Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Аёллар сахифаси / ҲАЗРАТИ ҲАФСА БИНТИ УМАР ИБН ХАТТОБ (Мўминлар онаси)

ҲАЗРАТИ ҲАФСА БИНТИ УМАР ИБН ХАТТОБ (Мўминлар онаси)

Ҳазрати Ҳафса (розияллоҳу анҳу) билимли, юксак ахлоқли, иродаси мустаҳкам, садоқатли бир саййида аёл эди. У ҳижратнинг учинчи йили Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) оилаларига қўшилиб, мўминларнинг онаси бўлиш шарафига эришди.

 * * *

Ҳафса (розияллоҳу анҳу) пайғамбарлик келишидан беш йил олдин Маккада туғилди. Отаси Ислом тарихида адолати билан машҳур бўлган иккинчи халифа Ҳазрати Умардир (розияллоҳу анҳу). Онаси Зайнаб Усмон ибн Мазъуннинг синглиси эди. Ҳафса отаси билан бирга Маккада мусулмон бўлди. Асҳобдан Ҳунайс ибн Ҳазофа (розияллоҳу анҳу) билан оила қурди. Илк мусулмонлар сафидан жой олган бу бахтиёр оила Ҳабашистонга, кейинроқ Мадинага ҳижрат қилди.

Ҳунайс (розияллоҳу анҳу) Абдуллоҳ ибн Ҳазофанинг қардошидир. Бадр ва Уҳуд жангларида иштирок этган. Ҳар икки жиҳодда ҳам мардонавор жанг қилди. Уҳудда қаттиқ яраланди. Мадинага қайтгач, шаҳодат шарбатини ичди. Ҳазрати Ҳафса жуда ёш тул қолди.

Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу) қизининг бева қолишини хоҳламас эди. Бир ота ўлароқ, қизини солиҳ бир кишига узатишни орзу қиларди. У бу масалани жуда кўп ўйлади ва Ҳазрати Ҳафсанинг иддаси тугагач, Ҳазрати Усмонга (розияллоҳу анҳу) никоҳлаш мақсадида унинг олдига борди. Ҳазрати Усмон (розиялоҳу анҳо) ҳам бу пайтда ёлғиз қолган эди. Завжаси Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қизлари Руқаййа вафот этган эди. Абдуллоҳ ибн Умар отаси ва Ҳазрати Усмоннинг учрашувини отасидан шундай нақл этади: «Усмон ибн Аффоннинг олдига бордим. Жуда ғамгин кайфиятда экан. Кўнглини кўтариб, тасалли бериш учун унга Ҳафсадан сўз очдим. Хоҳласанг, Ҳафсани сенга никоҳлаб берай, дедим. Усмон дарҳол жавоб бермади. Бу ҳақда ўйлаб кўриш учун муҳлат сўради. Орадан бир неча кун ўтганидан сўнг у билан яна учрашдим. Усмон ҳозирча уйланмаслигини айтиб, узр сўради».

Ҳазрати Умар Абу Бакрга (розияллоҳу анҳу) ҳам шундай таклиф қилмоқчи бўлди. Ҳазрати Умар:

— Эй Абу Бакр, агар истасанг сенга қизим Ҳафсани никоҳлаб берай, — деди.

Ҳазрати Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) индамадилар. Ҳатто бир оғиз сўз ҳам айтмади. Бу ҳолатдан Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу) ранжидилар.

Ҳазрати Умар икки самимий дўстидан ижобий жавоб ололмагач, юраги сиқилганча, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳузурларига кириб, шундай деди:

— Ё Расулуллоҳ! Мен Усмонга ҳайронман. Ҳафсани унга никоҳламоқчи бўлдим, у эса рози бўлмади. Абу Бакр ҳам шундай…

Икки жаҳон қуёши Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) табассум қилиб:

— Ё Умар! Ҳафса Усмондан, Усмон ҳам Ҳафсадан хайрлироқ бўлган бириси билан оила қуради, — дедилар.

Ҳазрати Умар бутунлай ўй-хаёл ичида қолди. Усмондан ҳам хайрли куёв ким бўлиши мумкин? Шу тариқа бир неча кунни ўтказди. Бир куни Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Ҳафсани ўзларига сўраб, Ҳазрати Умарга:

— Сен қизинг Ҳафсани менга никоҳла. Мен эса қизим Умму ГулсумниУсмонга никоҳлайман, — дедилар.

Бу хабардан Ҳазрати Умарнинг боши осмонга етди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бу хабар билан Ҳафсани ўзларига никоҳлаш Аллоҳнинг амри эканини билдирмоқчи бўлдилар. Қисқа фурсат ичида тўй тараддудлари тугалланди. Ҳижратнинг учинчи йили шаъбон ойида Ҳазрати Ҳафса Расули Акрамга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) никоҳланиб, мўминларнинг онаси бўлиш бахтига эришди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бу гўзал ташаббуслари билан уч улуғ саҳобалари ўртасидаги дўстлик-биродарликни, қариндошликни янада мустаҳкамладилар.

Ҳазрати Ойишани никоҳига олиб, Ҳазрати Абу Бакрнинг, Ҳафсани никоҳига олиб эса, Ҳазрати Умарнинт кўнглини кўтардилар. Ҳар иккисининг ҳам қизларини мўминларнинг оналари бўлиш бахтига эриштирдилар.

Ҳазрати Абу Бакр Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳум) билдирган таклифга аниқ жавоб бермагани учун ич-ичидан эзилиб юрган эди. Чунки у бир сирни билар, яъни, Ҳазрати Ҳафса билан Расули Акрамнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) турмуш қуришлари Ҳазрати Абу Бакрга маълум эди. Бу ҳаққа гапириш омонатга хиёнат бўларди. Шу сабабли сукут сақлади.

Никоҳ ўқилгач, Ҳазрати Абу Бакр Ҳазрати Умарнинг олдига келиб, узр сўради ва шундай савол билан мурожаат килди:

— Ҳафсага уйланишимни сўраганингда, жавоб бермаганим учун мендан ранжиган бўлсанг керак?

— Ҳа, — деди Ҳазрати Умар. Шунда Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) бўлиб ўтган воқеани гапириб берди:

— Менга бу масала бўйича гап очганингда, сенга жавоб бермаганимнинг сабаби шуки, Расулуллоҳ Ҳафсага уйланишларини менга айтган эдилар. Албатта, бу сирни сенга ошкор қилолмадим, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Ҳафсага уйланишдан юз кечсалар, шубҳасиз унга уйланардим, — дея Ҳазрати Умарга тасалли берди.

Қандай назокат!.. Қандай яхши адаб!.. Қандай садоқат!.. Мана ҳақиқий Ислом одоби!..

Омонат бир сир… Сукут бир хазинадир… Омонатга риоя ва сукутни ихтиёр этиш инсонга амният ва безакдир…

 * * *

Ҳазрати Ҳафса Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) хонадонларига Савда ва Ойиша оналаримиздан кейин келин бўлиб келди. Саодат уйига келганида у йигирма ёшларда эди. Савда онамиз Ойиша каби уни ҳам буюк бир кўнгил хотиржамлиги ичида қарши олди. Ҳар иккисига ҳам хизмат қилди. Ҳафса ёш бўлишига қарамай, оқила, отаси каби бир сўзли, иродаси мустаҳкам эди.

Хонаи саодатда бу икки ёш оналаримиз Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) хизмат қилишда, гўё мусобақалашаётгандек ғайрат қилар эдилар. Жуда юксак даражада севги-ҳурмат кўрсатар эдилар. Расулуллоҳ бу икки ёш завжалари икки азиз биродарларининг қизи бўлгани боис ҳам имкон борича сабр-тоқат билан муносабатда бўлар, аёллик заифиятларини, ёшликларини ҳисобга олиб, янада марҳаматли, янада шафқатли муомала қилар эдилар. Лекин барчалари аҳли башар эмасми, оғир кунлари ҳам бўлиб турарди.

 * * *

Бир кун Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Зайнаб бинти Жаҳшнинг хонасида асал шарбати ичдилар ва бироз ушланиб қолдилар. Бу ҳолат икки ёш завжаларининг диққатини тортди ва икковлари келишган ҳолда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ёнларига борганларида Ул зоти муборакдан саримсоқ ҳиди келаётганини айтишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) саримсоқ емаганини, асал шарбати ичганларини айтдилар ва:

— Демак, асалари саримсоқ ялаган экан, — деб, бундан сўнг асло асал шарбати ичмасликка қасам ичдилар.

Бу воқеа сабаб бўлиб Аллоҳ таоло Таҳрим сурасининг ушбу оятларини нозил қилди (мазмуни):

«Эй пайғамбар, нега сиз жуфтларингизнинг розилигини истаб, Аллоҳ сиз учун ҳалол қилган нарсани ҳаром қилиб олурсиз?! Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир».

Фахри Коинот Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) завжаларидан айрилиб, хилватга юз бурдилар. Бу тадбир билан ёш завжаларини тарбияламоқчи бўлдилар. Бироқ асҳоб орасида Расулуллоҳ завжалари билан ажрашибдилар, деган сўз тарқалди. Ҳазрати Умар бу хабарни эшитгач, қизи Ҳафсадан бирор хато ўтдимикин деб дарҳол ҳужраи саодатга йўл олди.

Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ичкари киришга изн олгач, кўнгилга таскин берувчи шу сўзларни айтди:

— Ё Расулуллоҳ! Завжаларингиз сабабли қанчалик қайғу чекяпсиз. Шояд, улар билан ажрашсангиз, Аллоҳ ҳам, фаришталари ҳам Сиз билан биргадир. Мен ҳам, Абу Бакр ҳам, мўминлар ҳам Сиз билан бирга…

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) табассум килдилар. Гулдек юзларидан нур сочилди.

— Завжаларим билан ажрашганим йўқ, фақат хилватга кирдим, — дея Ҳазрати Умарнинг қалбига ором берувчи ва мўминларни севинтирувчи сўзларни айтдилар. Ҳазрати Умар масжидга келди ва мусулмонларга вазиятни тушунтириб берди.

 * * *

Ҳазрати Ҳафса табиатан бироз қаттиққўл эди. Ҳазрати Ойиша уни шундай тавсиф этади: «Ҳафса том маънода отасининг қизидир. Мустаҳкам иродаси бор. Бир сўзли ва қатъиятлидир».

Бир куни Расули Акрам Ҳафса онамиз олдида Ҳудайбияда байъат этган асҳобни эслаб:

— Иншааллоҳ, Ҳудайбияда байъат этган асҳобим жаҳаннамга кирмайди, — деб марҳамат қилдилар.

Ҳафса (розияллоҳу анҳу) эса: «Сизлардан ҳар бирингиз унга (жаҳаннамга) тушгувчидирсиз. (Бу) Парвардигорингиз (амрига биноан) вожиб бўлган ҳукмдир», (Марям, 71) оятини ўкиди. Пайғамбаримиз ҳам унга: «Сўнг тақводор бўлган зотларни (ундан) қутқарурмиз ва золим кимсаларни тиз чўккан ҳолларида (жаҳаннамда) қолдирурмиз», (Марям, 72) оятини ўқиб, жавоб бердилар.

Ҳазрати Ҳафса онамиз ибодатда мустаҳкам эди. Кўп намоз ўқир ва нафл рўза тутарди. Унинг ҳаёти ҳам бошқа оналаримиз каби фақирликда ўтди. Ётоқ ўлароқ фойдаланадиган биргина шолчаси бор эди. Ёз кунлари уни тагига тўшар, қишда эса бир тарафини остига тўшаб, бир тарафини устига ёпарди. Кўпинча ейишга нон тополмас эди. Шундай бўлса ҳам сира шикоят қилмас, доим шукр қилиб яшарди. У Расули Акрамга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) садоқат ва муҳаббат билан боғланган эди. Ўзига ҳадя қилинган нарсаларни еб-ичмай, Расулуллоҳга иқром қиларди. Ул зотни доимо ўз нафсидан юксак ва афзал биларди. Бир куни Ҳазрати Ҳафсага бир тулум асал тортиқ қилишди. Расули Акрам унинг хонасига кирганларида, Ҳафса ўша асалдан икром этарди.

 * * *

Ҳазрати Ҳафса Фахри Коинотнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дорулбақога иртихолларидан сўнг ҳам муҳим хизматларни адо этди. Ҳазрати Абу Бакр даврида Қуръони карим оятлари бир ерга тўпланиб, Мусҳаф ҳолига келтирилган эди. Бу ягона нусха Ҳазрати Абу Бакрда турарди. Вафотидан сўнг Ҳазрати Умарнинг назоратига берилди. Ҳазрати Умар ҳам яраланиб, шаҳид бўлгач, қизи Ҳазрати Ҳафса онамизга топширилди. Ҳазрати Ҳафса уни садоқат билан муҳофаза қилди. Ҳазрати Усмон даврида бу нусха кўпайтирилди.

 * * *

Ҳазрати Ҳафса онамиз олтмишга яқин ҳадис ривоят қилган. Ҳижратнинг 45-йили Ҳазрати Муовиянинг халифалиги даврида олтмиш ёшида вафот этди. Жаноза намозини Мадина волийи Марвон ибн Ҳакам ўқиди. Бақиъ қабристонига, мўминлар оналари олдига, абадий истироҳатгоҳига қўйилди. Аллоҳ таоло Ҳазрати Ҳафса онамизни раҳматига олган бўлсин. Омин.

 Қаҳрамон мўмина аёллар («Мовароуннаҳр», Тошкент, 2005.
Муаллифлар: Аҳмад Абдулжавод, Муҳаммад Умар Дауқ, Муҳаммад Али Қутб)