Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ҳасад иймоннинг заволи

Ҳасад иймоннинг заволи

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, беҳисоб шукроналар бўлсин!

Пайғамбаримиз Муҳаммад  (САВ)га салому саловотлар бўлсин!

Қалб хасталикларидан бири ҳасаддир. Ҳасад сўзи луғатда арчиш ва шилиш деган маъноларни билдиради. Чунки ҳасад қалбни арчади ва шилади. Уламолар “Ҳасад – бировга етган неъматга рашк билан қараш ва ўша неъматнинг ўз соҳибидан кетиб ҳасадчига (яъни ўзига) етиб келишини қаттиқ хоҳлашдир”, дейдилар. Ҳаётнинг энг майда икир-чикирларидан тортиб, энг баланд чўққиларигача, ҳар нарсада ҳасад бордир. Агар инсон бошқа бир кишига етган неъматдан севиниб, ўша неъматнинг ўз эгасида барқарор бўлишини хоҳлагани ҳолда ўзига ҳам шундай неъмат берилишини тиласа, ҳасад эмас, ҳавас қилган бўлади. Ҳасад катта  гуноҳдир. Ҳавас эса гуноҳ саналмайди. Чунки ҳасадчи бировга ёмонликни раво кўради, ҳавасчи эса бировга етган яхшиликдан хурсанд бўлади ва ўзига ҳам шу каби неъматнинг берилишини орзу қилади. Аллоҳ таоло бир қанча оятларда ҳасадни қоралаган ва ҳасадчининг ҳасадидан паноҳ сўрашга чақирган. У зот Нисо сурасида шундай марҳамат қилади:

“Ёки Аллоҳ одамларга ўз фазлидан берган нарсаларга ҳасад қилмоқдаларми?” (54-оят).

Аллоҳ таоло Фалақ сурасида шундай марҳамат қилади:

“Айт: тонг Роббидан паноҳ сўрайман… у яратган нарсалар ёмонлигидан… ва кириб келган қоронғу кечанинг ёмонлигидан… ва тугунларга дам солувчилар ёмонлигидан… ва ҳасад қилган ҳасадчининг ёмонлигидан (паноҳ сўрайман)” (1-5-оятлар).

Исломда бошқа маънавий жиноятлар қатори ҳасад ҳам қаттиқ қораланади ва катта гуноҳ ҳисобланади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин банданинг ичида Аллоҳнинг йўлидаги (амалда ютилган) чанг ва жаҳаннамнинг олови жам бўлмайди. Бир банданинг ичида иймон билан ҳасад бўлмайди”, дедилар” (Ибн Ҳиббон Ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифда бир банданинг қалбида икки турли  нарса жам бўлмаслигининг хабари берилмоқда.

Демак, иймон билан ҳасад худди олов билан сувдек бир-бирига тамоман зид нарсалар экан. Бири бор жойда иккинчиси бўлмас экан. Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай мархамат қиладилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳасаддан сақланинг! Чунки ҳасад яхшиликларни худди олов ўтинни егандек еб юборади”, дедилар” (Абу Довуд ривояти).

Ҳасадчи инсонинг қилган савоб ишлари бўлса, йўқ бўлиб кетиши ҳамда умуман, ҳасад бор жойда яхшилик қолмаслигини ушбу ҳадисдан тушуниб оламиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳасадчини худди зарарли оловга ўхшатмоқдалар. Ёнғин чиққан ерда олов хамма нарсани еб битирганидек, ҳасад ҳам, аввало, ҳасадчининг ичини куйдиради. Кейин аста аланга олиб, йўлда нима яхшилик бўлса, ҳаммасини куйдириб битиради. Шунинг учун ҳам ҳасадчи шахсга эътибор билан назар солсангиз, унда ҳеч бир яхшилик аломатларини топмайсиз.

Зомра ибн Саълаба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Модомики ҳасад қилмаса, одамлар яхшиликда бардавом бўладилар”, дедилар” (Имом Табароний ривояти).

Демак, ҳасад қилинса, ораларидан яхшилик кўтарилар экан. Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғмабаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай мархамат қиладилар. Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳасад эгаси мендан эмас”, дедилар” (Имом Табароний ривоят қилган).

Яъни, ҳасадчи менинг умматим эмас деганлар. Ўзини билган одам учун бундай ҳолга тушишидан ҳам ортиқроқ бадбахтлик йўқдир.

Ҳасадчининг зарарлари:

  1. Ҳасад Аллоҳ таолонинг ғазабига сабабдир.
  2. Ҳасадгўйнинг қалби ҳасратга тўла бўлади.
  3. Ҳасад ўз эгасининг мартабасини пасайтиради.
  4. Ҳасадчини одам ёмон кўради.
  5. Ҳасад неъматнинг заволига сабаб бўлади.
  6. Ҳасад катта ёмонликларнинг манбаидир.
  7. Ҳасад жамиятни бузувчи чўқмордир.
  8. Ҳасад ахлоқсизлик аломатидир.

Ҳар бир инсон бошқа маънавий жиноятлардан қутула бориш баробарида ҳасад каби катта маънавий жиноятдан ҳам халос бўлиши шарт. Ўшандагина қалб жароҳатидан фориғ бўлади. Биз фарзандларимизни қалби тоза, меҳрга тўла, бошқа инсонларга ҳасад қилиб эмас, ҳавас билан яшашни ва меҳр улашишни, зарарли қалб жароҳатидан узоқроқда бўлишини уқтириб ва онгига сингдириб боришимиз керак бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни ҳидоят йўлидан адаштирмасин. Ўсиб келаётган ёш авлодни баркамол, етук, комил, ватанпарвар, ота-онасига меҳрибон, қалби меҳрга тўла, одамларга яхшилик ва меҳр улашадиган инсонлардан бўлиб етишиб чиқсин. Омин!

Тошкент вилояти Янгийўл тумани “Зайд ибн Собит”
жоме масжиди имом-хатиби Фаррух Абдуллаев