Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир.

Бош саҳифа / Аёллар сахифаси / ҲАЁ – ИМОНДАНДИР

ҲАЁ – ИМОНДАНДИР

Кийим инсоннинг моддий эҳтиёжларидан бири. Айниқса аёлларимизнинг чиройли, латофатли кўринишлари уларнинг ташқи кўринишига ҳам боғлиқ. Кийим аёлнинг ички олами, маънавияти, қай даражада тарбияли эканлигини ҳам кўрсатади. Ташқи кўриниш инсоннинг диди, табиати ҳақида тасаввур ўйғотади. Покиза, айниқса, янги кийимлар кайфиятимизни кўтаради, кўнглимизни ёриштиради.

Ҳазрати Мир Алишер Навоий: “Яхши сухан жонга оройиш, яхши либос танга оройиш”- деб бежиз айтмаганлар. Кийим кийишнинг дастлабки шарти унинг озода бўлишидир. Қимматбаҳо кийимлар ялтир-юлтир ва ҳоказолар инсоннинг ақл-фаросат каби фазилатларини белгиламайди. Инсонга кийинишига қараб баҳо берадиганлар эса маънавий қашшоқдирлар. Инсон қадр – қийматини унинг тақвоси, яхши амаллари, иймон-эътиқоди белгилайди. Аёл киши ёмон хулқи ва пасткашлик билан номини булғамаса, ҳар қандай ораста кийим ҳам уни жозибали кўрсатади. Ҳозирда айрим аёлларимиз, қизларимиз “мода” кетидан қувиб одобсизлик, ҳаёсизликни тарғиб қилаётганликларини гувоҳи бўлмоқдамиз. Ёшларимизни ғарбдан кириб келаётган “Оммавий маданият” ҳуружидан асраш – биз оналарнинг, ёши улуғ инсонларнинг зиммасида эканлигини унутмаслигимиз лозим. Фарзанднинг бегонаси бўлмайди, кимнинг фарзанди бўлишидан қатъий назар, ўз вақтида панду-насиҳат қилишимиз лозим. Зеро, у кенг томир отиб бошқаларга ҳам таъсир ўтказмаслиги керак. Баҳор фаслидан бошлаб ёшларнинг калта кўйлак, тиззасидан баланд юбка, ярим очиқ-сочиқ юришлари мусулмончилигимизга мутлақо зиддир. Бундай юриш ёшларни кўз, қулоқ, оёқ зиносига етаклаши мумкин. Албатта оналар уйдан ўқишга ёки ишга отланаётган қизларига эътибор бериб кузатсалар, ёшларимиз юқорида айтилганидек “оммавий маданият” кетидан югурмайдилар. Матоларимиз адрас ва атласдан тикилган кийимлар аёлларимизнинг миллий либосини намоён этади. Мутахассислар фикрича, миллий кийимларимиз баданимиз ва саломатлигимизни ҳар жиҳатдан ҳимоя қилишга мослашган экан. Шарқ аёллари деганда биз Нодирабегим, Увайсий, Анбар отин каби иболи, ҳаёли аждодларимизни унутмаслигимиз лозим. Зеро, қиз бола ҳаёси, ибоси билан гўзалдир.

Пайгамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) янги кийим кийсалар ёки алмаштирсалар: “Ё Роббим! Булар билан менинг кўринишимни чиройли қилдинг. Ўзинга ҳамд бўлсин. Энди хулқ одобимни ҳам, амалларимни ҳам шундай гўзал ва ёқимли қилгин” – деб дуо қилганлар.

Шундай тинч осоишта юртда яшаётган эканмиз, шукрона келтириб, барча аёлларимизга Аллоҳ таолодан инсофу тавфиқ беришини сўраймиз.

Ангрен шаҳар бош имом-хатибнинг
хотин-қизлар масаласи бўйича ёрдамчиси
Б. Мадарова