Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Руҳий тарбия / Ҳалокатга олиб борувчи иллатни биласизми?

Ҳалокатга олиб борувчи иллатни биласизми?

Араб тилида “عجب” (ужб) сўзи бор. Бу салбий сифатни ўзбек тилига ўгирилса, манманлик, ўзига бино қўйиш, ўзида бор сифатлардан ажабланиш деган маъноларни ифодалайди.

Уламолар, бу иллатни қуйидагича таърифлаганлар:

«Ужб – (манманлик) неъматни ўзининг фазлидан эканлигига ишониш ва неъмат берувчи Зотни унитишдир».

Роғиб Асфаҳоний: Ужб – инсон ўзини ўзи ҳақли бўлмаган даражага ҳақлиман деб ўйлашидир, деган.

Ғаззолий раҳматуллоҳу алайҳ: Ужб – неъматни ҳақиқий неъмат берувчига нисбат беришни унитиб, уни ўзида катта санаб унга суяниб қолишдир, деган.

Ибн Абдуссалом: Инсон ўзига берилган неъмат ёки яхши амални Аллоҳдан эканини унитиши ва буларни ўз нафсидан деб хурсанд бўлиши ужбдир, деган.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда манманликни қоралаб «Тавба» сурасининг 25 – оятида шундай марҳамат қилади.

لَقَدْ نَصَرَكُمُ اللَّهُ فِي مَوَاطِنَ كَثِيرَةٍ ۙ وَيَوْمَ حُنَيْنٍ ۙ إِذْ أَعْجَبَتْكُمْ كَثْرَتُكُمْ فَلَمْ تُغْنِ عَنْكُمْ شَيْئًا وَضَاقَتْ عَلَيْكُمُ الْأَرْضُ بِمَا رَحُبَتْ ثُمَّ وَلَّيْتُمْ مُدْبِرِينَ

«Батаҳқиқ, Аллоҳ сизларга кўп жойларда нусрат берди. Ҳунайн кунида ҳам. Ўшанда сизни кўплигингиз манманликка олиб борган ва мағрур қилган эди. Бас, сизга ҳеч фойда бермади ва кенг ер сизга торлик қилиб қолди. Сўнгра ортга қараб қочдингиз».

Ушбу ояти карима, Макка фатҳидан кейин бўлиб ўтган Ҳунайн жанги ҳақида нозил бўлган. Мазкур фатҳда иштирок этган фотиҳлардан ташқари фатҳ сабабли янги мусулмон бўлган аҳли Макка ва бошқа кўпгина томонлар ҳам чиқишган эди.

Ўн икки минг кишилик катта лашкар уларни ғурурга кетказиб қўйганди. Уларда озлик чоғимизда қанчадан-қанча душманларнинг устидан ғолиб чиққанмизку, шунча катта сонга эга бўлиб туриб ўзимиздан оз сонли мушрикларни енга олмасмидик, деган манманлик пайдо бўлган эди. Аммо Ҳунайн уруши қизиган пайтда аскарнинг ададининг кўплиги сизга ҳеч қандай фойда бермай қолди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши ўзининг соч шокиласига ва кийимига махлиё бўлиб юриб бораётганда, бирдан уни ер ютиб юборди. Энди у қиёмат қоим бўлгунча пастга тушиб бораверади», дедилар».

Икки шайх ривоят қилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарса ҳалок қилувчидир: итоат қилинадиган бахиллик, эргашиладиган ҳавои-нафс ва киши ўз нафси билан фахрланиши» – дедилар.

Бошқа бир ўринда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ужбни катта гуноҳлардан бири эканини айтиб шундай деганлар: «Агар сизлар бирор гуноҳ қилмайдиган бўлганларингизда, мен сизларга бунданда каттароғидан қўрққан бўлар эдим. У ужбдир».

Уламолар, инсонларни ужб касаллигига йўлиқишларига қуйидаги ҳолатлар сабаб бўлишини айтадилар.

Биринчиси, инсон ўзининг хилқатининг гўзаллигига қараб фахрланади. Буни Аллоҳнинг неъмати эканини ва бир лаҳзада йўқ бўлиб қолишини унутади.

Иккинчиси, ўзига берилган куч-қувват бўлиб, унга шукр келтиришни унутиб, ушбу куч-қувватни ато этган зотга суянишни тарк қилиб қўяди.

Учинчиси, ақл бўлиб, уни чиройли санаб бундай ақл фақат менда бор деб ўйлаб қолади.

Тўртинчиси, улуғ насабга эга бўлиш бўлиб, у билан фахрланиши ва шу сабабли мен кўплаб одамлардан афзалман деб қолиши.

Бешинчиси, золим ҳукмдорларга ўзини нисбатини бериб, улар билан фахрланиши.

Олтинчиси, фарзандлари, қариндошлари ва ўзига тобеъ кишиларнинг кўплигига ишониб, Аллоҳга суянишни ва Унга таваккул қилишни унутиб қўйиши.

Еттинчиси, мол-дунёнинг кўплиги бўлиб, унга суяниб қолиши.

Саккизинчиси, хато фикрга эга бўлиб қолиб, буни неъмат деб ўйлаб қолиши.

Имом Ғаззолий раҳматуллоҳу алайҳ ужбнинг зарарли оқибатларидан огоҳлантириб айтади: Ужб гуноҳларни унутиб уларга бепарво бўлиб қолишга сабаб бўлади. Ужб соҳиби қилаётган ибодатларини ва амалларини катта санаб фахрланиб қолади. Ушбу ибодатларни қилаётганидан Аллоҳга миннат қилишгача боради. Ўз ибодатларидан ужбга тушгани сари бунинг ёмон оқибатларини ҳам унутиб боради. Ким амалларини ёмон оқибат билан якун топишига эътибор қилмаса қилаётган ҳаракатлари зое бўлиб қолаверади. Ужб эгаси ўз нафси ва фикри билан алданиб қолиб, Аллоҳнинг макри ва азобидан хотиржам бўлиб қолади. У ўз нафсини мақтаб бирор айб ва камчиликлардан холи деб билади. Натижада бошқалар билан маслаҳатлашиш ёки бирор билмаган нарсасини сўрашни ўзига ор билиб, ўз фикри билан кифояланиб қолади. Энг ёмони ўзининг хато фикрини тўғри деб билиб, ўзидан шундай фикр чиққанидан хурсанд бўлиб ўша фикрида қатъий туриб олишидир. Гоҳо бу нарса уни ҳалокатига сабаб бўлади. Айниқса унинг бу хато фикри дин ишларига тегишли фикр бўлса. Шунинг учун ҳам ужб ҳалокатга олиб борувчи иллатлардан бири сифатида саналган. Ужб эгасининг мен мақсадга эришиб бўлдим деб амал қилишдан тўхтаб қолиши, ужбнинг энг катта офтларидан биридир. Бу эса шубҳасиз очиқ ойдин ҳалокатдан бошқа нарса эмас.

Бугунги кунимизда озгина илм ўқиб ёки эшитиб, ўзини «олим»ман деб юрган инсонлар борлиги хеч кимга сир эмас. Улар ўзларидаги ана шу озгина илм билан кифояланиб ва шундан хурсанд бўлиб ҳамда бўлди мақсадга эришдим деб, юришларига нафсларига ўрнашиб қолган ужб сабабдир эҳтимол…

Манбалар асосида Тошкент тумани «Айри ота» жоме масжиди имом ноиби Зокиржон Бўриев тайёрлади