Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Bo'limsiz / Ҳам савобли, ҳам шарафли амалга шошилайлик…

Ҳам савобли, ҳам шарафли амалга шошилайлик…

Аллоҳ таборака ва таоло ўзининг ҳикмати ва қудрати ила инсонни яратиб, уни Ўзи халқ этган бошқа барча жонзотлардан азизу мукаррам айлади ва ер юзида истиқомат қилиб, ҳаёти учун зарур бўлган барча нарсаларни ҳам халқ этди. Унга ер юзида гўзал яшаши учун ҳамма нарсаларни қулай қилиб яратиб бериш билан бирга, ундан қандай фойдаланиб, қандай асраш керак эканлигининг таълимотини ҳам баён қилди. Жумладан шундай дейди:

“У сизлaрни ердaн пaйдo қилиб, сизлaрни уни oбoд этувчи этди”. (Ҳуд сураси, 61-оят).

Мана баҳор фаслида турибмиз. Ҳакимлардан биридан сўрашган экан: Куз яхшими, ёки баҳорми? У киши кўзга баҳор яхши, оғизга эса куз, деб жавоб берган экан.

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, юртимиз тупроғи серунум, гўзал боғлари серҳосил эканлигига қанчалар шукр қилсак, арзийди.

Ҳар куни умр дафтаримиздан янги бир саҳифа очилгани каби атрофимиздаги оламнинг ҳам сурати ҳар куни янгиланади. Бу янгиланиш инсонни тафаккурга чорлайди. Ўсимлик олами Аллоҳ таолонинг инсонга ато қилган улуғ неъматларидан бири бўлиб, бу олам бўлмаса ер юзида ҳаёт ҳам бўлмас эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бу оламни инсонга восита бўлсин, унга ва унинг чорвасига ризқ бўлсин деб яратганини кўп марта эслатади.

Шунинг учун жаноб Пайғамбаримиз (с.а.в.) ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида деҳқончилик ва кўчат ўтқазишга жуда кўп тарғиб ва ташвиқ этганлар. Масалан, бир ҳадисларида:

“Агар қиёмат қойим бўлиб қолса-ю, қайси бирингизнинг қўлингизда экаман деб турган кўчат ниҳоли бўлса, уни экиб қўйсин”, – деб марҳамат қилганлар.

Бошқа бир ҳадисларида эса: “Қайси бир киши бирон бир дарахтни экса, Аллоҳ таоло экувчи томонидан экилган дарахт берган ҳосил эвазига унинг номаи аъмолига ажру савоблар ёзади”, – деганлар.

“Бирон-бир мусулмон кишиси бир дарахт ўтқазса, ёки бир нарса экса, бас, ундан қуш ёки инсон тановул этиб, манфаатланса, шу сабабдан у киши эҳсон қилганлик савобига эришур”.

Бу ҳадиси шарифлардан кўчат ёки экиндан фойда келиб турса, ўша инсон вафот этиб кетган бўлса ҳам, унга қиёматгача савоб бориб туриши билдирилмоқда.

Ҳаммамиз ўзимиз яшаб турган жойларга, маҳаллаларга турли дарахт кўчатларини экиб обод қилсак, бундан нафақат инсонлар, балки ҳайвонлар ва қушлар ҳам манфаат топади.

Ривоят қилинадики, бир киши улуғ саҳобий Абу Дардо (рз.)нинг олдиларидан ўтиб бораётса, у зот ёнғоқ кўчати экаётган эканлар. У киши Абу Дардо (рз.)га қараб: “Улуғ ёшга кирган бўлсангиз ҳам кўчат экасизми, ахир бу фалон йилдан сўнг мевага киради-ку”, – деди. Абу Дардо (рз.) бунга жавобан: “Менга савоби етса бўлди, мевасини бошқалар истеъмол қилаверсин”, – деган эканлар.

Саҳобаи иромлар хайрли амаллар қилишга ҳарис бўлиб, Пайғамбар с.а.в.га: “Ё Расулаллоҳ, қайси амал яхши”, деб савол қилардилар. Жавобни олиши биланоқ эшитган хайрли амални бажаришга шошилардилар. Баҳор фасли биз учун хайрли амалларни қўлга киришга катта, ғанимат фурсатдир.

Пайғамбаримизнинг яна бир ҳадисларида шундай дейилади: “Кимки бир қўриқ ерни очиб, ишлов берса, экин-тикин қилса, ундан ким истеъмол қилса, у эккан киши учун садақадир”.

Демак, айни баҳор пайтида ризқимиз омили бўлган деҳқончилик, боғдорчилик каби файзли ва шарафли машғулот билан шуғулланадиган бўлсак, ҳам ажру-савоб бўлади ҳамда ўзимизга жисмоний манфаат ва энг хайрлиси фарзандларимизни меҳнат қилишга, пешона тер билан ризқу-насиба топишга ўргатишдир. Аллоҳ таоло халқимизни омон ризқимизни фаровон айласин!

Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов