Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Аллоҳ ва бандалари яхши кўрсин десангиз-2

Аллоҳ ва бандалари яхши кўрсин десангиз-2

Қуръон ва ҳадисда дунёнинг қораланиши унинг замони ёхуд маконига тегишли эмас.

Мазкур қоралаш дунё замони, яъни унинг кеча-кундузига тааллуқли эмас. То Қиёматга қадар Аллоҳ амри ила ўрин алмашиб келувчи кеча-кундузлар зикр ва шукр қилувчи бандалар учун ана шундай кетма-кет қилиб қўйилди.

Аллоҳ таоло пойандоз ва тинч маскан этиб қўйган дунё макони – ер ҳам, ундаги дов-дарахт, экин-тикин ва турли жонзотлар ҳам Китобу Суннатда асло қораланмаган. Чунки уларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг бандаларига инъом этган неъматлари ҳисобланади. Инсонлар уларга қараб Парвардигорлари қудратини кўрадилар ва улардан ҳамиша фойдаланадилар.

Юқорида зикр этилган қоралов дунёдаги амалларга тегишлидир. Чунки уларнинг аксарияти Пайғамбарлар кўрсатмасига зид ва оқибати бехайр зарарли қилмишлар таркибига киради. “Билингки, албатта, бу дунё ҳаёти ўйин, кўнгил эрмаги ва зеб-зийнатдан, ўзаро фахрланишдан, мол-мулкни ва бола-чақани кўпайтиришдан иборатдир. Худди ўсимлиги деҳқонларни ажаблантирган ёмғирга ўхшайдир. Кейинроқ бу ўсимликлар қурийдир ва сарғайганини кўрасан. У сўнгра хас-чўпга айланиб кетадир. Охиратда эса қаттиқ азоб бор, Аллоҳдан мағфират ва розилик бор. Бу дунё ҳаёти ғурурга кетгазувчи матодан ўзга ҳеч нарса эмас” (Ҳадид сураси, 20-оят).

Дунёнинг оқибати шу эканини англаган мўмин бутун диққат-эътиборини Охират ҳовлисини обод этишга қаратади. У дунёда мусофир озиғи билан кифояланади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мен билан дунё ўртасида нима ҳам бор? Мен билан дунёнинг мисли бамисоли дарахт соясида бироз дам олиб, сўнг уни тарк этган суворий кабидир” (Термизий ривояти).

Бошқа бир ҳадисда Қатода ибн Нўъмон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ бир бандасини яхши кўриб қолса, худди сизлар касалларингизни сувдан асраганингиз каби уни дунёдан асрайди”, дедилар (Термизий ривояти).

Мол-дунёга ҳирс қўймаган инсонларнинг аксарияти фақат тириклик учун зарур бўлган миқдор билан кифояланишган. Баъзан нафсни амал ва ҳаракатга тетикроқ қилиш мақсадида дунёнинг айрим мубоҳ неъматларидан тотинганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунё неъматларидан тоат-ибодатларга куч топиш ва уларни зиёда этиш учун тотинар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дунёдан Охирати учун захира йиғиб, охир-оқибат Парвардигорини рози этган банда учун дунё ҳовлиси нақадар яхши! Дунё Охират ғамидан тўсиб қўйган ва Парвардигори розилигидан чеклаб қўйган кимса учун у нечоғлик ёмон жой!» (Ҳоким ривояти).

 

Аллоҳ муҳаббатини қозониш

Дунёга кўнгил қўймасдан, унга нисбатан зоҳид бўлиб Аллоҳ таоло муҳаббатини қозониш мумкин. Чунки Аллоҳ итоатли бандаларни яхши кўради. Дунё муҳаббати билан Аллоҳ муҳаббати бир жойда жамланмаслиги шаръий ҳужжатлар асосида ҳам, ҳаёт тажрибалари асосида ҳам исбот этилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Дунёга муҳаббат қўймоқ барча гуноҳ-хатоларнинг бошидир!” Аллоҳ таоло хато-маъсиятларни ҳам, гуноҳкорларни ҳам хуш кўрмайди. Дунё бир лаҳзалик ўйин-кулгудир! Аллоҳ ўйин-кулгини яхши кўрмас! Қалб Аллоҳ мулки ҳисобланади. У ерда Аллоҳ муҳаббатига дунё муҳаббати шерик қилинмаслиги лозим.

 

Инсонлар муҳаббатини қозониш

Бандалар муҳаббати қай тарзда қозонилиши юқоридаги ҳадиси шарифда очиқ баён этилди:

– Улар қўлидаги мол-давлатга кўз тикманг! Одамларнинг яхши кўрган нарсасини тинч қўйсангиз, улар сизни яхши кўрадилар. Аксарият қалблар дунё муҳаббатига гирифтор бўлган. Агар бирон кимса уларнинг маҳбуби-дунёларига кўз тикса, уни қаттиқ ёмон кўрадилар. Мол-дунёларига тамагирлик қилмасангиз, улар наздида сиздан яхши одам бўлмайди.

Ҳасан Басрий айтадилар: “Инсон, модомики, одамлар қўлидаги нарсага кўз тикмас экан, улар учун суюклидир. Киши қачон бировлар молига тама кўзи билан қараса, одамлар уни ҳурмат қилмай қўйишади. Суҳбатидан қочиб, ўзини ёмон кўришади”.

Бир саҳройи араб Басра аҳлидан сўради:

– Улуғларингиз ким?

– Ҳасан! – деб жавоб беришди басраликлар.

– У нима билан бу даражага эришди?

– Одамлар Ҳасаннинг илмига муҳтожлар. У эса одамларнинг мол-дунёларидан беҳожат!

– Бу нақадар яхши! – деди аъробий.

Хусусан, раҳбар ва олим кишилар ушбу хислатни ўзларида шакллантирмоқлари лозим. Чунки раҳбарлар бировлардан нарса тама қилмайдиган бўлсалар, эл муҳаббатини қозонадилар ва сўзлари ўтадиган бўлади. Халқ бундай раҳбар ортидан эргашади.

Дунёга ҳирс қўймаган олим омма орасида суюкли бўлади. Одамлар уни тинглайдилар, айтган панд-насиҳатларига амал қиладилар. Умар розияллоҳу анҳу ҳузурларида Ибн Салом розияллоҳу анҳу Каъб розияллоҳу анҳудан сўрадилар:

– Олимлар илмни англаб, ёдлаб олганларидан сўнг улар қалбидан илмни супуриб ташлайдиган нарса нима?

– Тама, очкўзлик ва одамлардан ҳожатларини (битказиб беришни) сўрамоқ!

– Рост айтдинг!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоби киромлар зуҳди

Дунёга кўнгил бермаслик борасида ўзимизга намуна қидиргудек бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадислари, насиҳатлари ва ҳаёт тарзлари бизнинг талабимизни тўла-тўкис қондиради. У зотнинг Охират неъматлари хусусида айтган сўзлари ва қилган амаллари илоҳий тарбиянинг ажиб самараси эди. Аллоҳ таоло ўз Пайғамбарига мана бундай таълим берган эди: “Кўзларингни уларни синаш учун айримларига баҳраманд қилиб берганимиз ҳаёти дунёнинг турли зийнатларига тикма. Роббингнинг ризқи яхши ва боқийдир” (Тоҳо сураси, 131-оят).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижратдан аввал ҳам, кейин ҳам, оғир кунларда ҳам, енгил кунларда ҳам дунё матоларига бепарво бўлиб, Охират талабида елиб-югуриб, ибодатга муҳаббат қўйиб ҳаёт кечирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам этакларини тутган асҳоби киромлар дунё зоҳидларининг пешволарига айландилар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу ўз асҳобларига дедилар:

– Сизлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобийларига қараганда кўп намоз ўқийсизлар, рўза тутасизлар ва жиҳод қиласизлар. Аммо улар сизлардан яхшироқ эдилар.

– Қандай қилиб? – сўрашди ҳамсуҳбатлар.

– Улар сизларга қараганда зоҳидроқ ва Охират йўлида рағбатлироқ эдилар. Дунё уларга ҳалол моллари билан келганида саҳобалар уни Аллоҳга яқинлик ҳосил қилмоқ учун тутдилар ва дин хизмати ҳамда Аллоҳ калимасининг олийлиги йўлида сарфлаб юбордилар, – деб жавоб бердилар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу.

Абу Сулаймон айтадилар:

– Усмон билан Абдураҳмон Аллоҳнинг еридаги хазинаси эдилар. Улар мол-давлатларини Аллоҳ тоати йўлида инфоқ-эҳсон этардилар. Бу икки саҳобий қалблари ва илмлари билан Аллоҳга муомала қилардилар.

 

Исломга ёт бўлган зоҳидлик

Аллоҳ таоло неъматларидан бутунлай юз ўгириб, уларнинг бирортасидан фойдаланмаслик Ислом руҳига бегона зоҳидлик саналади. Айрим мусулмонлар ана шундай ғайриинсоний зоҳидликдан таъсирланиб қолганлар. Шу боис Аббосийлар давлатининг заифлашган даврида ва ундан кейин ҳам жулдур кийим кийиб, ҳеч қандай касб-ҳунар қилмасдан, фақат садақа-эҳсон билан кун кечирувчи ва тағин ўзларини зоҳид деб даъво қилувчи кимсаларни учратиш мумкин эди. Ҳолбуки бундай ҳаракатсизлик, ўлик ҳаёт ва хорлик Исломга мутлақо ётдир.

Бугун мусулмонлар бундай касалликлардан батамом тузалганлар. Улар ер юзини гуллатиш, фойда орттириш йўлида тинимсиз ҳаракат қиладилар. Бироқ бугуннинг мусулмонлари фойда ва мол-дунё тўплашга шу қадар берилдиларки, энди биз Охиратдан ғофиллик касалига чалиндик. Бинобарин, Аллоҳни эслатадиган, зоҳидликка чақирадиган, мол-дунё йиғиш мусобақасини тўхтатадиган, шайтон қўйган макр-тузоқлардан огоҳ этадиган ва дунёнинг арзимас матоларию кўпириб-тошувчи шаҳватлари билан ғурурланиб кетишдан қайтарадиган бир эслатмага жуда-жуда муҳтожмиз.

Қибрай тумани  “Саъдулла ота” жоме масжиди
имом-хатиби Мирҳамидов Обид

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan