Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Аёллар сахифаси / Ҳанафий мазҳабида аёлларнинг ўрни

Ҳанафий мазҳабида аёлларнинг ўрни

Аёл – оила чароғбони, фарзандлар ҳомийси, фаровон, гўзал ҳаёт гарови, хонадон файзидир.  Исломда ҳам аёл мўътабар зот сифатида эъзозланади. Шу боис, аёллар ҳуқуқи Ислом динида диққатга сазовор масалалардан бири ҳисобланади.

Қадимдан аҳли сунна вал-жамоага мансуб тўрт мазҳаб мужтаҳидлари ва фақиҳлари шу масалага алоҳида эътибор бериб, ўз қарашларини баён қилганлар. Ҳанафий мазҳаби уламолари ҳам аёллар ҳақидаги масалаларга бағишланган маҳр, никоҳ, талоқ ҳақида кўплаб китоблар ёзганлар.

Буюк фақиҳ Бурҳонуддин Марғинонийнинг «Ҳидоя» асарида аёлларга бағишланган фиқҳий масалалар ҳам ўз аксини топганини кўриш мумкин. Қуйида Ҳанафий мазҳаби фақиҳлари ёзган асарлардан олинган аёллар мавзусига доир баъзи масалалар устида тўхталиб ўтамиз.

Ислом динида аёлларнинг ҳам фикр-мулоҳазаларини инобатга олиш назарда тутилади ҳамда бунинг муҳимлиги таъкидланади.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом даврларида ҳам аёллар диний, ижтимоий, иқтисодий соҳаларга тааллуқли масалаларда у зотга мурожаат этганлар ва ўз фикрларини билдирганлар.

Ҳанафий мазҳабига кўра аёл тўла мустақил шахс саналади. У ўз номидан шартнома тузиши, мерос олиши ва қолдириши мумкин. У ўз мулкини эркин тасарруф этиши, маҳр, мерос ва бошқа хусусий мулкларидан эркин сарф-ҳаражат қилиш ҳуқуқига ҳам эга.

Маълумки, оила никоҳга киришиш билан қонуний ҳисобланади. Никоҳ эса икки томоннинг розилиги билан бўлиши лозим.

Ҳанафий мазҳабида аёлни турмушга беришда ўзидан изн сўралади. У эр танлаш эркинлигига эга. Бу хусусда шундай ҳадис ворид бўлган: «Жувон ўзи хусусида ҳомийсидан ҳақлироқдир. Бокирадан эса ўзи хусусида изн сўралади. Унинг изни эса сукутдир» .

Аёл савдо-сотиқ билан шуғулланиши ёки бирор ишни юргизиши мумкин. Унинг бу фаолиятига эридан бошқа ҳеч ким эътироз билдира олмайди.

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг қизлари Асмо ҳам тирикчилик қилишда эрига ёрдам бериш учун кўчага чиққанлиги ва унга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эътироз билдирмаганлари тарихдан маълум.

Бироқ аёлнинг ишлаши учун бир қанча шартлар санаб ўтилган:

– Аввало, эри ёки ҳомийсининг розилиги;

– Кийими, ҳаракати ва сўзи билан фитнага сабаб бўлмаслиги;

– Табиатига уйғун келадиган, нафосатига зарар этмайдиган ишларда ишлаши;

– Ўзининг ва бошқаларнинг шаънига ёмон гап келтирмаслиги лозим.

Ислом эркакларга ўз амр ва қайтариқларини қандай баён этган бўлса, аёлларга ҳам шундай баён этган. Уларнинг мартабалари эркаклар билан баробар эканини уқтириб, эркакларга уларга нисбатан зулмни ҳаром қилган.

Шуни таъкидлаш лозимки, Ислом бошқа маданият, дин, урф-одат ва мафкуралардан фарқли равишда аёлнинг ҳаётдаги ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилар экан, унинг касб-ҳунар қилишда ва мустақил фикр юритишда эркинлигини уқтириб келган. Барча замонларда аёллар шаънига бўлмағур туҳматлар, камситишлар қилиб келинди, улар хўрланди, жаҳолатга отилди. Аммо Аллоҳ таоло уларни хўрлатиб қўймади, аксинча уларнинг мақомини юқори кўтарди.

Инсониятга Ийсо алайҳиссаломни ҳадя этган бокира Марям, куфр ва кибрга берилиб, ўзини буюк қудрат соҳиби атаган Фиръавнни бу разил йўлдан қайтармоқчи бўлган хотини Осиё, охирги пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломга чексиз ёрдам кўрсатган, юпанч ва содиқ-ҳамдард бўлган Хадичаи Кубро каби аёллар «жаннатий» мақомини олишди.

«Ислом жамиятида энг катта ҳурматга лойиқ зот-аёл, аниқроғи она ҳисобланади. Бу Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг: «Жаннат оналарнинг оёғи остидадир» деган ҳадиси шарифларида ҳам яққол баён этилган.

Ангрен шаҳар «Облиқ» жоме масжиди

имом хатиби Хусниддинхон Шарофхўжаев