан, Маймуна ҳаммадан яшириб келган имонини мусулмонлар Маккага киришлари биланоқ очиқ эълон этди. Устига-устак, Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) завжа бўлди. Бу ҳол мушрикларни ғазаблантирган эди.

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ушбу мажлисда Маймунага уйланганларини эълон қилдилар. Аммо Ҳудайбия сулҳига амал қилиб, жарчини чақириб, дарҳол Мадинага қайтишни эълон қилишни буюрдилар. Маккадан ўн мил узоқлиқдаги Сараф деган жойга келганларида Маймуна (розийаллоҳу анҳу) билан гўшангага кирдилар.

 

Ислом йўлида хайр ва баракотга васила бўлиши

Маккадан чиқаётганларида Маймуна ҳайқириб қурайшийларни мусулмон бўлишга чақирди. Унинг овози қурайшийларга кучли таъсир қилди. Холид ибн Валид шундай деди:

«Энди ҳар бир ақли жойида бўлган одамга очиқ аён бўлдики, Муҳаммад асло сеҳргар ё шоир эмас! У оламлар Роббисининг каломи билан гапиради».

Икрима ибн Абу Жаҳл унинг бу гапларига қўшилмади, Бадрда ўлдирилган яқинларини эслаб, унга қарши чиқди. Холид ибн Валид унга шундай жавоб берди: «Бу сўзларинг жоҳилият иши ва ғуруридандир. Лекин мен, валлоҳи, ҳақ менга аён бўлган замон мусулмон бўлдим…»

Холид ибн Валид Амр ибн Ос билан бирга Мадинага бориб, Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) байъат қилдилар. Уларнинг мусулмон бўлиши билан Ислом янада қувватланди. Шубҳа йўқки, Маймунанинг очиқ мурожаат этиши қурайшдан бир қанча кишиларнинг Исломга киришларига катта таъсир кўрсатган эди.

 

Муборак хонадонда

Маймуна Мадинага келганидан сўнг Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) покиза хонадонларида қадрли завжа бўлиб яшади. Мусулмонлар учун фазилатли она бўлди. Итоатли, самимий, вафодор аёл сифатида завжалик вазифаларини адо этди.

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга Ҳамза ибн Абдулмутталибдан бева қолган опаси Салма билан бирга яшашга изн бердилар. Кейинчалик унинг турмуш қурмаган синглиси Умара ҳам шу хонадонда қолди.

Набийнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) катта қизлари Зайнаб вафот этган йили Маймуна ҳали йигирма беш ёшда эди. У Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тасалли бериб, имкони борича дардларига малҳам бўлишга ҳаракат қилди.

 

Вафо рамзи

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этганларидан сўнг, Маймуна узоқ йиллар соғ-омон яшади. Одам ўғилларининг саййиди, ҳидоят элчиси ва инсониятнинг муаллими бўлган Муҳаммад Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хотираларини ҳурмат қилиб, эллик йилча умрини тақво билан ўтказди. Унинг садоқати, муҳаббати шу қадар самимий эдики, вафот этганидан сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан турмуш қуришган жойга дафн этишларини васият қилди. Шунга кўра уни Сарафга дафн этдилар.

Аллоҳ таоло Ҳазрати Маймуна онамиздан рози бўлсин. Омин!

Қаҳрамон мўмина аёллар («Мовароуннаҳр», Тошкент, 2005.
Муаллифлар: Аҳмад Абдулжавод, Муҳаммад Умар Дауқ, Муҳаммад Али Қутб)

[carousel-horizontal-posts-content-slider]