Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Аллоҳ ёқтирмайдиган ҳалол нарса (ёҳуд ғазабни тиймоқ улуғ фазилат)

Аллоҳ ёқтирмайдиган ҳалол нарса (ёҳуд ғазабни тиймоқ улуғ фазилат)

Аллоҳ таоло Ўзининг каломи Қуръони Каримда марҳамат қиладики: “Аллоҳ таоло сизларга ўз жинсингиздан, яъни одамзод наслидан бирга турмуш қуришларингиз учун аёллар ато қилди. Улардан сизларга фарзанду набиралар бунёд айлади ҳамда покиза неъматларидан ризқ берди” (Нахл сураси 72-оят)

Аллох таоло ўз ҳикматига биноан ер юзида ҳаётни инсоният қўли билан, гўзал шаклда давом этиб бориши учун одамзодни жуфти ҳалоллик билан эру- хотин бўлиб яшамоқларини ва шу усул билан зурриёт қолдириб, дунёни обод этиб боришликларини ирода қилди. Ҳар бир хонадонда эр-хотин ҳақлари, бурчлари ва муносабатлари, рўзғор ташвишлари, фарзанд тарбияси ва бошқа амалларни билишлик оила илмининг муҳим жиҳатларидандир.

Мана шулардан бири, албатта, бу тинч оилаларни, турмушларини барбод қиладиган, ёш гўдаклар ва фарзандларнинг ота-она қаровисиз ўсишларига сабаб бўладиган, умуман олганда, ҳар бир мўмин ва мусулмон ўзини эҳтиёт қилишлиги зарур бўлган, Аллоҳ ёқтирмайдиган ҳалол нарса – талоқ сўзидир. Ислом дини шундай бир пок диндирки, динимизда вояга етган ўғил қизларни ўз вақтида турмуш қуришларига тарғиб этади. Шариатимиз уйланиш ёки маҳр беришликка қодир бўлмаса, рўза тутишликка буюради, акс ҳолда, оғир, катта гуноҳлар келиб чиқиши мумкин. Шунинг учун ҳам ҳадисларда илм олиш ҳар бир муслим ва муслимага фарз эканлиги таъкидланади. Турмуш қуриш арафасида турган ёшлар никоҳ шартлари, фарзанд тарбияси, эр-хотин ҳақлари ва талоқ масалаларидан хабардор бўлишлари ҳам илм талаб қилишга киради. Аллоҳ ўзининг Каломида: “Сизларнинг орангиздаги тул эркак ва аёлларни ҳамда қул ва чўриларингиздан яроқлиларини уйлантирингиз. Агар улар камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни ўз фазли билан бойитур. Аллоҳ фазли карами кенг ва доно зотдир” (Нур сураси 32-оят) деб мархамат қилган.

Ислом дини таълимотида уйланиш, оила қуришга тарғиботлар жуда кўп. Одамзоднинг якка ёлғизликда эмас, оила шаклида ҳаёт кечириб бормоғини, бунга инсон табиати мос эканлигини Аллоҳ таоло Қуръони Каримда тавҳид аломатларидан бири деб санайди: “Аллоҳ таолонинг ягоналиги аломатларидан бири шулким, сизларга ўз жинсингиздан, яъни инсон жинсидан хотинлар яратиб қўйди, токи сизлар улар билан хотиржам биргаликда яшангизлар. Ўрталарингизда меҳру мухаббат ҳам пайдо қилди. Албатта, бунда тўғри фикр қилувчилар учун аломат ва далиллар бордир” (Рум сураси 21-оят).

Бугунги кунда нафақат ёшлар, балки ҳар биримиз учун зарур бўлган мавзу инсонларнинг бахт-саодатининг кушандаси ва оилалар пойдеворига дарз солувчи бир иллат, яъни талоқ лафзини ўйламай – нетмай тилга олишликнинг ёмонлиги хақида доимий, такрор-такрор бир бирларимизга, хусусан, ёшларимизга бунинг салбий оқибатларини эслатиб турмоғимиз лозим.

Талоқ – луғатда бўшатиш, қўйиш, моддий ва маънавий тугунни ечиш маъносини англатади. Шаръий истилоҳда эса эр- хотин ўртасидаги никоҳ ақдини бузиш маъносини англатади.

Тилга эрк бериб айтилган талоқ лафзидан Раҳмоннинг ғазаби келади ва яна шайтон хурсанд бўлади. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳалол нарсалар ичида Аллоҳ таолога энг нафратлиси Аллоҳни ғазабини келтирадиган нарса талоқдир” – деб марҳамат қилганлар (Абу Довуд, ибн Можа ривояти). Талоқ сўзи айтилган вақтда Аллоҳ таолонинг Арши ларзага келиши ҳақида бир неча ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч нарсанинг жиддийси ҳам жиддий, ҳазили ҳам жиддий: никох, талоқ ва рожъий талоқдан қайтиш қилиш”-дедилар (Абу Довуд,Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган).

Ҳақиқатни тан олишимиз керакки, ҳозирги вақтларда кўп ёш оилаларни бузилиб кетишига баъзи бир ота-оналар ҳам сабабчи бўлишмоқда. Чунки улар ўсиб келаётган ёшларни биринчи даражали зарур, маънавий ўгитлар, таълим тарбиялар бермаганлиги ва ўзлари гўзал бир намуна бўлмаганликлари сабабидан ёшларимиз иккинчи даражали бўлган молу-дунёга муҳаббат қўйишиб, ота-оналарини молу давлатларига ишонишиб мана шу ҳаёти дунёда эр-хотин ҳақларини билишмасдан, охир оқибат, уруш-жанжал ёки оилалар бузилиши ё норасида гўдакларнинг отасиз, тарбиясиз қолишлари билан ниҳоясига етмоқда. Оила деган муқаддас бир қўрғон бузилиб, ўртада айбсиз болалар сарсон-саргардон бўлишларини ким хоҳлайди?! Албатта буни ҳеч ким хоҳламайди. Афсуски, фарзандларининг бахти камолини ўйламаган, ёшларнинг, яъни келин-куёвларнинг ширин ҳаётини кўра олмаган, ёшларнинг бахту саодатини ўткинчи дунё зебу зийнатларида деб баҳолаган баъзи бир ота-оналар оилаларнинг бахтсиз бўлиб қолишига сабаб бўлмоқдалар. Ахир оила бузилиб кетса сарсон бўлган болаларнинг уволи ота-онани ва бекордан бекорга оилани бузган қуда-андаларни тутмайдими?!

Ҳар бир мўмина, муслима опа-сингилларимиз ҳам билиб олсалар дуруст бўладики, ҳаёт синовларига, қийинчиликларига бардош қилиб сабр тоқатда бўлмаган баъзи бир аёллар диёнатли, оиласини ўйлайдиган, сабр тоқатли эридан талоқ қилишини, яъни жавобини беришни сўрайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир аёл узрли, сабабсиз эридан талоқ қилишни сўраса, унга жаннатнинг хиди ҳам харом бўлади”-дедилар (Сунан эгалари ривоят қилган).

Яна зарур бир масала шуки, ҳозирги вақтда баъзи бир кимсалар ўзларича ҳамрни, яъни ароқни ичадилар ва ўзларича шерга айланадилар ва аёлларига турли хил талоқ сўзларини бемалол айтадилар ва кетидан эса қилғилиқни қилиб қўйиб, “Уч талоққа йўл борми?” – деб, йўл ахтарадилар. Дархақиқат, ғазаб келганда ақл кетади, бу нарсани ичиш билан ҳам маълум миқдор ақли заъиф бўлиб қолади. Аммо шу ҳолатда осмон билан ерни ёки ўз аёли билан бошқа аёлни ажратиб турибдими, демак, аёлига талоқ сўзини айтишлик билан ўз ўзидан талоқ тушади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни шайтоний васвасалардан асраб, оилаларимиз билан тинчликда, тотувликда, фаровонликда ҳаёт кечиришларимизни насиб этсин. Ҳар бир эркак аёли ва оиласига меҳрибон, муҳаббатли ҳамда ҳар бир аёл эрига вафодор ёр, фарзандларига меҳрибон она бўлишликларини насиб этсин. Омин!

Оҳангарон тумани “Мулла Умар Охун” жоме масжиди
имом-хатиби Иброхимхон Санчаров

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan