Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Армонли келин

Нодир билан Нигоранинг оила қурганларига ҳам мана бир неча йил бўлди. Аллоҳ буларга қиз фарзанд ҳам берди. Лекин Нигоранинг шунча йил яшаб ҳам, келинлик уйига меҳр қўёлмаётгани қайнотаси билан қайнонасини бир томондан ўйга толдирса, бир томондан ранжитарди. Нигора одобли, самимий бўлишига қарамасдан, барча ишларини ўз Ота-Онаси билан маслаҳатлашган ҳолда қилишини эри ҳам, қайнота-қайнонаси ҳам ҳеч ҳазм қилолмасди. Оқибат, майда-чуйда гап-сўзлар, келишмовчиликлар кўп бўлиб, Нигора қизлик уйига кетди. Вақт ўтиб, орага катта совуқчилик тушди. Қайнота-қайнонаси энди уни ёлғиз ўғли учун келин қилишни хоҳламаслигини айтгач,  Нодир у билан ажрашишга қарор қилди.

Шу машмашалардан сўнг, орадан бир  йилга яқин вақт ўтса-да, совуқ муносабатлар илимади…

Нодирнинг отаси бемор эди. Дарди кучайгандан-кучайиб, охири Яратганга сўнгги омонатини топширди. Қайнотасининг вафотини эшитган Нигоранинг эти музлаб қолди. Охирги пайтларда қилган ишларидан пушаймонлик ҳисси билан қийналиб юрганди. Қизалоғини кўтариб келинлик уйига кириб бориш, қайнота-қайнонасидан кечирим сўраб, эрининг кўнглига йўл топиш, яна бахтиёр ҳаётини давом эттиришни бир неча бора хаёлидан ўтказганди. Лекин, минг афсуски, буни амалга оширишга  бир ўзининг журъати етмади. Атрофда унга далда бўладиган, ёрдам берадиган одам топилмаганди…

Мусибатни эшитган келин бир муддат қотиб қолди. Кейин уни нима бўлса бўлсин, бориб қайнотамнинг жасадидан бўлса ҳам кечирим сўрайман, йўқса бир умрга пушаймонлик ич этимни кемиради, деган фикр қуршаб олди. Шартта қизчасини кўтариб, йўлга тушди…

Мусибат аҳллари  ўзлари билан ўзлари овора, қолаверса, Нигорадан ҳам кечириб бўлмас хатолик ўтмаганлиги боис ҳеч ким уни келганига эътироз билдирмади. Нигора уйга хўнграб йиғлаган ҳолда кириб, қайнотасини сўнгги бор кўрди ва ичида тўлиб кетган, армонли кечиримларини сўради… Афсуски, қайнота унга жавоб қайтара олмасди…

Қилган ишидан минг пушаймонлигини айтиб, қайнонасидан ҳам кечирим сўради. Яқин қариндошлар  Нигорани шу баҳонада уйда қолиши учун ҳаракат қилиб, Нодирни ҳам, қайнонасини ҳам кўндиришди.

Сўнг иккала ёшга насиҳат қилиб қўйишимизни айтиб, Нодир билан Нигорани бизнинг  уйимизга  олиб келишибди. Уларга аслида ҳаётнинг ўзи катта насиҳат қилиб бўлганди… Нигора қайнотасининг хизматини қилиб, розилигини топиб, дуоларини ололмагани учун, кўзларида ёш, қалбида аламли жуда катта изтироб бор эди.

Уларга насиҳатлар қилиб яраштириб ҳам қўйдик…

Улар кетгандан сўнг ўйга толдим. Шу ўринда, келиннинг ота-онаси, атрофидаги яқинларидан ҳам рости жуда ранжидим. Келинку майли, ёшлик қилгандир. Улар ҳаётда кўп нарсани кўришганку. Наҳотки ғурурлари қизларининг бир умрлик армонли ҳаётига тўсқинлик қилган бўлса. Ёки фарзандимизга дўстлик қиламиз деб, ортиқча меҳрибончилик сабаб душманлик қилиб қўйдимикан…

Адоғи йўқ хаёллар…

Нима учун буни қоғозга туширдик?! Сабаби, улуғларимиз бежизга бизга шундай таълим бермаганлар:

Агар ололмасанг ҳаётдан таълим,

Сенга бўлолмайди ҳеч ким муаллим.

Бугун Нодирага ўхшаб Ота-Онасининг уйида араз қилиб ўтирган қанча келинларимиз бор. Уларнинг маслаҳатгўй ота-оналари атрофга бир назар ташлашса, ёмон бўлмасди. Бу ёзганларимиз уларга бир сабоқ бўлсин, уларнинг ҳаётларида ҳам армонли ҳолат юзага келмасин, тезроқ оилалари тиклансин деган мақсадимиз бор.

Зеро, ҳаёт шунақа. Кимнингдир хатоси, кимгадир сабоқ бўлади, аслида.

Миршавкат Тўйчиев

«Беш-каппа»жоме масжиди имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]