Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Амалларимиз қабул бўлсин, десак…

Амалларимиз қабул бўлсин, десак…

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَٰنِ الرَّحِيمِ

Аллох таоло Қуръони Каримда:

الَّذِينَ يُوفُونَ بِعَهْدِ اللَّهِ وَلَا يَنْقُضُونَ الْمِيثَاقَ

Улар Аллоҳнинг аҳдига вафо қиладиган ва мийсоқни бузмайдиганлардир (Раъд сураси 20-оят).

Бу ояти Каримадаги аҳд барча аҳдларни ўз ичига олади, бу аҳдларнинг аввалида иймон аҳди туради. Бу ояти Каримадаги мийсоқ ҳам барча мийсоқларни ўз ичига олади.

وَالَّذِينَ يَصِلُونَ مَا أَمَرَ اللَّهُ بِهِ أَنْ يُوصَلَ وَيَخْشَوْنَ رَبَّهُمْ وَيَخَافُونَ سُوءَ الْحِسَابِ

Улар Аллоҳ боғланишига амр этган нарсани боғларлар, Роббиларидан чўчирлар ва ёмон ҳисобдан қўрқарлар (Раъд сураси 21-оят).

Бу ишларнинг бошида “силаи раҳм” – қариндошлик алоқаларини боғлаш, уларга яхшилик қилиш туради. Шунингдек, бева-бечора, етим-есир ва барча муҳтожларга, бутун мавжудотга яхшилик қилишлик мусулмон инсонга вазифа қилиб юклатилгандир.

Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят этилган саҳиҳ ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом марҳамат қилиб айтдилар: “Қариндошлик Аршга осилиб олган ҳолда бундай дейди: “Менга кимки силаи раҳм айласа, Аллоҳ унга боғланади ва кимки мендан узилса, Аллоҳ ҳам ундан узилади” (Имом Бухорий ва Муслим, Табароний, Байҳақий ривоятлари).

Имом Бухорий ҳазратларининг бошқа бир муфрад (якка) ҳадисларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Силаи раҳм этувчи баробар – тенг бўлмайди, лекин ҳақиқий силаи раҳм этувчи бу – қариндошлари алоқасини узса ҳам, уларга силаи раҳм этувчидир”.

Имом Муслимнинг муфрад ҳадиси шарифларида ривоят этилишича, бир киши айтди: “Эй Расулуллоҳ! Менинг қариндошларим бор, мен уларга силаи раҳм этаман ва улар эса мендан узилишади. Мен уларга яхшилик этаман, улар эса менга ёмонлик қилишади. Мен уларга меҳрибонлик кўрсатаман, улар бунинг эвазига менга жоҳиллик этишади”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сен айтганингдек бўладиган бўлсанг, уларга катта гуноҳ, сенга эса улуғ ажр бўлур ва сен шу ҳолда мудом экансан, Аллоҳнинг ёрдами сен билан бирга бўлади, улар эса бесавоб қолурлар, яъни ҳақиқатдан ҳам сен кўплаб ажру – савоблар олишинг билан уларнинг устидан ғолибсан, улар эса гуноҳкор бўлурлар. Уларнинг қариндошлик даъволари кесилади, чунончи оғзига иссиқ кул ёки тошни солган одамнинг сўзи кесилганидек».

Абу Айюб Сулаймон (Усмон ибн Аффоннинг озод қилган қули) розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайшанбадан Жумага ўтар кечаси кечқурун ҳузуримизга Абу Ҳурайра келди ва: “Ким қариндошлик алоқасини узган бўлса, ўрнидан турсин, унинг ҳоли танглигини билдириб қўяман”, – деди. Ҳеч ким турмади. Уч марта айтди. Ҳеч ким турмади. Шундан кейин ўша мажлисда ўтирган бир йигит аммасининг олдига борди. У икки йилдан бери аммасидан алоқани узиб қўйган экан. Аммаси: “Нечук келдинг, бунга нима сабаб бўлди?” – деди. “Абу Ҳурайранинг шундай – шундай деганини эшитиб, нотўғри иш қилаётганимни билиб, қўрққанимдан келдим”, – деди. Шунда аммаси: “Унинг олдига бориб, сўра-чи, нимага буни айтган экан?” – деди. “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Ҳар пайшанбадан жумъага ўтар кечаси Бани Одамнинг амаллари Аллоҳ Табарока ва Таолога кўрсатилади. Шунда силаи раҳмни узган одамнинг амали қабул қилинмайди”, деганларини эшитганман”, дебди Абу Ҳурайра” (Имом Бухорий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу қуйидагилрни айтди: “Бир киши ўзи ва аҳли аёли учун савоб умидида нафақа қилса, мол-дунё сарфласа, албатта, Аллоҳ таоло унга ажр беради. Ўз қарамоғингдагидан бошла. Агар ортиғи бўлса, яқиндан, сўнг ундан кейингисидан. Агар ундан ҳам ортса, беравер” (Ал-адаб ал-муфрад).

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Ким Аллоҳдан қўрққан бўлса, силаи раҳм қилган бўлса, унинг ажали орқага сурилади, моли кўпаяди, аҳли уни яхши кўради” (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таолодан тоатига муваффақ этишини тилаймиз. Албатта, У саховатли ва марҳаматли зотдир.

 

Тошкент вилояти Пискент тумани «Ўсмат Ота»
жоме масжиди имом-хатиби Сирожов Мунис