Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / Ҳам шараф, ҳам масъулият

Ҳам шараф, ҳам масъулият

2018 йилнинг 5 март куни Тошкент вилояти Маънавият ва маърифат маркази мажлислар залида вилоятда фаолият олиб бораётган отинойилар учун семинар ўтказилди. Унда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Х.Турматов, вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси О.Парпиева, вилоят бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Н.Имамова иштирок этдилар.

Йиғилишда ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилашда отинойиларнинг вазифалари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг ижросини таъминлаш ҳақида сўз юритилар экан, жумладан, бугунги кунда аёлларга қаратилаётган эътибор, яратилаётган имкониятлар таҳсинга лойиқ эканлиги; амалга оширилаётган ислоҳотларда отинойиларнинг ҳам алоҳида ўрни борлиги; соф Ислом таълимотини кенг оммага етказиш билан бир қаторда, маънавий муҳитни соғломлаштириш, оилалар тинчлиги, ёшларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, аёллар ва вояга етмаганлар ўртасидаги жиноятчиликнинг олдини олиш борасида ҳам қатор вазифалар белгиланганлиги таъкидланди.

Отинойиларга бидъат ва хурофотларга қарши кескин курашиш; динни оёқости қилишга йўл қўймасдик; тўй ва маърака-маросимлардаги исрофгарчилик, дабдабавозликни йўқ қилиш; илмсизликка барҳам бериш; оила, никоҳ, талоқ, идда масалаларига эътибор қаратиш, зиёрат одобларини тушунтириш каби масалаларда жойлардаги фаолиятлари давомида амалга оширишлари лозим бўлган ишлар ҳақида тавсиялар берилди.

Йиғилиш сўнггида узоқ йиллар давомида вилоятда иш олиб бораётган фахрий отинойилар ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан мукофотланди.