Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Қаноат – улкан бойлик

Қаноат – улкан бойлик

Аллоҳ таоло Ўзининг охирги ва мукаммал китоби Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

Эркакми ё аёлми – кимда – ким мўмин бўлган ҳолида бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз (Наҳл сураси 97- оят).

Чин солиҳ мўмин бу дунёда бой ёки камбағал ҳолда яшамасин, барибир, унинг ҳаёти ўзига ёқимли ва мақбулдир. Бой бўлгандаги ҳолати маълум. Борди-ю, у фақирликда яшаётган бўлса ҳам, унда яна бир катта бойлик – қаноат борки, у туфайли ғам-ташвиш тортмайди.

Жобир ибни Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қаноат йўқ бўлмайдиган бойликдир”, – дедилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тақводор бўл! Одамларнинг обиди бўласан, қаноатли бўл! Одамларнинг шукрлиси бўласан, ўзинг яхши кўрган нарсангни одамларга ҳам яхши кўр! Мўмин бўласан, қўшнингга яхшилик қил! Мусулмон бўласан, кулгуни озайтир! Албатта, кулгунинг кўпи қалбни ўлдиради”, – дедилар.

Улуғларимиздан Бишр Хофий айтадилар: “Қаноат – мулкдир, у фақат мўминнинг қалбида жойлашади”.

Ҳақиқатан, мулоҳаза қиладиган бўлсак, қаноат улкан бойлик бўлиб, у фақат ҳақиқий мўмин кишининг қалбида қўним топади. Mўмин бўлмаган одам бу улкан хазинани қалбига сиғдира олмайди, шунинг учун унинг ҳаёти кўпинча серташвиш ўтади. Мўмин киши эса қалбини хотиржам қилиб борига қаноат қилиб яшайди.

Абу Бакр Мароғий: “Оқил – дунё ишини қаноат ва кейинга қолдириш билан, охират ишини хирс ва тезлик билан, дин ишини эса илм ва тиришқоқлик билан бажарадиган кишидир”, – деганлар.

Муҳаммад ибн Али Термизий айтадиларки: “Қаноат – нафснинг тақсим қилинган ризққа рози бўлишидир”.

Яна айтиладики: Кимнинг қаноати кўп бўлса, унинг ҳар бир таоми ёқимли бўлади. Кимки ҳар қандай ҳолатда Аллоҳ таолога қайтса, Аллоҳ уни қаноат билан ризқлантиради.

Қуръони Карим ва маънолар таржимаси, Рисалатул Қушайрия китоби асосида

Янгийўл тумани “Имоми Аъзам” жоме масжиди
имом ноиби Акромов Нуриддин тайёрлади.

[carousel-horizontal-posts-content-slider]