Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ҳадис / Аллоҳ ва бандалари яхши кўрсин десангиз

Аллоҳ ва бандалари яхши кўрсин десангиз

عَنْ أَبِي الْعَبَّاسِ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ السَّاعِدِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، دُلَّنِي عَلَى عَمَلٍ إِذَا عَمِلْتُهُ أَحَبَّنِي اللهُ وَأَحَبَّنِي النَّاسُ. فَقَالَ: «ازْهَدْ فِي الدُّنْيَا يُحِبَّكَ اللهُ، وَازْهَدْ فِيمَا عِنْدَ النَّاسِ يُحِبَّكَ النَّاسُ».

Абул Аббос Саҳл ибн Саъд Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули! Мени шундай бир амалга далолат қилинки, агар уни қилсам, Аллоҳ ҳам, одамлар ҳам мени яхши кўрсин”, – деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“Дунёдан зуҳд қил, шунда Аллоҳ сени яхши кўради. Одамлардаги нарсалардан зуҳд қил, шунда одамлар ҳам сени яхши кўради”, – дедилар (Ибн Можа ва бошқалар ривоят қилишган).

Бу ҳадис Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг икки улкан насиҳатларини ўзида жамлаган:

  1. Дунёга нисбатан зоҳид бўлиш, шубҳасиз, ҳаётда дунёга кўнгил бермаслик Аллоҳнинг муҳаббатини қозонишга сабабдир.
  2. Одамлар қўлидаги мол-дунёга нисбатан зоҳид бўлмоқ. Албатта, инсонлар тамагирлик қилмайдиган, камсуқум кишиларни ёқтирадилар.

Инсон икки дунёда ҳам саодатли бўлмоғи учун ўзида қуйидаги хислатларни шакллантирмоғи лозим. Аввало, у боқий Охират неъматларини ўткинчи дунё лаззатларидан афзал билиб, Парвардигори муҳаббатига ноил бўлмоғи, қолаверса, бандалар қўлидаги мол-дунёга тама кўзини тикмасдан, боқий яхшиликлар сари иззат ва ибо билан интилиб, одамлар муҳаббатини қозонмоғи керак. Зеро, Охиратдаги боқий неъматлар ўткинчи лаззатлардан яхшироқ ва умид қилишга лойиқроқдир.

Шу боис Ибн Ҳажар Ҳайтамий ҳадисга “Ушбу ҳадис Ислом асоси бино бўлган тўрт ҳадиснинг бири ҳисобланади”, дея баҳо берган.

 Зоҳидликнинг маъноси

Дунёга нисбатан зоҳид бўлишни уламолар турлича шарҳлаганлар. Бироқ ушбу хилма-хил таърифларнинг барчаси қуйидаги ривоят асосида бирлашади: Абу Идрис Хавалонийдан ривоят қилинади: “Дунёга нисбатан зоҳид бўлиш ҳалол неъматни ўзига ҳаром билиш ёки молини зое этиш билан амалга ошмайди. Ҳақиқий зоҳидлик ўз қўлингдаги нарсага қараганда Аллоҳнинг қўлидаги нарсага кўпроқ ишонишинг ва бир мусибат етса, унинг ажрига ва Охират учун захира бўлишига, ўша мусибатнинг ўрни сен учун тўлиб туришига кўпроқ умидвор туришингдир!” (Имом Аҳмад ривоят қилган).

Ушбу таърифда зоҳидлик қалбга тегишли бўлган уч амал билан шарҳланган. Уларнинг биронтаси ташқи тана аъзоларининг амалидан эмас. Шу боис Абу Сулаймон Дороний айтарди: “Ҳеч кимсага “У зоҳид” деб гувоҳлик берма. Зоҳидлик қалбда бўлади”.

Юқорида айтиб ўтилган уч амал қуйидагилардир:

Биринчи амал: Инсон ўз қўлидаги мол-давлатга қараганда Аллоҳ таоло мулкидаги нарсаларга кўпроқ ишонмоғи-суянмоғи лозим. Албатта, бу тўғри эътиқод ва Аллоҳ кафолатлаган нарсаларга (масалан ризқ-рўз масаласига) тўла амин бўлиш орқали вужудга келади. “Ер юзида ўрмалаган нарса борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир!” (Ҳуд сураси, 6-оят).

Иккинчи амал: Мол-давлат ёки фарзанддан жудо бўлиш каби бирон мусибат етганда, банда кетган нарсасининг ўз ўрнида қолишини эмас, ўша мусибат сабабли олинажак ажр-савобни кўпроқ исташи лозим. Ушбу хислат ҳам комил эътиқод самараси ҳисобланади. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидагича дуо қилардилар: “Парвардигоро! Биз билан Сенга гуноҳ қилиш ўртасини тўсадиган қўрқувингни, бизни жаннатингга олиб кирувчи итоатингни ва бизга дунё мусибатларини енгил қилувчи иймон-эътиқодни биздан дариғ тутмагин!”

Учинчи амал: Ҳақнинг муқобилида сизни мақтовчилар ҳам, қораловчилар ҳам сиз учун ҳеч қандай аҳамият касб қилмаслиги керак. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтадилар: “Аллоҳ ғазабланадиган ишларда инсонлар розилигига эътибор бермаслик аниқ иймондир”.

Зоҳидлик ҳақида улуғ имомлар шундай деганлар:

Ҳасан Басрий: “Бировни кўрганда “У мендан афзал экан” деювчи одам зоҳиддир”;

Ваҳб ибн Вирд: “Насиб этмаган дунёвий нарсани ўйлаб сиқилмаслик ва қўлга киритилган дунёвий неъмат учун қувониб кетмаслик дунёга нисбатан зоҳидлик дейилади”;

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал: “Орзу-ҳаваснинг камлиги ва одамлар қўлидаги нарсадан умидвор бўлмаслик зоҳидлик саналади”.

Зоҳидлик турлари

Айрим салаф уламолари зоҳидликни уч қисмга бўлганлар:

а) Ширкни тарк этиш.

б) Маъсиятларни тарк этиш.

в) Ҳалол хусусида зоҳид бўлмоқ.

Зоҳидликнинг аввалги икки қисми вожиб, учинчи қисми эса вожиб эмас.

Ибн Муборак Муалло ибн Абу Мутенинг қуйидаги сўзларини келтиради: “Зоҳидлик уч турли бўлади: сўзу амалда бирон бир дунёвий нарсани мақсад қилмасдан, Аллоҳ таоло учун холис бўлиш; бемаъни ишларни қўйиб, фақат яхшилиги бор амалларни қилиш; ҳалол хусусида ҳам зоҳид бўлиш. Зоҳидликнинг бу қисми ихтиёрийдир”.

Инсонни зоҳид қилувчи сабаблар

Киши дунёдан кўнгил узмоғи учун қуйидагиларни ҳис қилиши лозим:

а) Охиратни ва Қиёмат куни Парвардигор қаршисида туришни ҳис этмоқ. Ана шунда инсон ҳавои нафсидан ғолиб келади, ўткинчи дунёнинг арзимас матолари ва бемани ҳою ҳавасларидан юз ўгиради.

б) Дунё лаззатлари қалбларни Аллоҳ таолодан машғул қилиб қўяди. Олий даражаларлардан бенасиб этади. Охир-оқибат, пайти келиб жуда оғир бир Кунда неъматлар шукронасининг савол-жавоби бандани узоқ вақт ушлаб қолади. “Сўнгра ўша кунда, албатта, берилган неъматлардан сўраласизлар” (Такосур сураси, 8-оят).

в) Инсон мол-давлат орттириш йўлида қанча машаққат ва хорликларга чидайди. Бироқ дунёнинг алдови кўп, у бирпасда йўқ бўлиб кетади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таоло наздида дунёнинг нечоғлик ҳақир-арзимас эканлигини қуйидагича ифодалаганлар: “Агар Аллоҳ ҳузурида дунёнинг пашша қанотичалик қиймати бўлганида, кофирга ундан бир қултум сув ҳам ичирмас эди” (Термизий ривояти).

г) Дунё малъундир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Дунё малъундир. Ундаги нарсалар ҳам лаънатланган. Фақат Аллоҳ зикри ва Унга яқин нарсалар, олим ёки ўрганувчигина бундан мустаснодир!” (Ибн Можа ривояти). Яъни, дунёга ҳам, унинг Аллоҳдан узоқлаштирувчи ўткинчи лаззатларига ҳам лаънат тамғаси босилган. Фақат Парвардигорни танитгувчи ва Унга яқин қилувчи фойдали иш, Аллоҳ зикри ва У Зотга яқинлаштирувчи бошқа амалларгина бундан мустасно.

Дунё муҳаббат қўйишга арзимайди

Дунёга алданиб қолишдан эҳтиёт бўлайлик. Ҳақиқий зоҳид оят-ҳадисларни ўқиган сари ўз мавқеида тобора мустаҳкам ўрнаша боради. Дунёнинг арзимас мато эканига ва унга алданиб қолишдан эҳтиёт бўлиш лозимлигига яна бир бор иймон келтиради. “Лекин, сизлар  дунё ҳаётини устун қўясизлар. Ҳолбуки, охират яхшироқ ва боқийроқдир” (Аъло сураси, 16,17-оятлар).

Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Олия деган баландлик жойдан тушиб келаётиб, бозордан ўтдилар. Одамлар у зотнинг икки томонларида туришар эди. Шунда қулоғи кесилган улоқчанинг ўлигини кўриб қолдилар. Бориб, унинг қулоғидан тутдилар ва:

«Сизлардан ким мана шуни бир дирҳамга олади?» – дедилар.

«Уни ҳеч нарсага олмаймиз. Уни нима ҳам қиламиз?» – дейишди.

«Бу сизларники бўлишини истайсизларми?» – дедилар. Улар:

«Йўқ! Аллоҳга қасамки! Агар тирик бўлганда ҳам, у айбли бўлар эди. Чунки икки қулоғи кесик. У ўлик бўлгач, қандай бўларди?» – дейишди.

«Аллоҳга қасамки! Сизларга бу қанчалик қадрсиз бўлса, Аллоҳга дунё ундан ҳам қадрсиздир», – дедилар».

 Давоми бор…

Қибрай тумани “Саъдулла ота” жоме масжиди
имом-хатиби 
Мирҳамидов Обид

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan