Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ҚАРИНДОШЛИК АЛОҚАЛАРИ

ҚАРИНДОШЛИК АЛОҚАЛАРИ

Усмон ибн Аффоннинг озод бўлган қуллари қариндош-уруғчиликни узган инсоннинг аҳволи қандай бўлишлиги ҳақида ривоят қилади:

“Пайшанбадан жумага ўтар кечаси ҳуфтон намозига йиғилиб ўтирган эдик. Шунда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳузуримизга келди, ўтирмади. Тик турган жойида айтди: “Эй биродарлар, ораларингда қариндошдан алоқани узганлар борми? Бир отанинг пуштидан бўлиб, бир онанинг сийнасидан сут эмиб, катта бўлиб, қиёмат дийдор бўлиб, бир-биридан аразлашиб юрганлар борми?”

Ҳеч ким ўрнидан турмади. У иккинчи марта айтди: “Эй биродарлар, қариндошлардан алоқани узган одам борми? Жигарларидан алоқани узганлар борми? Оллоҳнинг саломини  тўхтатганлар борми?”

Учинчи марта: “Эй биродарлар, эшитиб қўйинглар, қариндош-уруғчилик алоқасини узганнинг аҳволи қанақа бўлишлигини айтмоқчи эдим. Ўрнинглардан туринглар, ким бор? Огоҳ бўлинглар, қиёматда бизнинг ёқамиздан олманглар. Жигарчиликнинг доғи қанақа оғир бўлишини мен тушунтириб қўймоқчи эдим. Аразлашиб юрганлар бўлса, ўрнидан турсин. Ким бор?” – деди.

Ҳеч ким турмади. Лекин бир йигит ўрнидан туриб кетди. Чиқиб, тўғри аммасининг ҳузурига борди. Икки йилдан бери аммаси билан аразлашиб, гаплашмас экан. Аммасидан узр сўраб, рози-ризолик олгандан кейин аммаси сўради: “Сени ким бошлаб келди, жигарим, акамнинг ўғли? Кўчада кўрганда жигарим сўрашай десам, тескари қараб кетардинг”.

Шунда ҳалиги йигит деди: “Аммажон, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бир гапни гапирди. “Жигарлардан узилганлар бўлса, ўрнидан турсин”, деди. Жигарчилик алоқасини  узганнинг қиёматдаги аҳволи қанақа бўлишини тушунтириб беришини айтди”. Шу гапнинг ўзи мени қўрқитди. Вужудимни қурқув  босиб кетди. Мендан ўтган бўлса, рози бўлинг. Мени кечиринг”, – деди.

Амма уни кечирганлигини ҳамда  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳузурига бориб, қариндош-уруғчиликни узганнинг аҳволи нима бўлиши ҳақида билиб келишини илтимос қилди. Айнан пайшанбадан жумага ўтар кечаси келганининг нима ҳикмати бор эканлигини билишни истади.

Шунда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг олдига ҳалиги йигитнинг ўзи бориб, аммаси юборганлигини, ярашганлигини айтиб деди: “Лекин бир шартим бор, нимага айнан пайшанбадан жумага ўтар кечаси келдингиз, бунинг ҳикмати нима, қариндош-уруғ алоқасини узганнинг аҳволи қанақа бўлишини айтиб бераман, дегандингиз”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилиб, деди: “Мен Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганман. Пайшанбадан жумага ўтар кечаси бани одам боласининг бир ҳафталик қилган амали ёзиғи фаришталар томонидан  Аллоҳнинг ҳузурига олиб чиқилар экан. Агар Аллоҳ қабул қилинсин деса, қабул бўлар, номаи амалига савоб ёзилар экан. Ўқиган намози, тутган рўзаси, қилган ҳажи, умраси, берган садақаси қабул бўлсин деса, қабул бўларкан. Бир шарти бор экан. Бир одамнинг амали хабата бўлиб, қабул бўлмас экан. Намозга полвон бўлиб пешонаси шилиниб кетган бўлса ҳам, серсадақа бўлса ҳам, жонини риёзатга қўйиб, ҳаж, умра қилган бўлса ҳам, рўзадорликда рўза тутган бўлса ҳам, лекин жигарлардан узилиб кетиб, ярашмасдан ўтган одамнинг қилган амаллари қабул бўлмас экан”.

Жигарчиликнинг шунчалик масъулияти оғир экан. Бир-биридан дунёнинг арзимас сабаблари билан аразлашиб юрган одамларнинг амаллари қабул бўлмаса, бир-бири билан судлашиб юрган жигарларнинг аҳволи нима бўлар экан?! Етти ёт бегоналар келиб ошини еганда, жигарининг хонадонига оёғи етмаган жигарининг аҳволи нима бўлар экан?!

Унутмайлик, ҳар пайшанбадан жумага ўтар кечаси номаи амалимиз Аллоҳнинг ҳузурига чиққан пайтда ҳузурида юзимиз ёруғ бўлиши, жигарларга яхши муносабат-оқибатда бўлиш ҳаммамизга насиб қилсин.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам башорат бериб, бундай деганлар: “Кимни ризқу рўзи кенг ва умри узоқ бўлиши хурсанд этса, бас у силаи раҳм қилсин, яъни қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин”, – дедилар (Имом Бухорий, Муслим ва Термизий ривояти).

Оҳангаран тумани “Четсув” жоме масжиди
имом ноиби Б.Улуғов