Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Аёллар сахифаси / ҲАЗРАТИ ҲАДИЧА (Мўминлар онаси)

ҲАЗРАТИ ҲАДИЧА (Мўминлар онаси)

Ҳазрати Ҳадича (розийаллоҳу анҳо) Расулулоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) илк завжалари, имон келтириб, «мўминлар онаси» шарафини олган биринчи мусулмон аёлдир.

Ҳазрати Ҳадича исломий даъватнинг бошланишида Пайғамбаримизга далда ва кўмакчи бўлди ва бу даъватнинг собитлик билан ёйилишига ёрдам берди. Бу аёл Набийнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қосим, Абдуллоҳ (Тоййиб ёки Тоҳир), Зайнаб, Руқаййа, Умму Кулсум ва Фотима исмли фарзандларининг волидаи мукаррамасидир.

Оталари Ҳувайлид ибн Асад ибн Қусайй ибн Абдулузза, оналари Заида ибн Асоммнинг қизи Фотима эди. Асоммнинг тўлиқ исми шарифи Жундуб ибн Ҳарм ибн Равоҳа ибн Ҳожар ибн Абд иби Моис ибн Амир ибн Лиай ибн Ғолиб ибн Фиҳрдир.

Ҳазрати Ҳадича ҳижратдан тахминан 68 йил, «Фил воқеа»сидан ўн беш йил олдин шарафли ва хайрли оилада дунёга келдилар. Ёшликларидан юксак ва гўзал ахлоқ эгаси қилиб тарбияландилар. Одобли ва оқила бўлганлари учун уни «Тоҳира» (озода, покиза) деб чақирар эдилар.

Оталари Ҳувайлид Фижор жангидан олдин вафот этди. Шу сабабли марҳумнинг оиласидага барча ишларни Ҳадичанинг амакиси Амр ибн Асад ўз зиммасига олди.

 

Илк турмуш қуришлари

Йиллар ўтди. Ҳадича ўсиб улғайди. Шарафли насаб ва юксак одоб-ахлоққа эга бўлгани учун кўп жойлардан совчилар келар эди. Ҳадича Қусай ибн Абдуддор ўғилларининг иттифоқчиси Тамим қабиласидан Абу Хола ибн Зурора билан турмуш қурди. Хола ва Ҳинд исмли икки фарзанд кўрдилар. Жоҳилият даврида «Умму Ҳинд» (Ҳинднинг онаси) деб куня олган эдилар. Ҳинд узоқ умр кўрди. Ҳазрати Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саодатли замонларига етишди ва мусулмон бўлди. Ҳазрати Алининг (каррамаллоҳу важҳаҳу) халифалик даврларигача яшади. Жамал жангида шаҳид бўлди.

Абу Хола вафот этгач, Ҳадича Маҳзум қабиласидан Отиқ ибн Оиз Абдуллоҳ ибн Умар ибн Маҳзум билан оила қурдилар. Лекин улар ўртасидаги бу турмуш узоқ давом этмади. Шундан сўнг Ҳадича бошқа турмушга чиқмай, фарзанд тарбияси ва тижорат ишлари билан маннул бўлдилар.

 

Савдо сафари

Ҳадичанинг сармоялари жуда катта бўлиб, тижорий ишлари то Шомга қадар ёйилган эди. Шу сабабли карвонга бошчилик қиладиган ишончли ва ҳалол бир кишини ахтарарди. Бу даврга келиб, Абдуллоҳ ўғли Муҳаммад ал-Аминнинг тўғрисўз ва ишончли одам экани бутун Маккада овоза бўлиб кетган эди.

Ҳадича Майсара исмли қулини ўзининг савдо карвонига бошчилик қилиш таклифи билан Муҳаммад ал-Аминнинг уйига юборди. Аминус содиқ бу таклифга розилик билдирдилар.

Карвон Шом сафарига жўнаб кетди. Ҳадича эса уларни интизорлик билан кутиб, Маккада қолди.

Бир куни Майсара хожаси ҳузурига югуриб кирди. Ҳадича карвоннинг эсон-омон қайтганини кўриб, беҳад қувондилар. Майсара бу галги савдо ҳар доимгидан кўра баракотлироқ бўлганини ва сафар давомида содир бўлган бир қанча ҳайратли воқеаларни гапириб берди.

Муҳаммад ал-Аминнинг гўзал ахлоқлари таърифини эшитиб, Ҳадичанинг бу инсонга меҳр-муҳаббати янада кучайди.

 

Хайрли турмуш

Муҳаммад ал-Амин Ҳадичанинг ўй-хаёлларини бутунлай банд қилган эди. «Ажабо, менинг ёшим қирқ ёшда. Муҳаммад ал-Аминнинг ёши йигирма бешда. Мен билан оила қуришга рози бўлармикан?» деган савол Ҳадичага сира тинчлик бермасди.

Ана шундай кунларнинг бирида Ҳадичанинг ҳузурига дугонаси Нафиса бинти Мунйа кириб келди. Нафиса дугонасини қийнаётган саволдан бохабар бўлгач, унга тасалли берди. Иккаласи анча вақт гаплашиб ўтирдилар. Нафиса дугонасининг ҳузуридан чиқиб, тўғри Муҳаммад ал-Аминнинг олдига борди. Салом берганидан сўш, унга:

– Ё Муҳаммад, сенинг уйланишингга нима тўсқинлик қиляпти? — дея савол берди.

Муҳаммад ул-Амин:

– Бунинг учун қўлимда етарли бисотим йўқ, – дедилар. Нафиса кулимсиради ва секингина шундай деди:

– Агар эҳтиёжинг қондирилса, давлатга, гўзаллик ва шараф эгаси бўлган ақлли аёл томонидан таклиф бўлса, ижобат этасанми?

Муҳаммад ал-Амин:

– Ким у? – дея сўрадилар.

– Ҳувайлиднинг қизи Ҳадича…

– Агар у розилик берса, мен ҳам қабул қиламан.

Нафиса дарҳол йўлга тушди. Муҳаммад ал-Амининнг хайрли таклифга рози эканини айтиш учун Ҳадичанинг ҳузурига қушдек учиб кетди. Бу хушхабарни эшитганида Ҳадичанинг ҳам қувончи чексиз эди. Аллоҳ таолонинг унга эҳсон этган бахт, қалбидага пок орзулари ижобатнинг шуқронаси учун фақирларга хайр-эҳсонлар қилди.

Муҳаммад ал-Аминнинг амакилари Абу Толиб, Ҳамза ва Аббос Ҳадича бинти Ҳувайлиднинг уйига совчи бўлиб бордилар. Ҳадичанинг амакиси Амр ибн Асад билан маслаҳатлашиб, Муҳаммад ва Ҳадичанинг никоҳ маросими учун бир кунни тайин қилдилар. Бу хабар бутун Макка аҳлининг қулоғига етиб борди. Никоҳ куни энг аввал Абу Толиб сўзга чиқиб, маросимни очди:

– Бизларни Иброҳимнинг зурриётидан, Исмоилнинг наслидан этган, бизларни Байтнинг қўриқчилари, Ҳарамнинг идорачилари, инсонларнинг ҳаками қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Бу менинг биродаримнинг ўғли Муҳаммад ибн Абдуллоҳдир. У одоб-ахлоқ, фазилат ва ақлда барча кишилардан устундир. Тўғри, унинг давлати оз, лекин бу камчилик ҳисобланмайди. Мол-дунё ҳар нафасда йўқолишга маҳкум бир сояга, қайтариб олиш шарти билан берилган бир омонатга ўхшайди. Жиянимнинг Ҳадича бинти Ҳувайлидга нисбатан рағбати бор. Ҳадича ҳам у ҳақда айни шу фикрдадир…

Абу Толибдан сўнг Ҳадичанинг амакиси Амр ибн Асад сўзга чикди. Муҳаммад ал-Амин ва унинг оила аъзоларига ташаккур ва саломларини айтди. Биродарининг суюкли қизи Ҳадича билан Муҳаммад ал-Аминнинг оила қуришларини қувонч билан қабул этганини эълон килди.

Йигирмата туя кийматида маҳр белгиланди. Келиннинг уйида дастурхонлар ёзилди, қурбонликлар сўйилиб, Макка фақирларига тарқатилди. Шундай қилиб, Ҳадича бинти Ҳувайлид Муҳаммад ал-Аминга завжа бўлди.

Ҳадича Курайш йигитларининг энг гўзали ва энг фазилатлиси билан турмуш қурганидан жуда бахтиёр эди.

Бизга маълумки, бу хайрли никоҳдан олти фарзаид: Қосим, Зайнаб, Руқаййа, Умму Гулсум, Фотима ва Абдуллоҳ туғилдилар.

Қаҳрамон мўмина аёллар («Мовароуннаҳр», Тошкент, 2005.
Муаллифлар: Аҳмад Абдулжавод, Муҳаммад Умар Дауқ, Муҳаммад Али Қутб)

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan