Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ҳар бир ишда ҳикмат бор

Ҳар бир ишда ҳикмат бор

Аксарият ҳолларда гувоҳи бўламизки, эҳтиёжманд оилаларда битта катта мақсад бўлади. У ҳам булса, «Йўқ жойдан “Ол қулим!” – деб Аллоҳ бир бойлик берса-ю, мен ҳам бошқаларга ўхшаб катта-катта эҳсонлар, садақалар ва ҳадялар қилсам”, дейди.

Буни қарангки, «Ҳар бир ишда ҳикмат бор, хайр бор» – деб уламоларимиз бежизга айтмаган экан. Ҳозирда юртимиз бошқа давлатлар сингари синовли кунларни бошидан ўтказмокда. Шундай кунларда уйда ўтирган холатда томорқадан унумли фойдаланишимиз, турли хил сабзавоту мевалар экиб, бу ишимиз билан нафақат ўзимизни, оиламизни, балки яқинларимизни ҳам баҳраманд қилишимиз мумкин. Юртбошимиз томорқадан унумли фойдаланиш ҳақида бежизга жон куйдириб гапирмадилар. Ҳозир эҳсон қилишнинг айни вақти. Ҳар қандай эҳтиёжманд оила ҳам эҳсон қила олади.

Қандай қилиб дейсизми?

Албатта, ўзи етиштирган маҳсулоти билан!!!

Бошқа пайт бўлганда балки сабзавот етиштириб эҳсон килишнинг қиймати бўлмаслиги мумкин эди, аммо ҳозирги карантин вақтида бу айни муддао.

Кўпгина оилаларда эркак ҳам, аёл ҳам ишли бўлганлиги сабабли томорқадан фойдаланишга бўлган қизиқиш жуда суст эди. Буюк Аллох бугун бизга имконият берди. Ҳар бир вақтнинг қадрига етиб, карантин даврида уйда вақтимизни беҳуда ўтказмасдан, ердан унумли фойдаланиб, унга бор меҳримизни бериб уруғ қадасак, кўчат эксак, Аллоҳнинг изни билан ернинг бизга берадиган мукофотини кўрамиз, иншааллоҳ.

Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Қўлингизда кўчат бўлса-ю қиёмат қоим бўлиб қолса, имкон қадар кўчатни экиб қолинг” (Муснади Аҳмад, “Адаб ал-Муфрад”). Шундай экан, азизлар, Аллоҳ азза ва жалла бизга берган имкониятлардан кенг фойдаланайлик. Халқимизга, элимизга нафи тегадиган ишларни қилайлик. Бу борада Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олайлик.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яшашлари ғарибона бўлсада, эҳсонлари шоҳона бўлган.

Азиз юртдошлар!!! Биз мусулмонлар бу синовли кунларни, иншааллоҳ, биргаликда чиройли ҳолатда енгиб ўтамиз. Карантин қоидаларига амал қилайлик ва ўз яқинларимизни соғлиғига беэътибор бўлмайлик.

Қибрай тумани бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Камалова Интизор

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan