Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Агар ҳаё қилмасанг истаганингни қилавер!

Агар ҳаё қилмасанг истаганингни қилавер!

Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамлар нубувватнинг биринчи каломидан идрок қилган нарсалардан бири: «Агар ҳаё қилмасанг истаганингни қилавер», дер», -дедилар» (Бухорий ривояти).

Уламоларимиз Исломнинг мадори деб атаган ҳадиси шарифлардан бири бўлган ушбу ҳадисда инсониятнинг узоқ тарихи давомида Аллоҳ таолонинг барча анбиёлари томонидан ўз умматларига тақдим қилинган энг яхши сифатлардан бири – ҳаё ҳақида сўз кетмоқда. Убайд ибн Занжаваҳнинг ривоятида: «Одамлар нубувватнинг биринчи каломидан шундан бошқани идрок қилманглар», дейилган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Агар ҳаё қилмасанг, истаганингни қилавер», деганларини уламолар икки хил шарҳ қилганлар. Биринчиси – бу жумла нимани истаса, шуни қилаверишга буюриш эмас, аксинча , бу ишни ёмонлаш ва ундан қайтариш маъносидадир. Иккинчиси – бу жумла буйруқ майлида келган бўлса ҳам, хабар маъносини англатади. Яъни ким ҳаё қилмаса, хоҳлаганини қилаверади. Чунки ёмонлик, гуноҳларни қилишдан ман қилувчи омил – ҳаёдир. Кимнинг ҳаёси бўлмаса, турли фахш ва мункар ишларга шўнғиб кетади. Баъзи ҳукамоларнинг айтишларича, Ҳақни танишликнинг меваси учта хислатдадир :

  1. Аллоҳ таолодан ҳаё қилишда;
  2. Аллоҳ таоло йўлида биродарлари билан кўришиб дўст тутинишда;
  3. Аллоҳ таолога дўст бўлишда.

Ҳаёнинг маъноси ва таърифи: «Ҳаё» сўзи луғатда уятсизликнинг тескарисини англатади. Бошқача қилиб айтганда, «Ҳаё» айбдан ва ёмонланишдан қўрқиб, ўзини паст олиш ва ўзгаришдир. Ҳаё иймондандир, чунки иймон ва ҳаё одамни яхшиликка чақиради ва ёмонликдан қайтаради. Аллоҳ таоло Қасос сурасида шундай марҳамат қилади:

فَجَاءَتْهُ إِحْدَاهُمَا تَمْشِي عَلَى اسْتِحْيَاءٍ قَالَتْ إِنَّ أَبِي يَدْعُوكَ لِيَجْزِيَكَ أَجْرَ مَا سَقَيْتَ لَنَا ۚ فَلَمَّا جَاءَهُ وَقَصَّ عَلَيْهِ الْقَصَصَ قَالَ لَا تَخَفْ ۖ نَجَوْتَ مِنَ الْقَوْمِ الظَّالِمِينَ»

Сўнгра, улардан (икки қиздан) бири ҳаё билан юриб келиб: «Отам сени бизларга (қўйларимизни) суғориб берганинг ҳақини бериш учун чақирмоқда»,–деди. Бас, (Мусо Шуайбнинг ҳузурига) келиб, унга ўз қиссасини, сўйлаб бергач, у: «Қўрқмагин! Сен золимлар қавмидан нажот топдинг», – деди. ( 25 оят). Мусо алайҳиссаломнинг олдиларига у қоʻйларини сугʻориб берган икки қизнинг бири ҳаё билан, уялибгина келганлиги ва Шуайб алайҳиссаломнинг қизлари ҳаё асосида тарбия топганлари алоҳида таʼкидналмоқда.

عَن سَعِدِ بنِ يَزِدَ الاَنصاريِّ رضي ﷲ عنه , اَنَّهُ قَالَ النَّبِيُّ صلي ﷲ عليه وسلم:,  اَوصني:قَال اُصيكَ اَن تَستَحييَ من ﷲِ تَعاَليَ, كماَ تَستحيِيَ مِنَ الرَّجُلِ الصَّالِحِ مِن قَومِكَ: (رواه الطَّبَرَنيُّ).

Саъид ибн Зайд Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши: Эй Аллоҳнинг Расули! Менга тавсия қилинг”, – деди. «Сенга ўз қавмингнинг аҳли солиҳаларидан бир кишидан қандай ҳаё қилсанг, Аллоҳ азза ва жалладан ҳам шундай ҳаё қилишингни тавсия қиламан», – дедилар (Табароний ривояти).

Исломи гўзал бўлган банда доимо Аллоҳ таолони кўриб тургандек, бунга қодир бўлмаса, Аллоҳ таоло уни кўриб турганини ҳис қилиб яшайди. Шунинг учун ҳам у доимо Аллоҳ таолодан ҳаё қилади, У Зотнинг амрини тутиб яшайди.

 عنۡ َاَبِي اَيُّب,رضي ﷲ عنه, عنِ النَّبِيِّ صلي ﷲ عليه وسلمَ قال : ارۡبعٌ منۡ سُنَنِ الۡمُرسَلينَ: الۡحَيَاءُ, والتَّعطُّرُ, والسِّواكُ, والنِّكَاحُ.» رواه احمد والتِّرمِذَيُّ.

Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тўрт нарса Расулларнинг суннатларидандир: ҳаё, ҳушбўй сепиш, сивок ва никоҳ», – дедилар» (Аҳмад ва Термизий ривоят қилишган).

Ҳаё инсонни бошқа жонзотлардан ажратиб турадиган сифатлардан биридир. Ҳаё инсонга зийнат ҳисобланган улуғ бир сифатдир. Ҳаё Набийларнинг ҳаммаларига  муштарак сифат бўлган хулқдир. Шунинг учун ҳар бир мўмин- мусулмон ҳаёли бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим. Шу ўринда Мавлоно Жалолиддин Румийнинг ҳикматларини эсга олсак. У зот айтадилар: “Қандай бўлсанг шундай кўрин, Қандай кўринсанг шундай бўл”.

Аллоҳ таоло барча мусулмонларга зоҳирда ва ботинда ҳаёли бўлишларини насиб этсин.

Пискент тумани “Саид ота” жоме масжиди
имом-хатиби Эшонхўжаев Сайдирахим