Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Масжидлар / Ангрен шаҳри “Қорабоғ” жоме масжиди

Ангрен шаҳри “Қорабоғ” жоме масжиди

Ҳозирда “Қорабоғ” жоме масжиди номи билан юритилаётган Ангрен шаҳри, Лоҳутий кўчасида жойлашган масжид шаҳар аҳолиси учун мўътабар зиё масканидир.

“Қорабоғ” жоме масжиди қурилиши учун Совет Иттифоқининг Дин Ишлари бўйича Қўмитаси томонидан, Москва шаҳрида, 1989 йил 10 март куни 4-сонли далолатнома тузилган. 1989 йил 14 июн куни Ангрен шаҳар Халқ депутатлари ижроия қўмитаси раиси Султонмурод Холмирзаевнинг масжид учун 2 гектар ер ажратиш тўғрисидаги 263-сонли қарори имзоланган.

1990 йилнинг 26 мартида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раисининг ўринбосари Юсуфхон Шокиров ва қози Абдулғани Абдуллоҳ домлалар янги масжиднинг қибласини аниқлаб берганлар. Шу вақтда масжиднинг биринчи ҳайъати тузилиб, қурилиш учун ҳаракат бошланган.

Ангрен-Оҳангарон воҳасида Шўро ҳукумати давридаги мураттаб қори, диний илмлар эгаси, “колхоз”дан нафақага чиққан, 84 ёшли Қосимхон қори Бобохонов масжиднинг биринчи ғиштини қўйиб берган.

Шундай қилиб, 1989-1992 йиллар оралиғида мулла Сиддиқ Фозилжонов, мулла Жўра домло Турматов ҳамда масжид фаоллари бошчилигида халқ ҳашари билан қуриб битказилган.

Ушбу масжид барпо қилинишида Абдуқодир ҳожи Эшбоевнинг хизматлари алоҳида тахсинга сазовордир. Масжид учун ер ажратилишидан бошлаб пойдевор қурилиши, Фарғона водийсидан ғишт олиб келиниши, то масжид битгунга қадар қурилишга бош-қош бўлганлар. Шунингдек, шаҳардаги барча маҳаллалардан вакиллар иштирокида ҳашарлар уюштиришда жонбозлик кўрсатганлар. Масжидга қилган хизматлари инобатга олиниб, истиқлолимизнинг дастлабки йилларида имтиёзли равишда Ҳаж зиёратига юборилганлар.

Дастлаб 1993 йил Тошкент вилояти Адлия Бошқармаси ҳайъати мажлиси қарори билан ўша йилнинг 13 май куни рўйхатдан ўтказилган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1998 йил 1 майдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги” қонунига асосан, ўша йилнинг 11 август куни қайта рўйхатдан ўтказилган ва 23-сонли гувоҳнома берилган.

Ангрен шаҳар «Қорабоғ» жоме масжидини ўша пайтда Ўзбекистон мусулмонлари идорасини бошқарган муҳтарам шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари тантанали равишда очиб, илк намозни адо этиб берганлар ва масжидга эсдалик учун гилам совға қилганлар.

“Қорабоғ” жоме масжидининг умумий биноси 1572 кв.м ни ташкил этади. Шундан, 1028 кв.м, 309 кв.м. масжид таҳоратхонаси ва 235 кв.м майдонга 6 хонадан иборат ходимлар хизмат хоналари жойлашган. Масжиднинг баландлиги 6,9 м, таг қисми эса тўлиқ ертўла қилинган. Таҳоратхонада 24 та хона ва таҳорат қилиш учун 24 та нуқта мавжуд бўлиб, бир вақтнинг ўзида 48 кишига хизмат кўрсатади.

Бу масжидда йиллар давомида мулла Сиддиқ Фозилжонов, Жакбаров Абдулқодир домла, Турматов Хайрулла ҳамда Бабохонов Яхъёхон қорилар имом хатиб бўлиб хизмат қилдилар. Ҳозирги кунда “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртини тамомлаган Бойниёзов Ҳусниддин қори имом-хатиблик қилмоқда.