Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ҳазилнинг ҳам меъёри бор!

Ҳазилнинг ҳам меъёри бор!

Динимизда ҳазиллашишнинг ҳам ўз одоби бор.

         Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта мен ҳазил қиламан. Лекин фақат ҳақ сўзни гапираман” деганлар (Имом Табароний ривояти). Демак, киши ўзгалар билан қилаётган муомаласида ҳазиллашиши яхши хислат. Бироқ унинг гуноҳ ва маъсиятга айланмаслиги учун қуйидаги шартларга амал қилиш лозим:

Аввало ҳазилда меъёр бўлиши керак. Уламолар ҳазилни таомга солинадиган тузга ўхшатишган. Меъёрида бўлган ҳазил таомга маза киритган туз каби суҳбатнинг самимий бўлишига хизмат қилади.

         Ҳазил-мутойиба ёлғондан холи бўлиши керак. Аллоҳ таоло айтади: “…ёлғон сўздан ҳам четда бўлингиз!” (Ҳаж сураси, 30-оят)

         Ёлғон сўз инсонлар қалбига озор етишига, ишончсизлик каби иллатларга сабаб бўлади. Шунинг учун гарчи ҳазилдан бўлса хам, ёлғон гапириш ҳаромдир.

         Ҳазил масхара ва камситишларсиз бўлиши керак. Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир аёл келди. Ўзига зарур маълумотларни олгандан кейин чиқиб кетди. Шунда Ойша розияллоҳу анҳу онамиз: “Бўйи пакана эканми?” – дея кулимсирадилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Ойша! Сен ҳозир шундай ёмон сўз айтдинки, агар шу сўзинг денгизга тушса, унинг сувини айнитиб юборарди”, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

         Баъзи ҳазиллар кишиларнинг устидан кулиш, шаклу шамойили, ранги ёки бирор камчилигини масхара қилишдан иборат бўлади. Уламолар айтади: “Инсон Аллоҳ таоло қурган бинодир. Мана шу бинони вайрон қилган киши малъундир”.  Демак, бу ҳазил нафақат инсонни, балки унинг яратувчиси бўлган Аллоҳ таолони масхара қилиш ҳисобланади. Аллоҳ таолонинг Ўзи сақласин!

         Ҳазил-мутойиба шариат хукумларига тил теккизишдан йироқ бўлиши керак. “Шариат қилдан нозик, қиличдан ўткир”, деган гап бежиз айтилмаган. Динимизда ҳукмлар борки, уларни ҳазиллашиб айтиш ҳам чин ҳисобланади. Аҳли илмнинг устидан кулиш эса Аллоҳ таолонинг илм сифатини камситиш, масхара қилишдир.

         Бировнинг нарсасини сўроқсиз олиб ҳазиллашиш ҳам мумкин эмас. Абдуллоҳ ибн Соиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Сизлардан бирингиз ўз биродарининг матосини ҳазиллашиб ҳам, чиндан ҳам беркитмасин. Ким биродарининг хассасини олган бўлса ҳам қайтарсин”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Бировни қўрқитиш, чўчитиш – ҳазил эмас. Ҳазиллашиб бўлса хам мусулмон кишини чўчитиш ҳаром. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан ўтирганларида улардан бири ухлаб қолди. Бир киши арқонни илонга ўхшатиб ухлаган ҳамроҳига теккизди. Шунда у чўчиб уйғониб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қарата: “Мусулмон киши учун бошқа бир мусулмонни чўчитиши ҳалол эмас”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Ҳазил-мутойибада фахш ва уят сўзлар, беҳаё қилиқлар ишлатилмаслиги керак. Аллоҳ таоло айтади: “Албатта имон келтирган кишилар ўртасида ёмон гаплар ёйилишини истайдиган кимсалар учун дунёда ҳам, охиратда ҳам  аламли азоб бордир. (Ҳамма нарсани) Аллоҳ билур, сизлар эса билмассиз” (Нур сураси, 19-оят).

Кишилар хаёлига уят ишларнинг келишига сабаб бўладиган хар қандай гап-сўз ва ҳаракатлар қилиш ҳаромдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин киши гап суқувчи ҳам, кўп ланатловчи ҳам, фахш сўзларни айтувчи ҳам, одобсиз ҳам бўлмайди”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Инсон ҳар кимга ҳам ҳазил қилавермаслиги керак. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ўз ўғлига бундай деди: “Обрўли, ҳурматли кишиларга ҳазил қилма, ўртада ҳасад ва адоват юзага келади. Разил, пасткаш одамга ҳам ҳазил қилма, сенга нисбатан  журъатли бўлиб қолади”.

Хулоса шуки, инсон гапираётган сўзи хоҳ чин, хоҳ ҳазил бўлишидан қатъий назар, унинг сўзларини ёзиб турувчи фаришталар ҳозир турганини, яхши гапларига мукофот, бекорчи ва ёмон  гапларига  азоб берилишини ёддан чиқармаслиги зарур.

Усмон Зуннурайн”  жоме

масжиди имом-хатиби                                                  Қ.Қамбаров