Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Маърифий ислом / ҚАНДАЙ КИБРЛАНИШИНГ МУМКИН?!

ҚАНДАЙ КИБРЛАНИШИНГ МУМКИН?!

Эй одам боласи, бавл (сийдик) йўлидан икки марта чиққан бўлсанг, қандай қилиб кибрланишинг мумкин?!

Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ

Шарҳ: Кибр, такаббурлик, манманлик бир маънода қўлланилади. Ҳадиси шарифда баён қилинганидек, ҳақни тан олмаслик ва ўзини бошқалардан устун қўйиш, ўзгаларга паст назар билан қараш ҳақиқий кибр ҳисобланади. Шундай оғир гуноҳлар борки, тўғри йўлдаги инсонни ҳам гумроҳликка етаклайди, адашган инсонни эса, ҳеч қачон тўғри йўл топишига имкон бермайди. Ана шундай оғир гуноҳлардан бири кибрдир.

Кибр инсон кўзини кўр қилиб қўяди. Мутакаббир ҳақиқатларни тан олмайди. Билиб турса-да, қабул қилмайди. Натижада, ўзининг гумроҳлигида давом этаверади.

Мутакаббир бошқа инсонларни ўзидан қуйида деб билади. Уларга паст назар билан қарайди. Инсонларга ранги, миллати, мансаби, ойлиги, молу дунёсига қараб муомала қилади. Ўзи бандаи ожиз бўлгани ҳолда ўзгаларга бурнини кўтарса, ўзини устун деб билса, шайтоннинг укаси бўлади. Чунки шайтон энг биринчилардан бўлиб тукаббурлик қилган эди. Оламлар Робби Аллоҳ таоло шайтонга “Сажда қил”, деб буюрганида шайтон: “Лойдан яратганингга сажда қиламанми?” – деб сажда қилишдан бош тортди.

Шайтон оловдан яралган эди. Ўзини лойдан яратилган Инсондан устун деб билди. Бу ерда асосий эътибор қаратишимиз керак бўлган жиҳат шуки, шайтон яратган Роббининг буйруғига итоат қилмади, ўзи билан инсонни солиштириб кўрди ва ҳалок бўлди. Энг аввалги қиёс қилган жонзот шайтон ҳисобланади.

Эй биродарим, нима учун ҳатто салом беришда ҳам одамларни ажратасиз, ахир аслимиз нимадан эканини унутиб қўйдингизми?! Одамзот икки бавл ўрнидан – бири отасидан шаҳват билан, иккинчиси онасидан машаққат билан чиққан эмасми?!

Одамларга насабингиз билан кибрланманг! Зеро, аслимиз оёқ остидаги тупроқдан бўлса!

Одамларга чиройингиз билан ҳам кибрланманг! Зеро, ботинимиз ҳавас қилгудек даражада гўзалми?! Ахир тозаликка бироз риоя қилмасак, чиройимиздан асар ҳам қолмаслиги аниқ-ку!

Одамларга молу дунёингиз билан ҳам ғурурланманг! Зеро, молу дунё бугун бор, эртага йўқ бўлиши мумкинлигини наҳот билмасак!

Одамларга илмингиз билан ҳам кибрланманг! Зеро, илм жаннат гарови эмас, балки ўз зараримизга ҳужжат бўлиб қолиши ҳам мумкин-ку! Олимнинг гуноҳга қўл уриши Аллоҳ таолонинг наздида илмсиз инсоннинг маъсиятидан оғир саналади.

Эй Одам боласи, зинҳор кибр қилма, зеро, бу борлиқнинг буюк Робби бор. Кибрга ҳақли ягона Зот – Ўзидир.

Эй Одам боласи, кибрланма! Дунёнинг охири қабрдир. Сени кибр сари етаклаётган барча нарса вафот этишинг билан завол топади. Сен эса, бир парча кафанга ўралиб, маконингга ёлғиз кирасан.

Инсон ўзида кибр бор ёки йўқ эканини қаердан билади?

Одатда кўпчилик инсон ўзини кибрли деб санамайди, бундай сифати борлигини ҳис қилмайди. Атрофидагиларнинг унга қулоқ солиши, ёру дўстларининг ҳам унинг сўзларидан чиқмаслиги, оиласидагиларнинг доим унга эътирозсиз итоат қилиши, тоинки инсон ҳаётида ўзининг қарашлари, фикрлари, ҳаёт тарзига қарама қарши чиқадиган кишига йўлиқмагунича, ўзида бу сифат бор ёки йўқ эканини у қадар пайқамаслиги мумкин?

Ёки кўпчилик ўзидаги ёмон сифатлар ҳақида тафаккур қилмаган, ўзининг устида ҳисоб-китоб қилиб юрмаган, кибр, манманлик тўғрисида умуман ўйлаб ҳам кўрмаган бўлади.

Шунинг учун кибр сифати бор эканини билишнинг йўли – ўзига ҳақ гапни айтган инсоннинг гапини қабул қилиш ёки қабул қилмасликда намоён бўлади. Агар ўша инсоннинг мартабаси, бойлиги, обрўси, ёшидан қатъий назар ҳақ гапини қабул қилса, ўзида кибр йўқ эканини билдиради.

Тортишиб қолганида, гап талашганида ёки қўл остидаги инсон бирор нарса ўргатиб қўйганида ё унинг олдида эркин юрганида ўзида ҳеч қандай ўзгаришни ҳис қилмаса, ундай инсон кибрли бўлмайди. Агар ўша тортишаётган кишини ёки қўл остидаги инсонларни ўзидан паст деб билиб, қўпол муомалада бўлса ёки обрўсидан фойдаланиб иккинчи томонни ер билан битта қилиб юборса, одамлар уни кўрганида унга талпинмай, қалбан нафрат билан кўзидан йироқроққа қочишга уринса, бундай инсонда кибр аломатлари бор экани маълум бўлади.

Ундай инсон дарҳол ўз устида ишлаб, кибрни йўқ қиладиган омилларга қўл уриши, ҳар қандай инсон билан самимий муносабатда бўлиши, одамларни ажратмасдан бирдай чиройли муомолама қилиши лозим бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдек Зот камтарин, саҳобалардек зотлар тавозели бўлганлари, нақадар камтарин ҳаёт кечирганлари, обрўли, аслзода, бой-бадавлат, илмли, чиройли, тақводор бўлишса-да, ўрнак оладиган даражада серҳиммат ва хушмуомала соҳиблари эканлари, умуман олганда, уларнинг умр йўлларини ўрганиш даркор. Шундагина аста-секинлик билан ўзидаги кибр каби ёмон иллат чекиниб, йўқолиб боради.

Камтарлик баъзан банда Парвардигорининг улуғлигини мушоҳада қилиши натижасида юзага келиши мумкин. Айнан шу ҳақиқий камтарликдир. Чунки у нафсни хотиржам қилади, манманликни кетказади ҳамда инсон табиатидаги худбинлик ва кибр дарахтини илдизи билан суғуриб ташлайди. Натижада, банда ғурур ва кеккайишни бутунлай тарк этади. Баъзида камтарлик банда ўз нафсидаги айб ва нуқсонларни кўрган пайтда пайдо бўлиши мумкин. Бу турдаги камтарлик эса банданинг фазилат даражаларига кўтарилишига кўмаклашади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам камтар инсонларнинг гултожи эдилар.

Аллоҳ таоло барчамизни Пайғамбар алайҳиссаломдан гўзал ўрнак олишимизга муваффақ қилсин.

“Солиҳ ва солиҳалардан насиҳатлар”. Таржимон: Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ

[carousel-horizontal-posts-content-slider]