Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Аждодлар хотираси

Аждодлар хотираси

Ўтганларни ёд этмоқ, борларни қадрига етмоқ биз фарзандларнинг бурчимиздир. Истиқлол туфайли миллий тикланиш даврида қария нуронийларни қадрлаш ишлари олиб борилди. 2002 йилнинг “Қарияларни қадрлаш йили”, 2015 йилнинг мамлакатимизда “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилинганлигини  ҳам савобли ва хайрли ишлардан бири деб қайд этиш ўринлидир. Дарҳақиқат, ёши улуғ отахон-у онахонларни қадр этиш, уларнинг ҳурматини ўрнига қўйиш бизнинг узоқ асрлик урф-одатларимиз, анъаналаримиз, яшаш тарзимизнинг ажралмас бир бўлагига айланган. Бу биринчи навбатда кекса авлод вакилларига бўлган ғамхўрлик ва эътиборни кучайтиришда намоён бўлади. Юртимизда қарияларни қадрлаш, уларнинг турли эҳтиёжларини қондириш мақсадида “Нуроний” жамғармаси ташкил этилган. “Қарияларни қадрлаш йили”, “Кексаларни эъзозлаш йили” муносабати билан махсус давлат дастурлари тузилган.

Динимиз доимо инсонларни бир-бирига яхшилик қилишга буюради. Хусусан, гўдаклар, аёллар ва кексаларга янада кўпроқ эътибор қаратишга чақиради. Кексаларнинг борлиги улкан бахтдир. Уларнинг дуолари туфайли Аллоҳ бизларни турли офатлардан сақлайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Агар ораларингизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганда эди, бошингизга балолар оқиб келарди” (Имом Байҳақий ривояти).

Халқимизнинг бой маънавий меросига назар солсак, азалдан қариялар қадрланиб, эъзозланиб, қадрият даражасида эътироф этилган.

Ўзбекистон Республикаси Конститутциясида “Вояга етмаган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар” (66-модда), деб ёзилган.

Шундай экан, бизлар фахрийларни ёшларга тўғоноқ эмас – суянчиқ, рақиб эмас – устоз, бефарқ эмас – ҳамдард деб билишимиз лозим ва бу миллий ғояларимизда яна ўз ифодасини топди.

Аждодлар меросида авлодлараро кекса ва ёшлар ўртасидаги муносабатлар муҳим ўрин эгаллайди. Ёш авлод бу бой меросдан тўла баҳраманд бўлиши учун, аввало, қарияларни ҳурмат қилишлари, қадрлашлари, ўз фарзандлик бурчларини бажаришликлари лозим бўлади.

Улуғлик умримиз безагига айланади. Ёшингиз бир жойга борганда қилган меҳнатингиз қадр топиши катта бахт. Яратганга шукрки, халқимиз имон-эътиқодли. Меҳр-муҳаббат, оқибат, ғурур, ифтихор қалбимиздан жой олган энг эзгу туйғулар. Улар бизга маънавий рағбат, куч-қавват, руҳий камолот бахш этади. Аммо шу эзгу туйғуларимизни юзага чиқаролмай, эътиқод кўчаларида сарсон кезган даврларимиз ҳам кўп бўлган, фақат истиқлолгина эътиқод меҳварига йўл очди, эзгу-туйғуларимизга қанот бағишлади. Ўзбек деган сўзга нур, виқор берди.

Доно халқимиз инсон ғанимат дейди. Дарҳақиқат, биз учун ота-боболаримиз, фахрийларимизнинг ҳаёти ҳам ғанимат. Қариялар қадр топган юртда меҳр-оқибат, қут-барака, тинчлик-хотиржамлик бўлади.

Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.Каримов 1999 йил 2 мартда 9 майни “Хотира ва қадрлаш куни”, деб эълон қилдилар ва 2001 йил 7 декабрь куни Конститутциямизнинг 9 йиллиги байрамига бағишланган тантанали йиғилишда “Қаерда кексалар бўлса, ўша жойни Аллоҳнинг ўзи асрайди, қариси бор уйнинг париси бор”, деган ҳикматли сўзларни айтдилар.

Маълумки, II Жаҳон уруши йилларида мамлакат бошига келган офатдан ҳеч бир ўлка, вилоят, шаҳар, туман ва қишлоқ четда қолгани йўқ. Тўғри, жанглар бевосита бизнинг ўлкада бўлгани йўқ. Аммо унинг жароҳати етмаган хонадонлар бўлмаган. Ўша суронли йилларда биргина Тошкент вилоятининг ўзидан 200 мингдан зиёд мард ўғлонлар қўлларига қурол олиб жангга кирган эдилар.

Миллатимиз истиқлоли учун тарихда жонларини фидо қилган аждодларимиз, II Жаҳон уруши йилларида ва мустақиллимизни мустаҳкамлаш йўлида шахид кетганларни Аллоҳ рахматига олсин.

Пискент тумани бош имом-хатиби
Зайнилобиддинхон Қудратов