Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ғазабланишдан сақланинг

Ғазабланишдан сақланинг

Мусулмон киши ҳалим, юмшоқ табиатли, дунё ишларида ғазабланмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёвий ишларда жаҳл қилмаганлар.

Инсон жаҳлини жиловлай олмаслиги туфайли ғазаби ақлидан устун келиб, гуноҳ ишларни содир қилади. Натижада, ўзига ва бошқаларга зиён етказиши мумкин. Жаҳл туфайли қалбда ғалаён кўтарилиб, васваса кучаяди. Дастлаб қалбда бошланган ғалаён кейин ташқи кўринишга кўчади. Инсоннинг афт-ангори қўрқинчли тусга киради.

Халқимизда “Жаҳл келса, ақл кетади”, деган нақл бор. Ким ўзидаги ғазабни ютса, унга жаннат лойиқ бўлади. Агар ғазаб келган вақтда фақат Аллоҳ учун ғазабини қайтарса, уни ғазаблантирган кимсани кечирса, Аллоҳ уни яхши кўради ва жаннатга киритади. Бу ҳақда Қуръони Каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

«Бас, (эй, инсонлар!) Сизларга ато этилган нарса(лар) дунё ҳаёти матосидир ва имон келтирган ҳамда ёлғиз Парвардигорларига таваккул қиладиган зотлар учун Аллоҳ ҳузуридаги нарсалар (дунё матоларидан) яхшироқ ва боқийроқдир. Улар катта гуноҳлардан ва бузуқликлардан четланадиган, ғазабланган вақтларида эса кечириб юборадиган зотлардир» (Шўро сураси 36-37-оятлар).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам бунга далиллар келтирилган. Хусусан, Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен: “Эй Аллоҳнинг расули мени жаннатга киргизувчи амалга далолат қилинг”, дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғазаб қилма ва сенга жаннат бўлади”, дедилар (Табароний ривояти).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича: “Агар мусулмонда учта хислат бўлса, Аллоҳ таоло уни яхши кўради, ҳимоя қилади ва авф этади. Булар қуйидагилар:

  1. Парвардигорнинг марҳаматига шукр қилмоқ;
  2. Золимнинг гуноҳидан ўтиш;
  3. Ғазаб ва жаҳлни қайтариш.

Зеро, кимки ўч олишга қодир бўла туриб, халимлик қилса ва ғазабини ютса, Аллоҳ унинг қалбини шодлик ва имонга тўлдиради.

 Бекобод тумани «Улуғбек» жоме масжиди
имом-хатиби Холбоев Х.

 

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan