Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Асло фақир эмассан!

Асло фақир эмассан!

Аллоҳ таоло инсониятни яратиб, уни чексиз неъматлар билан ризқлантиргандир. Бу ҳақда Қуръони Каримнинг «Наҳл» сураси 18-оятида шундай марҳамат қилинади:

«Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз…»

Баъзи кишилар неъмат сўзини жуда тор маънода тушунадилар. Улар учун неъмат – бу бойлик, улуғ мансаб, шон-шавкат, фарзанд ёки бирор катта орзусининг ушалиши. Эл-юрт тинчлиги, мусаффо осмон, зилол сув, тан соғлиги каби инсоннинг ҳаётини усиз тасаввур қилиб бўлмайдиган нарсаларга эса бепарво бўладилар. Гўёки булар ўзи бўлиши керак бўлган табиий нарсалардек. Аслида неъматларнинг энг улуғлари ҳам шулар эканини ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Ҳолбуки, кишининг дунё ва охирати учун манфаат берадиган ҳар бир нарса борки, инсонга неъмат қилиб берилган мукофотдир. Биз мана шу неъматларни чуқур англаб, қадрига етмоғимиз ва шукур келтирмоғимиз лозимдир.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай марҳамат қилганлар:

«Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан».

Дарҳақиқат, мана шу оддийгина туюлган нарсаларнинг ўзи барчамиз учун энг қимматбаҳо бойлик ва улуғ неъматдир. Аллоҳ таоло томонидан берилган бу неъматларни қадрига етишлик – шукур ва мана шуларни фақатгина савобли, фойдали ишларга сарфлашлик билан бўлади. Афсуски, ҳозирги кунда ўзига берилган юксак неъматларни, яъни вақтини, соғлигини, топган мол-мулкини беҳудага сарфлаётган инсонлар ҳам йўқ эмас. Буни ҳозирда авжига чиқаётган дабдабали тўйлар мисолида кўришимиз мумкин. Бир киши фарзандли бўлади, уни едириб-ичиради, кийинтиради, ўқитиб катта қилади ва зиммасидаги вазифаси бўлмиш турмуш қуриши учун бош-қош бўлади. Аммо нима учун мана шу бир кунлик тўйни деб бор топган мол-мулкини янги ўйлаб топилган ва бирор кишига фойда ҳам келтирмайдиган, аслида маънавий ва моддий зарар бўлган  одатлар учун сарфлаши керак!? Бошқа бир одам шундай хатога йўл қўйса, уни тўхтатиш ўрнига мен сендан қоламанми, деб баъзан гарданга ҳатто катта қарз олиб бўлса ҳам шундай қилишлик аҳмоқлик ва нодонлик эмасми!? Буларнинг бари мақтанчоқлик, мутакаббирлик, исроф, бошқаларга мен ҳам бойман деб кўз-кўз қилишликдан бошқа нарса эмас. Аслида бойлик нима эканини қуйидаги ривоятда чиройли тарзда тушунтириб берилган:

Ривоят қилишларича бир одам камбағаллигидан шикоят қилиб қолди. Шунда унинг дўстларидан бири унга шундай деди:

– Менга қара, ҳозир фақирликдан ҳасрат қиляпсан, сен тилингни менга кесиб бер, эвазига ўн минг динор бераман.

У рози бўлмади. Шунда дўсти яна унга бошқа таклиф айтди:

– Унда икки кўзингни менга сот, ҳаққига ўн минг динор  бераман.

У бунга ҳам кўнмади. Шунда дўсти бошқа йўл кўрсатди:

– Оёқ-қўлингни кесиб олайликда, эвазига ўн минг динор берайлик.

Фақирликдан шикоят қилган одам бунга ҳам рози бўлмади. Шунда дўсти:

– Эй инсофсиз, ҳаёсиз, ношукур одам, ўттиз минг динорга тенг сармоянг бўлатуриб яна фақирман, камбағалман, деб зорланиб юришинг тўғрими? – деди.

Аслида ўйлаб қаралса, юқорида ҳадиси шарифда ва ривоятда келтирилган нарсаларга эга бўлган киши энг бой инсондир ва бу бойлигини бир кунлик тўйга алмашиш эса катта хато. Чунки беҳуда орзу-ҳавасни деб оиласидаги тинчликдан, қарз тўлайман деб соғлигидан, хотиржамлигидан, бор мол-мулкидан ажралиб, у болаларининг бахтига эмас, Аллоҳ томонидан берилган энг буюк неъматлардан маҳрум бўлишга эришади, холос! Бу нарсалар барчамизни ҳозирги кунда хатога йўл қўяётганларга эргашишликка  эмас, уларни тўғри йўлга бошлашликка ундаши лозим.

Аллоҳ таоло бизларни доимо Ўзи берган неъматларнинг қадрига етувчи ва ҳар бир ишда идрок билан йўл тутувчи закий бандаларидан қилсин!

Қибрай тумани бош имом-хатиби М.Миржалилов

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan