Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ҲАР БИР ҚЎЙ ЎЗ ОЁҒИДАН…

ҲАР БИР ҚЎЙ ЎЗ ОЁҒИДАН…

Хорун ар-Рошиднинг дўсти Бахлул Доно: «Эй халойиқ! Гуноҳ ва ёмон ишлардан узоқ бўлинг!» – деб барчага насиҳат қилар экан. Баъзи одамларга бу насиҳат ёқмади. Шу сабаб улар Хорун ар-Рошидга шикоят қилиб келишибди : «Дўстингизнинг насиҳатларидан тўйиб кетдик. Биз гуноҳ иш қилсак унга нима? Ҳар бир қўй ўз оёғидан осилади», – дейишибди.

Хорун ар- Рошид: «Яхши, тушунарли», – дебди ва бир қўйни сўйдириб, кўчага остириб қўйибди. Бир неча кун ўтгач, қўй сасий бошлабди. Ҳаммаёқ сасиб кетибди. Халқ яна  Хорун ар-Рошиднинг олдига келиб : «Бу қўйни бу ердан олиб ташланг. Сассиқ ҳид бизни безор қилди», – дейишибди. Хорун ар-Рошид ўрни келганида шундай дебди: «Сизга нима, ҳар бир қўй ўз оёғидан осилади-ку».

Одамлар шунда ўз хатоларини тушуниб, бошларини эгган ҳолда ортларига қайтишибди.

Ёмонликлар ҳам ёмон ҳидга ўхшайди. Яхши инсонлар жаҳолатга, ҳаром ишларга қаршилик қилиб, жасорат кўрсатмаса, дунё ёмонликларга тўлиб кетади. Шунинг учун ҳар биримиз яхшиликка чақириб, ёмонликлардан қайтариб туришимиз керак. Президентимизнинг «Тўй ва маъракаларни тартибга солиш» тўғрисидаги қарори ўз вақтида чиқди деб ўйлайман. Чунки шу кунгача тўйларимиздаги исрофгарчилик, шуҳратпарастлик, хўжакўрсинчиликлар, «Мен сенга, сен менга тегма», «Ҳар бир қўй ўз оёғи билан осилади» қабилида иш олиб борганлигимиз учун шу ҳолатга келиб қолди.

Исрофгарчиликларга тўхталсак, оддий никоҳ тўйларимиз учун 20-30 миллион сўм ҳеч нарса бўлмай қоляпти. Шу билан кифоялансак ҳам майли, тўйдан кейинги йиғинлар: «Келин салом», «Келин чақирди», «Қуда тушди», ақиқа муносабати билан «Бешик тўйи», «Той базми», келин-куёвларни туғилган кунларидаги совға-саломлар, ўлим бўлган хонадонлардаги маъракаларимиздаги исрофгарчиликлар, хуллас, буларни санасак тугамайди. Гўёки биз дунёга фақат тўй-томоша қилишлик учун келгандекмиз. Ҳафта бошларида туманимизда ҳокимимиз бошчилигида Президентимизнинг «Тўй ва маъракаларни тартибга солиш» тўғрисидаги қарорлари муносабати билан йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда Хотин-қизлар масалалари бўйича туман ҳокимининг ўринбосари қарорни ўқиб эшиттирди.  Шунда тўйлардаги исрофгарчиликлар ҳақида гапирар экан, бир оиланинг икки ёш фарзанди ажрашгани, ажрим сабаби эса қудалар ўртасидаги олди-бердилар бўлганлиги, аниқроқ айтсак, бир тоғора «Табака» олиб келинмаганлиги учун бир оила барбод бўлганлигини айтиб ўтди.

Фарзандларимизга, оилаларга муносабатимиз шу даражада бўлиб қолдими?! Ён атрофга назар ташласак, беморлиги туфайли дорихоналардан қарзи узилмаётган, фарзандларини уйлантира олмаётган, олийгоҳга ўқишга кириб, шартнома тўлов пулларини тўлолмай юрган маҳалладошларимиз бор. Тўйларимизда ҳар хил дабдабабозликка, ким ўзарга мусобақалашмасдан, ихчамлаштириб, муҳтожларнинг ҳолидан хабар олсак, оxиратга заҳира тайёрлаган бўламиз. Шунинг учун Президентимизнинг қарорларига ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқариб амал қилсак, жамиятимиз тинч, янада обод, фаровон бўлади.

Бобомочин“ жоме масжиди имом-хатиби Пўлатов Д.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan