Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ҳаловат ва хотиржамлик – ҳалолликда

Ҳаловат ва хотиржамлик – ҳалолликда

Турмуш обод бўлишининг асосий шартларидан бири ҳалол касб билан шуғулланишдир. Барчамизга яхши маълумки, Ислом дини дангасалик, танбаллик ва боқимандаликни қоралайди. Турли-туман қонунан тақиқланган, шаръан эса ҳаром қилинган эгри йўллар билан дунё орттиришдан қайтаради. Динимиз инсонни ҳалол касб-кор қилишга тарғиб этади. Динимиз таълимотлари кишиларни ўз шахсига, оиласига, атроф-муҳитга ва қолаверса, жамиятга манфаатлар етказадиган зироат, тижорат, саноат ва бошқа хил фойдали касб ва машғулотлар билан шуғулланишга, ерга ишлов бериб, заминни обод қилишга, саноат, ижодкорлик, фан ва техника соҳасида пешқадам бўлиб, инсоният тамаддунининг ривожига ҳисса қўшишга чорлайди. Ҳатто ҳалол касб билан шуғулланишни фарз даражасига кўтаради. Ёши улуғларимиздан кўп эшитганмиз. Ўтган асрнинг қирқинчи, эллигинчи йилларида халқнинг бошига чунонам қийинчиликлар тушган, эшитган одам «Оҳ!» деб юборади. Лекин ўша вақтлар ҳам одамлар ҳалол яшашган. Умумий, оммавий сабр-қаноат бўлган. Очарчилик, қаҳатчилик, ҳар хил офатлар тез-тез бўлиб турган, очлик, касалчиликдан қанча-қанча одамлар ўлиб кетишган, бироқ ялпи талон-торож бўлмаган. Нимага? Чунки одамларнинг инсофи, имони бўлган, қорни оч бўлсада, кўзи тўқ бўлган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ёзадилар: «Ибодат фақат намозу рўзадан иборат эмас». Демак, бир мусулмон киши газета кўтариб, сотиб юрадими, фаррош бўлиб ишлайдими, мол боқадими, бирор юқори идорада, заводда ишлайдими, ҳарбий ва бошқа хизматлар билан машғулми, машинаси билан киракашлик қиладими, барибир, нияти тўғри бўлса, у ибодат қилаётган бўлади. Худди минглаб ракат нафл намоз ўқиган, роса иссиқ ёки ўта совуқ кунда нафл рўза тутган кишилар қанчалик савоб топса, ўшанчалик савоб топиши ҳам мумкин бўлади. Мўмин банда касб қилиб чарчаса, фарз ибодатини адо этиб, ухлаб қолса, уйқуси ҳам ибодат бўлиб ёзилаверади. Чунки у ҳам диний, ҳам дунёвий ибодат билан банд эди.

Инсон ўз яқин-атрофида тирикчилик қилиш имкони бўла туриб, нотинч жойларга бориб юриши, ўз Ватанида тижоратми ё бошқа бирор касб биланми шуғулланиб яшаш имконини ташлаб, фаҳшу зино вабосига ғарқ бўлган бошқа давлатга кетиши ҳеч дуруст эмас. Ибодатли одам ўзининг, бола-чақасининг ризқини таъминлашга интилиб чарчаса, бу қийинчилигу оғирчиликлар жаннат роҳатига етишиш учун тўлов бўлиб юзага чиқади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда мўмин-мусулмон бандаларини ҳалол ризқ ейишга қайта-қайта амр қилгандир. Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Эй одамлар! Ер юзидаги нарсалардан ҳалол-покларини енглар. Ва шайтоннинг изидан эргашманглар, чунки у сизларга очиқ-ойдин душмандир» (168-оят).

Ушбу ояти Каримада Аллоҳ таоло фақат мўминларни эмас, балки барча одамларни ҳалол-пок нарсаларни ейишга даъват қиляпти. Аллоҳ таоло ер юзидаги бандалари учун яратган ноз-неъматларининг ҳалол-покларидан ейишга умумий рухсат бермоқда.

Ояти Каримада шайтоннинг изидан эргашиш ҳалол-пок ризқларни ейишга зид қилиб қўйилмоқда. Яъни бу «Шайтоннинг йўлида юрганларгина ҳалол-пок емайдилар», деганидир. Шайтон инсонларга ҳалол едирмаслик билан уларни Аллоҳнинг итоатидан чиқаради. Шайтоннинг етовига тушиб қолган нодон инсон эса ҳалол-ҳаромни фарқламай, нақадар улкан гуноҳ қилаётганини ўзи билмайди, ҳатто ҳис этмайдиган даражага тушади. Унга ҳаромни емасликни насиҳат қилсангиз, «Есам нима бўпти?» дейди.

Мусулмон киши учун ҳаромдан ҳазар қилиш фарздир. Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни ҳаром йўл билан бировнинг молини ейишдан қатъий равишда қайтарган.

Бировнинг мол-мулкини ҳаром йўл билан ейиш бу дунёда турли бало-офатларга, охиратда дўзах азобларига сабаб бўлади.

Ҳаром нарсаларни еган, улардан фойдаланган кимсалар бу дунёда соғлиқлари бузилиши, турли бало-офатларга гирифтор бўлишлари ҳамда охиратда уларга ўзига яраша оғир жазолар тайин қилиниши муқаррар.

Ҳаром йўлдан мол топганларга ҳам бало-офатларга йўлиқиш, ибодати ва дуоси қабул бўлмаслиги каби руҳий-маънавий жазолар бор.

Ҳалол нима эканини билиб олиб, доимо ҳалолга етишиш учун ҳаракат қилишимиз керак. Ҳаром нима эканини яхшилаб билиб олиб, доимо ундан ҳазар қилишимиз лозим.

Битта мустақил юртга бирлашган, Ислом неъматига мушарраф бўлган халқ ўлароқ, ҳар биримиз шу Ватанни обод, фаровон қилишда бир-биримизга Аллоҳ йўлида тўғри ёрдам беришимиз керак.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ҳаром билан ўсган жасад дўзахга лойиқдир» деганлар. Фарзанд боқиш бурчимиз экан, деб кўчадан ҳар не топганимизни олиб келиб едираверсак, ҳалолми, ҳаромми, бировнинг ҳаққими, фарқламасак, ундай фарзандлардан яхши оқибат кутишимиз ушалмас орзу бўлиб қолаверади.

Бировнининг ҳаққини нохақ ейишга сабаб бўладиган ҳолатлар қуйидагилардир:

  1. 1. Савдода ёлғон гапириш. Рўзғор камчиликларини бутлаш учун бозорга бордим. Рўйхатдаги нарсаларни харид қилаётиб, растага териб қўйилган бир хил катталикдаги йирик донали анорлар эътиборимни тортди. Яқинлашганимни кўрган сотувчи киши молини мақташга тушди: «Олинг, ука, жуда ширин, деҳқончилик, ўзимиз етиштирамиз, бари туятиш (йирик донали демоқчи) анорлар, ичида битта ҳам майда доналиги йўқ, бирор ери заҳаланмаган». Мен сотувчи узатган анор билан териб қўйганларини солиштирар эканман, гапига ишонгандай бўлдим.

– Қаернинг анори бу, ака?

– Косонсойники, биродар, олинг, сифати-ю мазасига гап йўқ. Билсангиз керак, бизнинг Косонсойда лафз қадрли саналади.

Косонсойликлар ҳақиқатан ҳам диёнатли ва ҳалол одамлар эканини билганим учун тасдиқлаб бош ирғадим-да, «Икки кило тортинг», дедим. У бўлса: «Ука, ҳаммасини ола қолинг, ўзи уч ярим килогина қолган, арзон қилиб бераман, пули ўзингиз билан кетади», дея саннашга тушди. «Майли, кўпроқ олсам олибман-да, уйдагилар билан бир анорхўрлик қиларканмиз», деган ўй билан рози бўлдим.

Уйга боргач, анор солинган халтани очиб, кўзларим катта очилиб кетди: шунча анор ичидан атиги икки донаси йирик донали, қолганлари эса ярми ейишга яроқсиз, бунинг устига майда донали бўлиб чиқди. Алданганимни тушуниб шундай жаҳлим чиқдики, бир кўнглим эртасигаёқ ўша сотувчининг олдига бориб жанжаллашгим келди. Миямда эса: «Одамлар қачондан бери бундай бўлиб қолди, нега савдога ёлғон аралаштирадиган бўлди, нега ҳаромдан ҳазар қилмай қўйди, нега кўпчилик бировнинг ҳаққидан текинмайдиган бўлиб кетяпти, бунинг жавобидан қўрқишмайдими?» – каби саволлар айланарди. Шу аснода бирдан ҳалиги анор сотган одамга ачиниб кетдим. Тўғрида, оиласи, бола-чақасига ризқ топиш ғамида не машаққат билан етиштирган маҳсулотини шунча йўлдан пойтахтга олиб келиб, мусофирчиликда қийналиб сотса-ю, уйига ҳаром аралашган пул ва бир дунё гуноҳ орқалаб қайтса. Луқмасига ҳаром аралашган фарзандлари улғайганда ким бўлади?!

Ўзи орзу қилгандек одам бўлишадими? Йўқ, албатта! Улар ҳам нари борса бировнинг ҳаққидан қўрқмайдиган ва энг ёмони, ота-она розилигини топишга рағбат қилмайдиган кимсалар бўлади. Чунки Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ҳаром еб ўсган вужуд жаннатга кирмайди», деганлар. Балки бу ҳадисда ҳаром еганларнинг солиҳ амаллар қила олмаслиги назарда тутилгандир? Халқимизда ҳам бундай одамлар ҳақида «зуваласи чатоқ» деган ибора юради. Унда… бу кетишда биздан Бухорийлар, Марғинонийлар, Косонийлар, Фарғонийлар яна қачон етишиб чиқади?! Одамга энг алам қиладигани ҳам ана шу, аслида.

Тўғри, беш қўл баробар эмас, орамизда бировнинг ҳаққидан ҳазар қиладиган ҳалол инсонлар бор ва улар ҳалигидай қинғир қилиқлилардан кўра кўпчиликни ташкил қилади. Бироқ бирники мингга, мингники туманга деган гаплар ҳам йўқ эмас. Хуллас, ана шулар ҳақида ўйлар эканман, Хожа Аҳмад Яссавийнинг байти ёдимга тушади: «Киши молини ема, сирот узра тутаро!»

  1. Судхўрлик. Ислом дини молни тижорат йўли билан кўпайтиришга ижозат беради. Аммо молни судхўрлик йўли билан кўпайтирмокчи бўлганларни қаттиқ қоралади ва судхўрликнинг озини ҳам, кўпини ҳам ҳаром қилди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам судхўрга уруш эълон қилдилар ва дедилар: «Бирор қишлокда судхўрлик ва зинокорлик авж олса, ўзларига Аллоҳнинг азобини ҳалол қилган бўладилар” (Ҳоким ривояти).

Исломда судхўрликнинг ҳаром қилинишига бир неча сабаб кўрсатилади:

  1. Судхўрликка ишониб қолиш  бошқа  касб  билан шуғулланишга бепарво қилиб қўяди. маишат учун пул топиш   йўлларини   қидириш,   илм-ҳунар   орқали   ҳалол меҳнат килиб, элга манфаат етказиш фикридан қайтаради. Ҳолбуки, оламнинг гўзаллиги тижорат, касб-ҳунар, ишлаб чиқариш ва курилиш биландир. Судхўр буларнинг бирортасига  ҳам   эътибор  бермайди   ва  текинхўрликка одатланади.
  2. Судхўрлик сабабли қарз бериш, киши эҳтиёжини қондириш,   эҳсон   ва   садақалар   бериш,   яъни   инсонларнинг бир-бирларига холис  яхшилик  қилишидек амаллар тўхтайди, яхшиликдан манфаат устун кўйилади.
  3. Одатда, қарз берувчи бой, қарз олувчи қамбағал бўлади. Судхўр камбағалга раҳм-шафқат кўрсатиш ўрнига, берган қарзи билан бирга унинг ўзи муҳтож бўлиб турган ортиқча молини ҳам тортиб олади. Кўриниб турибдики, судхўрликда бойнинг бойлиги ортади, камбағал боридан айрилади, натижада, инсонлар ўртасида адоват пайдо бўлади. Бундан бузғунчилик, тажовузкорлик, ўғрилик ва хунрезлик келиб чиқади.
  4. Порахўрлик. Пора муомаласи деярли барча давлатларда жиноят ҳисобланиб, коррупция деган умумий ном билан юритилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) порадан қаттиқ қайтарганлар: “Пора берувчи ҳам, олувчи ҳам, ўртада турувчи ҳам, жаҳаннамга ташланади”.

Пора савдосида қатнашадиганларнинг ҳаммаси бола-чақасини шунинг эвазига боқади: порадан қорнини тўйғизади, порадан кийим кияди, порани бирор жойига яшириб кўтариб юради, лекин бу кўтариб юргани дўзахга чипта бўлишини ўйлаб ҳам кўрмайди.

Ислом дини мусулмонларга порани бекорга ҳаром қилмаган, пора олишда иштирок қиладиганларга бекорга жазо тайин қилинмаган. Зеро, порахўрлик натижасида фасод ва зулмкорлик авж олади, ноҳақ ҳукмлар қилинади, ҳақиқатга ҳукм қилиш тўхтайди, кейинроқ бўлиши керак нарса олдинга ўтади, олдинроқ бўлиши керак нарса кейинроққа сурилади, яъни бўлиши керак бўлган вожиб тўхтаб, манфаат устун қўйилади.

Фарзандларимизни ҳалол едириб, ҳалол ўстирайлик. Уларнинг қалбига Ватан, миллат севгисини жойлаб, онгига ота-боболаримиз амал қилган динимиз қадриятларини сингдириб боришимиз устувор вазифамиздир. Фарзандларимиз ҳалол касб қиладиган, қаноатли, ношукрликдан йироқ, аждодлар юзини доим ёруғ қиладиган, ҳеч кимдан кам бўлмайдиган олижаноб фарзандлар бўлиб етишувлари тўғрисида қайғурайлик. Шақиқ ибн Иброҳим (раҳматуллоҳи алайҳ) қуйидаги фикрларни баён қилганлар: «Агар банда мўмин бўлиб, ҳаёти тинчликда экан, унда дунё ва охиратнинг катта неъматлари жам бўлибди. Чунки дунёнинг энг катта неъмати тинчлик бўлса, охиратники Исломдир».

Одилжон Нарзуллаев

Зангиота тумани «Имоми Аъзам»

жоме масжиди имом-хатиби