Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ҳандақ жанги

Ҳандақ жанги

 Ҳижратнинг бешинчи йили шаввол ойида Раҳмоннинг дўстлари билан Шайтоннинг лашкарлари тўқнашди. Бунинг сабаби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Назир яҳудийларини содир этган хиёнатлари туфайли Мадинадан кўчирдилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўч олиш мақсадида мусулмонларга қарши урушишга гиж-гижлаб ўз одамларини Қурайш ва Ғатфон қабилаларига юбордилар.

Яҳудийларнинг шум ниятлари амалга ошиб, ҳар тарафдан одамлар тўплана бошлади. Қурайшдан тўрт минг аскар, Ғатфон қабиласидан минг отлиқ, Бани Муррадан тўрт юз, Бани Ашжаъ ва Бани Сулайм қабилаларидан етти юз жангчи йиғилди. Улардан ташқари Бани Асад ва бошқа қабилалардан ҳам аскарлар келиб Аҳзобга (фирқа, гуруҳлар) қўшилар эди. Ниҳоят мусулмонларга қарши бош кўтарган  душманнинг сони ўн мингга етди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу хабарни эшитгач, саҳобалар билан душманга қарши жанг қилиш учун Мадинадан ташқарига чиқиш ёки шаҳар ичида жанг қилиш ҳақида маслаҳатлашдилар. Форсда кўп жангларни кўрган Салмон Форсий розияллоҳу анҳу келаётган душманни йўлини тўсиш учун ҳандақ қазиш режасини ўртага ташлади. Унинг бу режаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга маъқул тушиб, Мадинанинг шарқий ва ғарбий томонидаги икки тоғ орасида ҳандақ қазишга амр қилдилар. Уч минг мусулмонга бош бўлиб, ҳандақ кавлашда шахсан ўзлари иштирок этдилар. Ўша куни саҳобалар қаттик чарчоқ ва очликни бошдан кечирдилар.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтади: “Биз ҳандақ кавлаётган эдик, ногоҳ қазиш йўлидан бир катта ҳарсанг тош чиқди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб, “Эй Аллоҳнинг расули, ҳандақ қазишда мана бу ҳарсанг тошга дуч келдик”, дедик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ўша тошга рўбарў келган жойни кавлашга киришдилар, оч қолганларидан қоринларига тош боғлаб олган эдилар, чунки биз уч кундан бери туз ҳам тотмаган эдик. Ул зот қўлларига чўқморни олиб, ўша тошни урдилар. Баногоҳ у ҳайбатли ва ўта қаттиқ тош майда-майда қум каби титилиб кетди.

Жобир розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ижозат сўраб уйимга бордим. Хотинимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдаги сабр–матонатни айтиб бердим. Ундан:

– Уйда бирор егулик борми? – деб сўрадим.

У озгина арпа билан эчки гўшти борлигини айтди. Гўштни пишириб, арпани ун қилиб, ундан нон тайёрладикда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келтирдим.

– Эй Аллоҳнинг расули, ушбу таомдан ўзингиз ва яна бир икки киши тановул қилиб олинглар, – дедим.

– У нима? (яъни қандай таом) – деб сўрадилар. Мен:

– Арпа унидан нон ва эчки гўштидан тайёрланган таом, – дедим.

– Жуда яхши, – дедиларда, ишлаётган муҳожирлар ва ансорийларни чақирдилар. Уларнинг ҳар бирига нондан ушатиб берар, гўштдан бир бўлагини узатар эдилар. Ҳар сафар товоқдан бир бўлак гўшт олганларида шунча миқдор гўштни ўрни тўлиб қолар эди. Муҳожирлару ансорлар тўйдилар, ҳатто товоқдаги таом ортиб ҳам қолди.

Ўша куни мусулмонлар учун жуда қийин кун бўлди. Бу ҳам етмагандек, Мадинанинг шарқида жойлашган Бану Қурайзалик яҳудийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тузилган тинчлик битимини буздилар.

Ушбу ҳолат Қуръони Каримда қуйидагича тасвирланган:

{ إِذْ جَاءُوكُمْ مِنْ فَوْقِكُمْ } يعني الأحزاب { وَمِنْ أَسْفَلَ مِنْكُمْ } يعني بني قريظة { وَإِذْ زَاغَتِ الْأَبْصَارُ وَبَلَغَتِ الْقُلُوبُ الْحَنَاجِرَ وَتَظُنُّونَ بِاللَّهِ الظُّنُونَ }{ هُنَالِكَ ابْتُلِيَ الْمُؤْمِنُونَ وَزُلْزِلُوا زِلْزَالًا شَدِيدًا }

«Ўшанда улар сизларнинг юқори томонингиздан ҳам, сизлардан қуйи (томон)дан ҳам (бостириб) келган эдилар. Ўшанда кўзлар тиниб, юраклар бўғизга тиқилиб қолган ва сизлар Аллоҳ ҳақида (турли) гумонлар қила бошлаган эдингиз. Ана ўша жойда мўминлар имтиҳон қилиндилар ва (даҳшат ва хавф-хатардан) қаттиқ ларзага тушдилар» (Аҳзоб сураси 10-11-оятлар).

Ўшанда инсонлар икки тоифага бўлиндилар.

“Ўшанда мунофиқлар ва дилларида иллат бўлган (эътиқодлари заиф) кимсалар: “Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бизларга фақат ёлғон ваъда қилган эканлар”, – дея бошладилар” (Аҳзоб сураси 12-оят).

Ўшанда улардан бир тоифаси деди: «Эй, Ясриб (Мадина) аҳли! Сизлар учун (бу қадар кўп сонли ёвга қарши) туриш имкони йўқдир. Бас, (ўз уйларингизга) қайтиб кетингиз!» Улардан яна бир гуруҳи эса: «Уйларимиз очиқ-сочиқ», – деб Пайғамбардан изн сўрадилар. Ҳолбуки, (уйлари) очиқ-сочиқ эмас эди. Улар фақат (жангдан) қочишнигина истардилар (Аҳзоб сураси 13-оят).

Кофирларнинг қўшинлари Мадинани қарийиб бир ой қамал қилиб турдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳдан мадад сўраб дуо қилдилар. Аллоҳ таоло кучли шамолни юборди. Аёвсиз эсган шиддатли бўрон мушрикларнинг чодирларини қўпориб ташлади, оловларини ўчирди ва қалбларига қўрқув солди.

Қуръони Каримда Аллоҳ таоло ўшанда мўминларга берган неъматини эслатиб шундай дейди.

{ يَاأَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اذْكُرُوا نِعْمَةَ اللَّهِ عَلَيْكُمْ إِذْ جَاءَتْكُمْ جُنُودٌ فَأَرْسَلْنَا عَلَيْهِمْ رِيحًا وَجُنُودًا لَمْ تَرَوْهَا وَكَانَ اللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ بَصِيرًا }

“Эй, имон келтирганлар! Сизларга (қарши) қўшинлар келган пайтда Биз уларнинг устига шамол ва сизлар кўрмаган қўшинлар (фаришталар)ни юборганимизни – Аллоҳнинг сизларга берган неъматини эслангиз!* Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчи зотдир” (Аҳзоб сураси  9-оят).

Сўнг фирқалардан тузилган душманлар ортларига чекиндилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳдини бузган хиёнаткор қавм, Бану Қурайзага қарши юриш қилдилар. Уларни йигирма беш кун давомида қамал қилдилар. Аллоҳ таоло уларнинг қалбларига қўрқув солгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга одам юбориб, Саъд ибн Муознинг қарорига кўнишларини билдирдилар. Бунинг сабаби, Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу Авс қабиласининг саййиди, қолаверса, жоҳилият даврида Бану Қурайзанинг иттифоқдошдаридан бири эди. Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу Ҳандақ жангида елкасидан камон ўқи билан жароҳат олган эди. У Аллоҳдан аҳдини бузган Бану Қурайзанинг жазоланишини кўриб кўзлари қувонмагунча жонини олмаслигини сўраб дуо қилган эди. Аллоҳ таоло унинг дуосини ижобат қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бану Қурайза устидан хукм чикариш учун Мадинадан Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳуни чақиртирдилар. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келгач:

– Анавилар – яҳудийларга ишора қилиб – сенинг хукминга рози бўлибдилар. Улар учун ўзинг истаган хукмни чиқар, – дедилар.

– Мен чиқарадиган қарорим билан ҳукм ижро этиладими? – деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Ҳа, – дедилар.

– Шунча кишилар туриб – а? – деб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида турган улуғ саҳобаларга ишора қилди.

– Ҳа, – дедилар.

– Ундай бўлса, менинг қарорим, жангчиларини қатл қилиб, моллари ва бола – чақаларини асир олишлик… – деди.

– Дарҳақиқат, сен улар ҳақида етти қат осмон устида Аллоҳ чиқарган ҳукм билан ҳукм чиқардинг, – дедилар. Сўнг Бану Қурайза устидан чикарилган хукмни ижро этишга амр қилдилар.

Шундай қилиб, Ислом тарихидаги бу ғазот буюк ғалаба билан якун топди. Мусулмонларга етган кийинчилик, машаққат ва хавф–хатардан кейин тинчлик ва омонликка эришдилар. Чунки улар риёкорлик, мутаассиблик ёки бошқалар олдида нималарга қодир эканликларини кўз–кўз қилиш учун эмас, аксинча, ҳақни рўёбга чиқариш, ботилга чек қўйиш, Аллоҳнинг динини олий қилиш учун курашдилар. Шунинг учун Аллоҳ улар билан бирга бўлди. Ўзининг нусрати ила қўллаб қувватлади.

 فَاعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ مَوْلَاكُمْ نِعْمَ الْمَوْلَى وَنِعْمَ النَّصِيرُ

 Билиб қўйингизки, Аллоҳ хожангиздир. (У) нақадар яхши хожа ва нақадар яхши мададкордир! (Анфол сураси 40-оят)

 Қуръони Карим Ҳандақ урушининг тугашига шундай баҳо беради:

 “Аллоҳ кофирларни дарғазаб ҳолда қайтарди. Улар бирор яхшилик (фойда)га эришмадилар. Аллоҳ мўъминларга жанг тўғрисида кифоя қилди (мўминларни жангсиз ғолиб қилди). Аллоҳ кучли ва қудратли зотдир (Аҳзоб сураси 25-оят).

 

 Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди
имом-хатиби Авазхўжа Бахромов манбалар асосида тайёрлади