Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Фиқҳ ва фатволар / Аниқлик шак-шубҳа билан йўқолмайди

Аниқлик шак-шубҳа билан йўқолмайди

اليقين لا يزول بالشكّ

«Аниқлик шак-шубҳа билан йўқолмайди»

 Ушбу қоида муҳим шаръий асослардан бири бўлиб, кўплаб фиқҳий хукмларнинг ўзаги ҳисобланади. Унда Ислом шариатидаги енгиллик ва марҳаматнинг кўриниши намоён бўлади. Бу қоидада ишонч асосига тайин қилиш эътиборига кўра, бандалардан қийинчиликни енгиллатиш ва васваса туфайли келиб чиқадиган шак-шубҳани кетказиш мақсад қилинган. Хусусан, таҳорат ва намоз масалаларида…

Маълумки, васваса даволаш қийин бўлган касалликдир. Бу “дард”  қаттиқ хуруж қилган пайтда мукаллаф жуда қийин аҳволда қолади. Вожиб амалларни бажаришда машаққатларга рўбарў келади.

Ушбу фиқҳий қоиданинг асли, Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган саҳиҳ ҳадисдир.

: عن عباد بن تميم عن عبد الله بن زيد بن عاصم المازني رضي الله عنه شُكي إلى النبي صلى الله عليه وسلم الرجل يخيل إليه أنه يجد الشيء في الصلاة ، فقال : لا ينصرف حتى يسمع صوتا أو يجد ريحـا (رواه مسلم)

Аббод ибн Тамим розияллоҳу анҳу амакисидан ривоят қилади.

“Амакиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга намозида бир нарсани топкандай бўладиган кишининг шикоятини етказди. Шунда у зот: “То овозни эшитмагунича ёки ҳидни топмагунича намоздан чиқмасин!” дедилар” (Муслим ривояти).

Фуқаҳолар ушбу ҳадисдан Аниқ нарса шубҳа ила кетмайди”, деган қоидани олганлар.

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисни шарҳлар эканлар, мазкур ҳадис ҳақида шундай дедилар: “Ушбу ҳадис Ислом асосларидан бири бўлиб, ўта муҳим қоидадир. Бу қоидада “Унинг хилофига ҳужжат собит бўлмагунча нарсалар ўз аслича қолаверади. Тўсатдан воқе бўлган шак унга зарар етказа олмайди”, деган мақсад илгари сурилади.

Ушбу фиқҳий қоидадан қуйидаги масалалар чиқариб олинади:

1) Агар либосда нажосат борлигига ишончи комил бўлса-ю, лекин уни қаеридалиги номаълум бўлса, либосни ҳаммасини ювади. Чунки шак (матаяққин) ишончи комил кишининг қалбидан четланмайди.

2) Бир киши янги кийим сотиб олса, унинг пок ёки нопоклигига шубҳа қилса, бундай ҳолда кийим покликка асосланади. Уни ювиш шарт қилинмайди.

3) Агар либосга намлик теккан бўлса-ю, у намлик нима эканлигини билмаса, уни муҳокама қилиб, текшириб кўриш шарт қилинмайди. Ушбу қоидага кўра бир киши кийимида тунда ёки кундузи намлик топди. Уни ҳидлаб кўриши ёки текшириб кўриши вожиб эмас. Нимага ишонч ҳосил қилган бўлса, зарурат тақозосига кўра амал қилади.

4) Агар сувдан унга нажосат тушган ё тушмаганлигида шубҳаланса, бу ҳолда сув покликка кўра ҳукм қилинади. Шунингдек, агар сувга нажосат тушганлигига аниқ ишонган бўлса-ю, кейин нажосат кетган ё кетмаганлиги ҳақида шубҳаланиб қолса, бундай ҳолда сувга нажосат тушганлигига аниқ ишонганлигига кўра ҳукм қилинади.

5) Бир киши бир тошни кўрса, уни ишлатиши жоиздир. Чунки бунга асос унинг асли поклигидир. Шундай бўлса ҳам, уни ё тарк қилиш ёки ювиш мустаҳабдир. Агар у тошни мустаъмал эканлигига ишончи комил бўлса ва уни ювилганлигига шубҳа қилса, уни истеъмол қилиш мумкин эмас. Чунки бундаги асос унда нажосатни борлигидадир.

6) Агар бир киши уч ёки тўрт ракат намоз ўқиганлигида шубҳаланса, ўзи ёлғиз бўлса, намозини аниқ ишонч ҳосил қилган ракати устига бино қилади. Чунки бунда асос – намозни зиммада собитлигидир.

7) Агар каъбани олти ёки етти марта тавоф қилишда ёки шайтонга отиладиган тошни олти ёки еттиталигида шубҳаланиб қолса, ундай ҳолда аниқ ишонган нарсага кўра амал қилади.

8) Бир кишининг бировда қарзи борлигини билган одам бу ҳақда гувоҳлик бериши мумкин, гарчи ўша биров қарзини тўлаганлик эҳтимоли бор бўлса ҳам…

9) Бир кимса бировда қарзи борлигини даъво қилиб, ҳужжат келтирди. У ҳам ушбу қарзни тўлаганлик ҳақида ҳужжат кўрсатди. Қарз борлиги ҳақидаги ҳужжат то қарз тўланганлик ҳақидаги ҳужжатнинг бошқалигини исбот қилмагунча қабул қилинмайди.

10) Таҳорати бор кимса уни синганлиги борасида шубҳага борса, таҳорат синмаган, деб ҳукм қилинади.

 

Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди
имом-хатиби Авазхўжа Бахромов манбалар асосида тайёрлади