Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Қаттиқ нон ёхуд аччиқ ҳақиқат (ибратли воқеа)

Қаттиқ нон ёхуд аччиқ ҳақиқат (ибратли воқеа)

Азизлар бир неча йил аввал интернетда бу қиссани ўқиб кўзимга ёш келганди. Атрофимизда шундай Аллоҳнинг шокир бандалари бор, халқимизга ибрат бўлсин деб, йиғинларда, ифторликларда айтганимда кўпчилик ҳам кўзда ёш билан эшитган. Алҳамдулиллаҳ, кўпчилик бундан ибрат олиб савоб умидида атрофдан шундай инсонларни излаб эҳсон қилган. Бўлган воқеа шундай.

Ҳанифа хола деган қўшнимиз бор эди. Чамаси 8-9 ойдан бери маҳаллада ҳаммадан қаттиқ нон сўраб юрадиган бўлиб қолдилар. Сабаби улар: «Деразам тагига қушлар келади, уларга эзиб бераман. Ҳам сизга, ҳам менга савоб бўлар», – дея изоҳлардилар. Ҳанифа хола кулар юзли, ширин сўзли, жуда меҳрибон эди. Охирги пайтларда озиб, бир оз сўлғин бўлиб қолганди. Кўпчилик буни унинг ёлғиз бўлиб қолганига йўйишарди. Қизини узатди, ўғли эса катта шаҳарда ўқирди.

Бугун ойижоним дўлма пиширгандилар. Бир коса дўлмани қўлимга узатиб: «Ҳанифа холангга олиб чиқ, иссиғида еволсинлар», – деди. Эшик қўнғироғини чалдим, Ҳанифа хола оҳиста келиб, секингина:- Ким у?- деб сўрадилар.

-Мен Зайнабман, Ҳанифа хола,- дедим.

-Ҳа қизим, сенмисан, мана очаяпман, – деб эшикни очдилар.

-Ойижоним сизга дўлма бериб юбордилар, иссиғида еркансиз, -дедим. Қўлимдан косани олиб: -Барака топсин, раҳмат,- дедилар.

-Косани бўшатиб берақолинг, бир йўла олиб чиқиб кета қолай,-дедим.

-Ҳа, айтгандай, ҳозир-ҳозир, озгина кутиб тургин қизим,- дедилар ва косани бўшатиш учун ошхонага кириб кетдилар. Очиқ қолган эшикдан ошхона столи устида турган косада эзилган нонларга кўзим тушди. Ҳайрон бўлдим, чунки косада қошиқ ҳам турарди. Қушларга берадиган қаттиқ нонларни ҳозирдан эзиб қўярмиканлар. Қизиқ, ўзи қушларга қаерда нонларни берарканлар, деган хаёллар оғушида турган эдим хола қайтиб чиқиб қолди, Яна бир бор ташаккурини ойимга етказиб қўйишимни тайинлади. Эртаси куни кечгача Ҳанифа холаникида кўрган ҳолатим ҳеч кўз ўнгимдан кетмади. Кун бўйи хаёлим стол устида турган эзилган қаттиқ нонда бўлди. Кечки пайт ойижон нима овқат қилдингиз деб сўрадим. Кеча дўлма эди, бугун суюқда қизим,- дедилар. -Ойижон, майли, суюқ бўлса ҳам шу овқатингиздан бир косага солиб беринг, Ҳанифа холамга олиб чиқиб келай, ёлғизларку, эриниб овқат ҳам пиширмагандирлар, – деб, бир коса овқатни олиб, холаникига чиқдим. Эшик қўнғироғини чалдим, менлигимни билгач, хола эшикни очдилар, оғизларида ниманидир чайнаётган эдилар.

– Холажон, бугун ойижоним суюқ овқат қилибдилар. Шундай бўлсада, Сизга илиниб олиб чиқавердим. Суюқ овқатни ёмон кўрмайсизми ўзи, – дедим маҳмадоналик билан.

– Қизалоғим, неъматнинг яхши ёмони бўларканми?! Албатта, яхши кўраман, – дедиларда, махзун бўлиб қолдилар. Ҳаттоки кўзлари ёшланди, мендан кўз ёшларини яшириш мақсадида косамни бўшатиб беришни баҳона қилиб, ичкарига кириб кетдилар. Мен ҳам чидаб туролмадим, орқаларидан секин кириб бордим. Қарасам, стол устида косада эзилган нон ва бир пиёла сув, яна кеча олиб чиққан дўлмадан 4-5 донаси турарди.

– Ҳанифа хола, тўғрисини айтинг, қаттиқ нонларни ўзингиз еяпсизми? -деб сўрадим овозим қалтираб.

– Ҳа, қизим, – дея йиғлаб юбордилар. Аҳволлари шу даражага тушиб қолибдику, шундан аянчли кўз ёш тўкаяптилар, ўксиниб йиғлаяптилар, деб ўйладим.

– Нимага ахир хола? – деб сўрадим.

– Биласан, аканг ўқияпти. «Ойижон ҳам контрактимга ёрдам бўлар, ҳам рўзғорга», деб бўлиб-бўлиб тўлашга мошина олганди, мана 9 ойдирки нафақам ана шу қарзга кетаяпти. Бу ой охирги ой, қутуламиз, иншаАллоҳ, – дедилар.

– Сиқилманг, холажон. Бу кунлар ўтиб кетади, – дея олдим, халос. Ҳанифа хола кўзларидаги ёшни арта туриб, жилмайдилар ва: – Қизалоғим, сен мени сиқилгандан йиғлаяпти, деб ўйладингми. Асло, ундай эмас. Эртага Рамазон. Кеча олиб чиққан дўлмангни саҳарликда ерман, деб олиб қўйгандим. Рамазонни баракотини қараки, Аллоҳ таоло ҳам саҳарлигимни, ҳам ифторлигимни етказди. Сизлардан Аллоҳ рози бўлсин, – дея кўзда ёш билан дуо қилдилар ва кўрганларимни ҳеч кимга айтмаслигимни тайинладилар. Уйга қайтар эканман, ўзимни йиғидан тўхтата олмадим. Бу ҳолимни кўрган ойим, хайрон қолдилар ва сабабини сўрадилар. Бўлган воқеани айтиб бердим. Фақат Ҳанифа хола ҳеч ким билмаслиги кераклигини тайинлаганларини айтдим. Ойим қўшни аёлларга ҳолатни секингина тушунтирганмилар, ҳар ҳолда ҳар куни бир қўшни Ҳанифа холаникига тансиқ таом пиширганини баҳона қилиб, овқат узатадиган бўлди. Бир куни Ҳанифа холаникига мен ҳам бир косада яна овқат олиб чиқдим. Кўриб хурсанд бўлиб кетдилар.

– Келақол, мунчоқ кўзли қизим, – дедилар эркалаб,- Келақол, гаплашиб ўтир бир оз мен билан, – дедилар. Мен йўк дея олмадим. Ҳанифа хола Рамазон ойининг фазилати хақида тўлқинланиб, тўлиб тошиб гапира кетдилар. Менинг хотирамга, жажжи юрагимга умрбод муҳрланиб қолгани шу бўлди.

– Қизим, эслайсанми, Рамазоннинг файзу барокати хақида сенга айтгандим. Қараки, Аллоҳ таоло ўз Каломида: «Шукр қилсангиз, зиёда қиламан», деган. Рамазон ойи бошлангандан бери уйимга барака кирди. Дастурхонимда ҳар куни турли туман ноз- неъматлар. Аллоҳ таоло Рамазон ойини ана шундай барокатли қилиб қўйганда. Бу ойда жаннат эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади. Шу ойда жон таслим қилишни жуда- жуда хоҳлардим,- дедилар.

Тонгда ойим кўзларида ёш билан мени уйғотдилар.

– Саҳарлик вақти бўлдими? Ия, ойижон нима бўлди, нега йиғлаяпсиз? – деб сўрадим.

 – Ҳанифа холанг жойнамоз устида сажда қилган ҳолида чин дунёга кетибдилар, қизим, – деб, мени бағирларига босиб аччиқ-аччиқ кўз ёш тўкдилар. Қулоқларимга ишонолмасдим. Наҳотки… Наҳотки… «Рамазонда жон таслим қилишни хоҳлайман», деган сўзлари қулоғим остида жаранглайверди.

Болалик хотираларимдан қолган ушбу ибратли воқеани бугунга келиб англаб етмоқдаман, холани Аллоҳ раҳматига олсин.- деб ёзади муаллиф. Аллоҳ рози бўлсин.

Азизлар, барчамизга неъматлар шукрини, Рамазон ойи барокоти, файзини тушунишимиз учун Ҳанифа холадай хокисор инсонлар атрофимизда бор. У инсонларда шукр, қаноат ва сабр фазилати бор. Улар Аллоҳнинг шокр бандаларидир. Хақиқий муҳтож инсонлар бандасидан сўрашга ҳаё қилади, бизлар хушёр бўлиб шундай инсонларни топиб дуоларини олишимиз керак.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир мусулмон оилага хурсандчилик киритса, Аллоҳ таоло мана шу банда учун жаннатдан бошқа нарса мукофот бўлишига рози бўлмайди».- деганлар. Чунки фарз амалларидан кейинги энг махбуб амал, бир мусулмоннинг қалбига хурсандчилик киритишдир. Шундай синовли кунларда  ўзимизга жаннатни вожиб қилиб олиш насиб килсин.

Юртимизда қилинаётган эҳсонлар, дуоларни Аллоҳ таоло даргоҳида қабул қилсин.

Оҳангарон тумани «Четсув» жоме масжиди имом ноиби. Б. Улуғов