Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ҚАТТИҚ НОН (Аччиқ, аммо ҳақиқат… Жуда таъсирли ҳаётий воқеа)

ҚАТТИҚ НОН (Аччиқ, аммо ҳақиқат… Жуда таъсирли ҳаётий воқеа)

Ҳанифа хола деган қўшнимиз бор эди. Чамаси 8-9 ойдан бери маҳаллада ҳаммадан қаттиқ нон сўраб юрадиган бўб қолдилар. Сабабини эса: “Деразам тагига қушлар келади, уларга эзиб бераман. Ҳам сизга, ҳам менга савоб бўлар”, – дея изоҳлардилар.

Ҳанифа хола кулар юзли, ширин сўзли, жуда меҳрибон эди. Охирги пайтларда озиб, бир оз сўлғин бўлиб қолганди. Кўпчилик буни унинг ёлғиз бўлиб қолганига йўйишарди. Қизини узатди, ўғли эса катта шаҳарда ўқирди.

Бугун ойижоним дўлма пиширгандилар. Бир коса дўлмани қўлимга узатиб: “Ҳанифа холангга олиб чиқ, иссиғида еволсинлар”, – деди.

Эшик қўнғироғини чалдим, Ҳанифа хола оҳиста келиб, секингина:

– Ким у? – деб сўрадилар.

– Мен Зайнабман, Ҳанифа хола, – дедим.

– Ҳа қизим, сенмисан, мана очаяпман, – деб эшикни очдилар.

– Ойижоним Сизга дўлма бериб юбордилар, иссиғида еркансиз, – дедим.

Қўлимдан косани олиб:

– Барака топсин, раҳмат, – дедилар.

– Косани бўшатиб берақолинг, бир йўла олиб чиқиб кета қолай, – дедим.

– Ҳа, айтгандай, ҳозир-ҳозир, озгина кутиб тур, – дедилар ва косани бўшатиш учун ошхонага кириб кетдилар. Очиқ қолган эшикдан ошхона столи устида турган косада эзилган нонларга кўзим тушди. Хайрон бўлдим, чунки косада қошиқ ҳам турарди. “Қушларга берадиган қаттиқ нонларни ҳозирдан эзиб қўярмиканлар. Қизиқ, ўзи қушларга қаерда нонларни берарканлар”, деган хаёллар оғушида турган эдим хола қайтиб чиқиб қолди, яна бир бор ташаккурини ойимга етказиб қўйишимни тайинлади.

Эртаси куни кечгача Ҳанифа холаникида кўрган ҳолатим ҳеч кўз ўнгимдан кетмади. Куни бўйи хаёлим стол устида турган эзилган қаттиқ нонда бўлди. Кечки пайт ойимдан нима овқат қилганлигини сўрадим.

– Кеча дўлма эди, бугун суюқда, қизим, – дедилар.

– Ойижон, майли, суюқ бўлса ҳам шу овқатингиздан бир косага солиб беринг, Ҳанифа холамга олиб чиқиб келай, ёлғизлар-ку, эриниб овқат ҳам пиширмагандирлар, – деб, бир коса овқатни олиб, холаникига чиқдим.

Эшик қўнғироғини чалдим, менлигимни билгач, хола эшикни очдилар, оғизларида ниманидир чайнаётган эдилар.

– Холажон, бугун ойижоним суюқ овқат қилибдилар. Шундай бўлса-да, Сизга илиниб олиб чиқавердим. Суюқ овқатни ёмон кўрмайсизми ўзи, – дедим маҳмадоналик билан.

– Қизалоғим, неъматнинг яхши, ёмони бўларканми?! Албатта, яхши кўраман, – дедиларда, маҳзун бўлиб қолдилар. Ҳаттоки кўзлари ёшланди, мендан кўз ёшларини яшириш мақсадида косамни бўшатиб беришни баҳона қилиб, ичкарига кириб кетдилар. Мен ҳам чидаб туролмадим, орқаларидан секин кириб бордим. Қарасам, стол устида косада эзилган нон ва бир пиёла сув, яна кеча олиб чиққан дўлмадан 4-5 донаси турарди.

– Ҳанифа хола, тўғрисини айтинг, қаттиқ нонларни ўзингиз еяпсизми? – деб сўрадим овозим қалтираб.

– Ҳа, қизим, – дея йиғлаб юбордилар.

Аҳволлари шу даражага тушиб қолибди-ку, шундан аянчли кўз ёш тўкяптилар, ўксиниб йиғлаяптилар, деб ўйладим.

– Нимага ахир, хола? – деб сўрадим.

– Биласан, аканг ўқияпти. “Ойижон ҳам контрактимга ёрдам бўлар, ҳам рўзғорга”, деб бўлиб-бўлиб тўлашга машина олганди, мана 9 ойдирки нафақам ана шу қарзга кетаяпти. Бу ой охирги ой, қутуламиз, иншааллоҳ, – дедилар.

– Сиқилманг, холажон. Бу кунлар ўтиб кетади, – дея олдим, холос.

Ҳанифа хола кўзларидаги ёшни арта туриб, жилмайдилар ва:

– Қизалоғим, сен мени сиқилганидан йиғлаяпти, деб ўйладингми. Асло, ундай эмас. Эртага Рамазон. Кеча олиб чиққан дўлмангни саҳарликда ерман, деб олиб қўйгандим. Рамазонни баракотини қараки, Аллоҳ таоло ҳам саҳарлигимни, ҳам ифторлигимни етказди. Сизлардан Аллоҳ рози бўлсин, – дея дуо қилдилар ва кўрганларимни ҳеч кимга айтмаслигимни тайинладилар.

Уйга қайтар эканман, ўзимни йиғидан тўхтата олмадим. Бу ҳолимни кўрган ойим, хайрон қолдилар ва сабабини сўрадилар. Бўлган воқеани айтиб бердим. Фақат Ҳанифа хола ҳеч ким билмаслиги кераклигини таъйинлаганларини айтдим.

Ойим қўшни аёлларга ҳолатни секингина тушунтирганмилар, ҳар ҳолда ҳар куни бир қўшни Ҳанифа холаникига тансиқ таом пиширганини баҳона қилиб, овқат узатадиган бўлди. Бир куни Ҳанифа холаникига мен ҳам бир косада яна овқат олиб чиқдим. Кўриб, хурсанд бўлиб кетдилар.

– Келақол, мунчоқ кўзли қизим, – дедилар эркалаб – Келақол, гаплашиб ўтир бир оз мен билан, – дедилар.

Мен йўқ дея олмадим. Ҳанифа хола Рамазон ҳақида тўлқинланиб, тўлиб-тошиб гапира кетдилар. Менинг хотирамга, жажжи юрагимга умрбод муҳрланиб қолгани шу бўлди:

– Қизим, эслайсанми, Рамазоннинг баракоти ҳақида сенга айтгандим. Қараки, Аллоҳ таоло Ўз Каломида: “Шукр қилсангиз, зиёда қиламан”, деган. Рамазон бошлангандан бери уйимга барака кирди. Дастурхонимда ҳар куни турли-туман ноз-неъматлар. Аллоҳ Рамазонни ана шундай баракотли қилиб қўйган-да. Бу ойда Жаннат эшиклари очилиб, Жаҳаннам эшиклари ёпилади. Шу ойда жон таслим қилишни жуда-жуда хоҳлардим, – дедилар.

Кеча тонгда ойим кўзларида ёш билан мени уйғотдилар.

– Саҳарлик вақти бўлдими? Ия, ойижон нима бўлди, нега йиғлаяпсиз? – деб сўрадим.

– Ҳанифа холанг жойнамоз устида сажда қилган ҳолда чин дунёга кетибдилар, қизим, – деб, мени бағирларига босиб, аччиқ-аччиқ кўз ёш тўкдилар.

Қулоқларимга ишонолмасдим. Наҳотки… Наҳотки… “Рамазонда жон таслим қилишни хоҳлайман”, деган сўзлари қулоғим остида жаранглайверди.

Болалик хотираларимдан қолган ушбу ибратли воқеани бугунга келиб англаб етмоқдаман. Неъмат шукрини, Рамазоннинг баракоти, файзини тушунишимиз учун Ҳанифа холадай ҳокисор инсонларни бизларга қаршилаштирган Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду санолар бўлсин, Ҳанифа холанинг жойлари жаннат, охиратлари обод бўлсин!

Ҳанифа хола каби инсонларнинг ҳаёти биз учун ибрат. Улар ҳеч қачон хотирамиздан ўчмайди…

Шахноза Олимбой қизи таржимаси

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan