Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ажойиб хотима

Ажойиб хотима

Асли испан бўлган бир америкалик йигит тонг пайти Нью Йоркнинг Бруклин шаҳридаги масжидлардан бирига кириб, биродарларга: «Мен Исломни қабул қилмоқчиман», дебди. Улар унинг кимлигини сўрашибди. У эса: «Мендан ҳеч нарса сўраманглар, фақат мени йўллаб қўйинглар», дебди. Биродарларнинг йўл-йўриқ кўрсатишларидан сўнг йигит ғусл қилиб, шаҳодат калимасини айтиб, мусулмон бўлибди. Сўнг унга намоз ўқишни ўргатишибди. У ғоят ҳушуъ билан намоз ўқибди. Унинг ҳушуъси, саждаси ва намоздаги йиғисини кўриб, масжид аҳли ўзларини жуда ҳақир санаб қолишибди ва унинг ҳолатидан ажабланишибди.

Учинчи куни бир мисрлик биродар у билан ёлғиз қолиб, секин гапга солибди: «Эй биродар! Сенда бир гап бор, менга айтгин», дебди.
Шунда йигит айтибди:
«Мен ўзим насроний хонадонида ўсиб-улғайган, қалбим Масиҳ алайҳиссаломга қаттиқ боғланган эди. Лекин одамларнинг аҳволини кузатиб, мутлақ кўпчилик Масиҳнинг ахлоқидан тамомила бегона бўлиб кетганини кўрдим. Шундан сўнг, Ислом ҳақида қизиқиб кўрдим, у ҳақда ёзилган китобларни ўқидим. Аллоҳ дилимни Исломга очди. Мен сизларнинг олдингизга келган куним тунда чуқур ўй-фикрлар оғушида ухлаб қолибман. Тушимда Масиҳ алайҳиссалом келиб, кўрсаткич бармоқлари билан мана бундай ишора қилиб: «Муҳаммадий бўлгин», дедилар. Шундан сўнг чиқиб, масжид қидирдим ва Аллоҳ мени сизларнинг масжидингизга йўллади».

Мана шу суҳбатдан кейин муаззиннинг ҳуфтон намозига чорловчи азон овози эшитилибди. Ҳалиги йигит ҳам намозхонлар билан сафга турибди. Имом биринчи ракатда сажда қилиб, ўрнидан туриб, иккинчи ракатни бошлабди. Лекин йигит саждадан бош кўтармабди. Ёнидаги одам уни секин туртган экан, йигит ёнига йиқилибди. Билишса, у аллақачон руҳини Аллоҳ жалла ва аълога топшириб бўлган экан. Аллоҳу акбар!!!

Аллоҳ йўлидаги биродарим! Аллоҳ ҳаққи, бу гўзал хотима ҳақида бир ўйланиб кўринг.

Тошкент тумани «Холмуҳаммад ота» жоме масжиди
имом-хатиби Авазхўжа Бахромов тайёрлади.