Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / АЁЛЛАР ИЛМ ОЛИШДА ЭРКАКЛАР БИЛАН ТЕНГДИРЛАР

АЁЛЛАР ИЛМ ОЛИШДА ЭРКАКЛАР БИЛАН ТЕНГДИРЛАР

Ислом динида аёллар масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг оилада, жамиятда ва умуман, ҳаётда муносиб ўринга эга эканликлари баён этилган. Ушбу юксак эътиборни Қуръони каримдаги бир нечта суранинг аёлларга бағишлангани, уларда аёллар масаласи кўтарилгани, аёлларнинг номи билан номланганида ҳам кўриш мумкин.

Аёллар Исломда она, опа-сингил, жуфти ҳалол ва қиз сифатида ҳурматланиб, унга кишига латофатли хилқат, ибо ва ҳаё тимсоли сифатида қаралиб, уни химоя қилиш, асраб-авайлаш лозим эканлиги уқтирилади ва бу вазифа эркакларнинг зиммасига юкланади.

Қиз ота кафтида, аёл эр бағрида ва оналар фарзандлар боши узра кўтарилиб, қадрланиши буюрилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Видолашув ҳажида, жумладан, бундай деганлар: “Бас, аёллар ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар! Чунки сиз уларни Аллоҳнинг омонати ила олгансизлар. Уларнинг фаржларини Аллоҳнинг калимаси ила ҳалол қилиб олгансизлар. Сизлар учун уларнинг зиммасида сиз ёмон кўрган бирор кишига тўшакларингизни бостирмаслик мажбурияти бор. Агар ўшани қилсалар, уларни ачитмайдиган қилиб уринглар. Улар учун сизнинг зиммангизда маъруф йўл билан ризқлари ва кийимлари мажбурияти бор…”» (Имом Муслим ривояти).

Ислом дини эркаклар билан бир қаторда аёлларни хам илму маърифатли бўлишга тарғиб этади. Қуръони каримнинг умумий маънода келган оятлари эркак ва аёлларга бирдек тааллуқли бўлгани боис: “Эй Раббим! Менга илмни зиёда эт!”  (Тоҳо сураси, 114-)оятидан аёллар ҳам илмларини ошириш йўлида саъй-ҳаракат қилмоқлари лозим экани келиб чиқади. Зотан, Пайғамбаримиз алайҳиссалом илм талаб қилиш хар бир мусулмон эркак ва аёлга фарз эканини таъкидлаганлар.

Юртимиз тарихига назар солсак, Нодира, Увайсий, Анбар отин, Бибихоним каби ҳам дунёвий, ҳам диний илмларда илғор бўлган аёлларнинг номларини санаб ўтиш мумкин.

Самарқандлик олима Фотима бинти Муҳаммад Самарқандийни олайлик. У аёл фақиҳалардан бири бўлган. Буюк фақиҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Аҳмад Алоуддин Самарқандийнинг қизи, “уламолар подшоси” деб лақаб олган Алоуддин Косонийнинг турмуш ўртоғи эди. Олима Туркистонда, Шошнинг орқа томонидаги Косон шаҳрида таваллуд топган. У отасидан ҳадис ва фиқҳдан таълим олган. Отасининг машҳур “Туҳфатул фуқаҳо” (“Фақиҳлар туҳфаси”) асарини ёддан билган.

Ислом дини аёл кишини илмли, маърифатли бўлишга буюради. Тарихдан маълум, аёллар ҳам Ислом раҳна­молигида илм ва маданиятнинг энг юқори даражасига кўтарилганлар. Аёллардан машҳур табиблар етишиб чиққан. Мисол учун, турли кўз касалликларини аниқлаб, давосини топган Зайнаб ва Қози Абу Жаъфар Тоф­жолийнинг қизи Уммул Ҳусно араб дунёсининг машҳур табибаларидан ҳисобланган. Карима Утрузия, Сай­йида Нафийса бинти Муҳаммад каби аёл муҳаддислар ҳам бўлган.

Ҳозирда аёллар фақат уйда ўтиришлари керак, илм олмасалар ҳам бўлади, уй юмушларини қилиб, фарзанд тарбияси билан машғул бўлсин, дейдиганларга қарата Ислом мўмину мўминаларга баробар равишда илм олишни тарғиб қилади, деб баралла айта оламиз. Чунки Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Илм олиш мўмин ва мўминага фарздир”, деб марҳамат қилганлар.

Шунингдек, уламолар ва фақиҳлар фарзи айн илмларда аёллар ҳам эркаклар каби тенг ҳуқуқли эканларига ижмо қилишган.

Ал­лоҳ таоло марҳамат қилади: “Ким, у хоҳ эркак бўл­син, хоҳ аёл, мўминлик ҳолида савобли ишлар қил­са, айнан улар жаннатга кирурлар ва уларга хур­мо данагининг ипича ҳам зулм қилинмагай” (Нисо сураси, 124-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйларида қилган барча ишлари, муаммою юриш-туришларини нақл қилишда у зоти шарифнинг покиза аёлларининг ҳиссалари кўп эканини биламиз. Набий алайҳиссаломнинг аёлларидан кўплари шариат аҳкомларини ўргатувчи устоз, Қуръон ёд олган қория, ҳадисларини етказувчи муҳаддиса ва фақиҳа бўлиб, ўткир қобилиятлари, нодир заковатлари билан машҳур бўлганлар. Хусусан, Ойша онамиз мерос масаласида математикани пухта билганлари боис ҳатто баъзи машҳур саҳобалар ҳам мерос тақсимлашда улардан маслаҳат сўрар эдилар. Ислом келгунига қадар каср сон ҳақида кишиларда тушунча бўлмаган. Қуръони каримда мерос масаласида келган ҳукмларни эса Ойша онамиздек пухта биладиган ва тақсим қилиб берадиган фақиҳа бўлмаган.

Баъзи ота-оналар қизларини кўчага чиқармай, ҳеч қаерда ўқитмай, жойи чиқса, тезроқ турмушга бериш ҳақида ўйлашади. Модомики, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг покиза аёллари, муборак оналаримиз аёлларга илм ўргатиш, шариат ҳукмларини етказишда Расули акрам ёнларида туриб, у зотга кўмакдош ва маслакдош бўлганлар.

Ислом дини аёл-қизларни улуғлаб, улар илм олиш ва касб-ҳунар эгаллашда етарлича ҳақ-ҳуқуққа эгалар.

Бу дунёда иззат, охиратда шараф бўлган илмни аёл-қизларимизга ўргатиб, ватанимиз равнавқи йўлида хизмат қиладиган, буюк аждодларимизга мос авлодлардан бўлишларини Яратгандан сўраб қоламиз.

Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,

Янгийўл тумани “Имом Султон” жоме масжиди имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]