Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ҳалол касб – фаровонлик омили

Ҳалол касб – фаровонлик омили

Марҳум юртбошимиз “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида диннинг ҳаётимизда ўта муҳим ўрин тутишини таъкидлаб, бундай деган: “Биз ўз миллатимизни мана шу муқаддас диндан айри холда, асло, тасаввур қила олмаймиз. Диний қадриятлар, исломий тушунчалар ҳаётимиизга шу қадар сигиб кетганки, уларсиз биз ўзлигимизни йўқотамиз”. Ҳақ гап. Ислом дини инсоннинг қалбини поклайди, маънавиятини бойитади. Инсоннинг қалби пок, маънавияти юксак бўлса, ҳаёти файзу-баракага бурканади.

Шундай инсонлар борки, уларнинг моддий даромадлари бошқаларникидан ортиқ эмас, бироқ Аллоҳ таоло унинг молига барака берган. Бундай инсонлар молларини исроф қилмай, фақат дунё ва охиратда фойда келтирадиган ўринларга сарфлайдилар. Ҳою-ҳавас йўлида қарзга ботмайдилар.

Шундай олийжаноб ва диёнатли инсонлар борки, улар умрларини Аллоҳ таолога тоат, бандасига ҳурмат, эл-юртига хизмат билан ўтказадилар. Уларнинг ҳар дақиқаси баракага бурканган. Шу туфайли бир соатлик ҳаётлари баъзиларнинг бир куниданда баракалироқ бўлади.

Яна шундай тоифадаги инсонлар борки, уларнинг топиш-тутишида на барака бор ва на ҳузур-ҳаловат. Улар милионларга эга бўлади, бироқ ҳақиқий ҳаловат кўнгил хотиржамлигини ҳис этмаган ҳолда кун кечиради. Тунни эса турли ҳисоб-китоб, поёни йўқ ўй-ҳаёллар билан ўтказади. Кемтик дунёсининг бир томонини ямаса, иккинчи томони йиртилиб бораверади. Бир машаққатдан фориғ бўлдим деганда, яна бошқаси пайдо бўлади.

Инсон доимо баракани истайди, унга эҳтиёж сезган ҳолатда умр кечиради. Барака оз нарсани кўпайтиради, кўпнинг фойдасини зиёда қилади. Бараканинг омили – ҳалол касбдир. Ҳалол касб орқали ризқ талаб қилиш вожибдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади; “Эй иймон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно”(Нисо, 29-оят).

Ушбу ояти карима бировнинг молини ноҳақ йўллар билан ейиш, яъни топган ризқига ҳаром аралашишидан қайтармоқда. Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзларининг кўплаб муборак ҳадисларида ҳалолликка, ҳалол касб билан турмуш кечиришга ундаганлар.

Зеро, ҳалол касб обод турмуш гаровидир. Обод турмуш йўлида юксак мақсадлар кўзлар эканмиз, ҳаётимиз янада фаровон ва обод бўлиши, ризқу-рўзимиз янада тўкин ва баракали бўлиши учун, аввало тижоратчиларимиз, деҳқон ва фермерларимиз, шунингдек, касаначилик, ҳунармандчилик каби турли касб-ҳунар эгалари, тадбиркорлар, ишлаб-чиқариш билан шуғулланувчи шахслар, турли идора ва корхоналар ишчи-хизматчилари ўз соҳаларида ҳалолликка жиддий эътибор қаратишлари мақсадга мувофиқ. Зеро, ҳалол касб барака омилидир.

Турмуш обод бўлишининг асосий шартларидан бири ҳалол касб билан шуғулланишдир. Барчамизга яхши маълумки, Ислом дини дангасалик, танбаллик ва боқимандаликни қоралайди. Турли туман қонунан таъқиқланган, шаръан эса ҳаром қилинган эгри йўллар билан дунё орттиришдан қайтаради. Динимиз инсонни ҳалол касбу-кор қилишга тарғиб этади. Ҳадиси шарифда: “Касб талаб қилиш фарз намозидан кейин турувчи фарздир”, дейилган.

Уламолар тирикчилик ва касб-кор қилиш орқали мол топишни бир неча даража ва мартабаларга бўлган.

Биринчиси – фарз даража бўлиб, бу кишининг ўзи ва оиласининг зарурий эҳтиёжларини қондириш ҳамда қарзларини узишга етадиган миқдорда ишлаб пул топишидир.

Иккинчиси – мустаҳаб даража бўлиб, бу фақир-камбағалларга ёрдам қўлини чўзиш, дўст-ёр ва яқинларига мурувват кўрсатиш учун кифоя қиларли даражадан ортиқча мол-дунё орттиришга ҳаракат қилишдир. Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларнинг яхшиси одамларга манфаати етадиган инсондир”, дея марҳамат қилганлар.

Учинчиси – мубоҳ даражадаги касбу-кор. Бу фароғатли ҳаёт кечириш учун зиёда мол орттирмоқ. Бу ҳам агар ҳалолдан бўлса жоиздир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким одамларнинг қўлига қарам бўлмаслик учун ва иффатини сақлаш учун ҳалол мол-дунё талаб қилса, юзи тўлин ой кечасидаги ой каби порлаган холда бўлиб Аллоҳга йўлиқади”, деб марҳамат қиладилар.

Тўртинчиси – макруҳ даража бўлиб, бу манманлик, кеккайиш ва кибру ҳаво учун гарчи ҳалолдан бўлса ҳам мол-мулк кўпайтиришдан иборатдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким мол-дунёни мақтаниш ва бошқалардан кўплиги билан фахрланиш учун талаб қилса, Аллоҳ таолони ўзига ғазаб қилган ҳолда учратади”.

Агар одамлар олди-бердиларида, касбу-корларида ҳалоллик ва инсофни ўзларига шиор қилиб олсалар, ораларидаги низо ва келишмовчиликлар ҳам барҳам топиб, бир-бирига кин-адоват сақлаш, ўзаро ишончсизлик каби жамиятни тагидан емирувчи иллатлар ўз-ўзидан барҳам топган бўлар эди. Эрта билан ҳалол ризқ топаман, шу орқали болаларимни боқаман, деган эзгу ва покиза ниятларда ишига йўл олган инсонга Аллоҳ ҳузурида улуғ ажрлар ёзилади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким ҳалол меҳнат қилиб, ҳориб чарчаган холда тунаса, гуноҳлари кечирилган холда тунайди”.

Бу ҳадис меҳнатсеварликка қизиқтириб, боқимандалик ва ишёқмасликдан қайтаради. Аҳли оиласи, фарзандлари ва ота-онасини моддий жиҳатдан таъминлаш, касалларини даволатиш йўлида меҳнат-машаққат чеккан одамга мукофот сифатида Парвардигори олам кечаси унинг гуноҳларини мағфират қилиш билан қарши олар экан.

Шундай қилиб, ҳалол касб гуноҳлар кечирилишига сабаб бўлар экан. Албатта ҳалол ризқ, ҳалол касб билан кун кечириш нафақат дунёвий, балки ухровий фойда ва манфаатлар келтириши шубҳасиздир. Негаки, ҳалолликка интилувчи киши аввало Аллоҳ ва расулининг буйруқ ва кўрсатмаларига амал қилаётган бўлади. Бу эса савоб ва ажр келтирадиган ишдир.

Аллоҳ таолодан ҳар доим баракот сўраш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир. Дуо ҳам бараканинг ажралмас бўлагидир. Мусулмон киши ўз нафсига, умрига, дунё ва охиратига, мол-давлатига ҳамма вақт хайр-баракани сўраши лозим. Шу билан бирга ота-онаси, аҳли аёли, фарзандлари ва бошқаларнинг ҳақига дуода бўлиши ҳам фазилатдур. Яшаб турган манзил макон, азиз юрт тинчлиги, обод ва фаровонлигини ҳар хил балою офатлардан паноҳ сўраш дуо мағзидир. Бизнинг улуғ аждодларимиз бу юртнинг ҳақига кўп дуолар қилиб ўтди. Уларнинг қилган дуоларининг баракотидан бугун юртимиз озод ва ҳур, обод ва тинч, халқимиз фаровон ҳаёт кечирмоқда. Юртимиз ҳар томонлама тараққий этиб бормоқда.

 

      Зангиота туман “Аммор ибн Ёсир” жоме
масжиди имом-хатиби Эрдонов Бахтиёр