Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ҳаммани ҳайратда қолдирган Ҳазрат

Ҳаммани ҳайратда қолдирган Ҳазрат

Замонамизнинг энг улуғ зотларидан бири, шубҳасизки, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф эдилар. Ҳазратга Яратган мустаҳкам эьтиқод, илм-у маьрифат, буюк фаросат, мусулмонларга ибрат бўлгулик умр ато этди.

Ҳазрат қайси соҳанинг етук мутахассислари билан гаплашмасинлар, албатта, уларни ҳайратда қолдира олар эдилар.

Бир геология буйича академик инсоннинг эҳсонларида геология соҳасига оид маьруза қилганларида, юртимизнинг энг катта академиклари ўз миннатдорчиликларини билдириб, суҳбатларидан ҳайратланишганликларини менга ҳам айтишган… Кеча китобдан қуйидагиларни ўқиб қолдим:

… Кунларнинг бирида суҳбат орасида «Амру маьруфларда жуда ажойиб ва ғоятда фойдали гаплар айтилмоқда, лекин уларни оммалаштириш орқали самарасини янада ошириш нуқтаи назаридан мазкур маьрузаларни қисқа-қисқа бўлса-да, қағозга тушириб юрсангиз яхши бўларди-да», дедим мулоҳаза ўрнида. Ҳазрат Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ним табассум билан бош ирғадилар-у, аниқ жавоб айтмадилар. Таклиф ўринли чиқдими -чиқмадими, буни ҳам билолмай қолдим. Бир хаёлим ортиқча маҳмадоналикка йўл қўйдим-да, деган истиҳолада эди.

Орадан бир-икки кун ўтди шекилли, диний идора ёнида рўпара келиб қолдик. Сўрашдик, иттифоқо ичкарига чорладилар Ҳазрат. Кирдик. Ёзув столининг бир чеккасида ёзув қоғози – дабдурустдан қўлтиққа олиб кўтариш ҳам амримаҳол даражада қалинликдаги тахлам.

– Буни бир кўринг-чи, – дедилар Ҳазрат.

Аста вароқлашга киришдим. Икки-уч, бир-бир ярим вароқли матнлар. Ёзув машинкасида ниҳоятда зич терилган. Мавзулар хилма-хил, Қурьони Карим оятлари, ҳадислар, диний тарихга оид воқеалар, тафсилотлар… Варақлаб ўтириб бирдан куни кеча у кишига «Ақл ўргатганим» ёдимга тушди. Вужудим ловуллаб кетди, кейин-кейин кўп хаёлан қайтдим ўша дақиқаларга: Ҳазрат менга назар солдиларми, неча қизариб-неча сарғайганимни пайқадиларми, билмадим, мен эса варақлардан бош кўтаролмасдим. Бош кўтаролмаяпману, тинимсиз ўйлаяпман ва ниҳоят :

– Узр, тақсир, – дедим. – Мен ўйлаган ишни аллақачон бошлаб қўйган экансиз, мен…

Филология фанлари доктори Хуршид Дўстмуҳаммад хотираларидан.

Манба асосида Миршавкат Тўйчиев тайёрлади

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan