Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Авиазарбалар остида қолган Шом…

Авиазарбалар остида қолган Шом…

АҚШ президенти Доналд Трампнинг буйруғига биноан Сурияга авиазарбалар берилди. Сабаб – кимёвий қуролдан фойдаланганликдаги гумон.

Баъзи америкалик сиёсатчилар Трампнинг қарорини ноқонуний деб баҳолашган бўлса, баъзилари таҳликали деб эътироф этишди. Таъкидлаш жоизки, қарор зарба беришга оид бўлганлиги учун эмас, балки қонун чиқарувчилар томонидан маъқулланмасдан чиқарилганлиги учун қораланди.

Ҳар не бўлганда ҳам, АҚШ, Буюк Британия ва Франция қуролли кучлари ҳамкорликда Сурия Араб Республикасидаги ҳарбий объектлар ва фуқаролик инфратузилмаларига ракета зарбалари беришди.

Эрон ушбу ҳолатни қаттиқ қоралаб, амалга оширилган зарбалар минтақа учун оғир оқибатларни келтириб чиқаришини билдирди.

Россия Федерацияси президенти Владимир Путин Сурияга берилган авиазарбалар юзасидан Россия БМТ Хавфсизлик кенгашининг шошилинч мажлисини чақиришини билдирди.

“Худди бир йил илгари АҚШ тинч аҳолига заҳарли моддаларни қўллаганликда айблаб Суриядаги Шайрат авиабазасига зарба уюштиргани каби, бу сафар Дамашқ яқинига ҳарбий амалиётни амалга оширди. Россиялик мутахассис-экспертлар воқеа жойидан хлор ёки бошқа заҳарли моддалар қўлланганлиги бўйича из топишмади. Биронта маҳаллий аҳоли вакили кимёвий ҳужум бўлганлигини тасдиқламади”, – дейилади Кремл матбуот хизматининг хабарида.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик кенгашининг тегишли санкциясини олмасдан бундай амалиётни бажариш, БМТ Уставини бузиб, халқаро ҳуқуқ нормалари ва принципларига хилоф равишда терроризмга қарши курашаётган суверен давлатга нисбатан агрессия ишлатиш деб ҳам баҳоланмоқда.

Шунингдек, АҚШ ва унинг ҳамфикрлари томонидан амалга оширилган ушбу ҳаракатлар Суриядаги инқирозни янада чуқурлаштириши, тинч аҳолига азият етказиши, етти йилдан буён аҳолини қийнаб келаётган террорчиларга қўл келиши, қочоқларнинг янги тўлқини вужудга келишига сабаб бўлиши мумкинлиги таъкидланмоқда. Сурияда ҳукм сураётган ҳозирги вазият нафақат ўзи учун, балки бутун дунё муносабатлари учун салбий таъсир кўрсатаётганлиги ҳам эътироф этилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ушбу машъум воқеалардан олдин АҚШ ва Россия президентлари билан Сурия масаласида телефон орқали музокаралар олиб борган эди. “Суриядаги ҳолатни яхшилаш ва тез орада тинчликни таъминлаш бўйича қандай чоралар кўриш лозимлиги ҳақида мулоқот бўлди. Туркия минтақада адоватларга барҳам бериб, юзага келган инқирозни тезроқ бартараф этиш ва тинчликни ўрнатиш лозимлигига чақирди”, – дейилади “Анадолу” агентлиги келтирган хабарда. Туркия президенти АҚШ ва унинг иттифоқдошларини Сурия масаласида эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишга чақирган.

Лекин шунча қарама-қаршиликларга, огоҳлантиришларга қарамасдан, оқибат ўртада, Шом яна авиазарбалар остида қолди…