Сўнгра уни битказибичига Ўз (мулкидаги) руҳидан киритдиСизлар учун қулоқ, кўз ва юракларни пайдо қилди. (Бу неъматлар учун) шукрни эса, кам қилурсиз.

Бош саҳифа / Мақолалар / Автобусда топилган ҳикмат

Автобусда топилган ҳикмат

2013-2014 йилнинг қиш фасли. Совуқ ўтган йилларга нисбатан қаттиқроқ келди. Ер юзини кўрмаганимизга ҳам икки ҳафтадан ошди. Йўлларни қалин қор қоплаган. Машиналар юриши бирмунча қийинлашди. Шом арафаси. Кечки совуқ. Яхмалак ва  сирпанчиқ ҳолга келган йўлда автоуловларнинг ҳаракатланиши қийинлашган эди. Кунлар қисқа бўлиб, тез қош қораяр эди. Туман ҳокимлигидаги тадбирдан чиқиб, Тошкент шаҳрининг катта ҳалқа йўлида ҳаракатланувчи Юнусобод туманидан “Чинни бозори” томон юриб кетаётган 121-сонли автобусга чиқдим. Автобус салони ҳам жуда совуқ эди. Унинг орқа ўриндиқларида ўтирган икки кишининг бироз кайфи бордек туюлди. Ҳа, шундай экан.

Улар бир-бирлари билан кўчада кузатилган автоҳалокатлар, уларнинг сабаб ва ечимлари борасида баҳслашиб кетар, сўзлари эса жуда ҳам содда ва қизиқ давом этарди. Шу сабабли уларнинг сўзларини тинглаб кетдим. Шунда уларнинг бири иккинчисига қараб хулоса ўрнида шундай деди:

“Эшитгин, эшит, мени эшит! Агар кўча қаттиқ яхмалак бўлса ҳам қачон тормоз ёки газни қанча босиш керак, қачон рулни қанча буриш керак, шуларни билсанг, бир юз тезликда юрсанг ҳам ҳеч бир жойга урилмасдан манзилинга эсон-омон етиб борасан!”.

Унинг шериги: “Тўғри, лекин…”, дея қизарган бурнини кафти билан ишқалаб қўйди.

Уларнинг сўнги сўзларини эшитиб, хаёлимга қуйидаги фикр келди:

Ҳаётда инсон қадамининг тойилиши ернинг яхмалак ёки сирпанчиқлигидан эмас, оёқ қадамининг нотўғри босилишидан экан. Акс ҳолда барча қоқилган бўлар эди. Зотан ҳаёт йўлларида яхмалак ёки сирпанчиқ бўлмаган йўлнинг ўзи йўқ.

Автобусдан тушар эканман ушбу автобусга чиққаним ва уларнинг суҳбатларига дуч келганимга тасаннолар айтиб, мамнун бўлдим.

Ҳақиқатдан ҳам, айрим инсонлар хато қилиб қоқиладиларда, сабабини эса кимдандир қидиришга интилади.

Аслида инсон ёмонликлардан омонда бўлиши учун аввало ўйлаб кўриши ва маслаҳат қилиши, ўз навбатида эҳтиёткорлик билан иш тутиши ва қадам ташлаши керак эмасми…

Зангиота тумани бош имом-хатиби
НУРАЛИ Мавланов