Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Руҳий тарбия / Аллоҳ Ўз ҳузурида ёд олсин десангиз

Аллоҳ Ўз ҳузурида ёд олсин десангиз

Шафоатгўйимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дин насиҳатдир”, деган ҳадисларига биноан қуйидаги нарсаларни сизларга илиндик.

Бўш вақтингизни савоби улуғ, хотирада қолиши жуда осон бўлган зикрлар билан ўтказинг. Зеро, охиратда бўш вақтларимизни қандай ўтказганимиз ҳақида сўраламиз. Сиз бир нарсани доимо ёдда тутинг!

Сизни ўзингиздан катта лавозимдаги инсон исмингизни тилга олса, қай даражада хурсанд бўласиз. Агар бу бутун оламларни йўқдан бор қилган ва бутун оламлар Парвардигори Аллоҳ таоло бўлсачи?!

Ахир, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган: “Бас, Мени эслангиз, Мен ҳам сизларни эслайман ва Менга шукр қилингиз ва Мени инкор қилмангиз!” (Бақара сураси 152-оят)

Ҳа, агар сизни бутун оламлар Парвардигори бўлган Аллоҳ таоло эслашини хоҳласангиз, шу ондаёқ зикр қилишни бошланг. Аллоҳ таолони бир жамоа ҳузурида эсласангиз, Аллоҳ таоло ҳам сизни у жамоадан яхши бўлган жамоа хузурида эслайди.

Банда учун бундан ортиқ бахт борми!?

Бўш вақтдан унумли фойдаланинг! Ҳали савол жавоб куни бор!!!

Бўш вақтингизни тилга осон бўлган зикрлар билан ўтказинг.

Ушбу зикрлар учун алоҳида вақт ажратиш шарт эмас. Йўлда, бирор иш билан шуғулланаётган вақтингизда айтсангиз ҳам бўлади.

سبحان الله وبحمده ،سبحان الله العظيم

Ўқилиши: Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, Субҳаналлоҳил азийм

Маъноси: Аллоҳни ҳамд айтиш ва улуғлаш билан поклайман.

Ушбу сўзнинг фазилати: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи”ни бир кунда юз маротаба айтса, ундан хатолари ўчирилиб юборилади. Гарчи денгиз кўпигича бўлса ҳам (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилганлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Раҳмонга суюкли, тилга енгил (айтишга), тарозуда оғир келадиган икки сўз бор. Улар: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, Субҳаналлоҳил азийм”, – дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилганлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Субҳаналлоҳил азим ва биҳамдиҳи” деса, унга жаннатда бир хурмо экилади”, – дедилар (Имом Термизий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло учун сўзларнинг энг яхшиси “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи”, – дедилар (Имом Муслим ривоят қилганлар).

 سبحان الله والحمد لله ولا إله إلا الله و الله أكبر

Ўқилиши: Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар.

Маъноси: Аллоҳ барча нуқсонлардан покдир. Аллоҳга ҳамд бўлсин, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Аллоҳ улуғдир.

Ушбу сўзнинг фазли: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менинг “Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар” дейишим менга қуёш чиқишидан яхшироқдир” дедилар  (Имом Муслим ривоят қилганлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолога сўзларнинг энг суюклиси тўрттадир. Уларни қайси бири билан бошласанг ҳам зарари йўқ. Улар «Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар”», – дедилар (Имом Муслим ривоят қилганлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Исро кечасида Иброҳим алайҳиссаломга йўлиқдим. У зот: “Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматингга мендан салом айтгин ва уларга жаннатнинг тупроғи пок, суви ширин ва ўзи текис, ўсимлиги “Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар” эканини хабарини бергин дедилар”», – деб марҳамат қилдилар (Имом Термизий ривоят қилганлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз ҳар куни мингта яхшилик касб қила олишдан ожизми?” – дедилар. Ўтирганлардан бири: “Мингта яхшиликни қандай қила олиш мумкин?” – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Юзта тасбеҳ айтса, мингта яхшилик ёзилиб, мингта хатоси ўчирилади”, – дедилар (Имом Муслим ривоят қилганлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дарахт ўз баргларини тўккани каби “Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар” калимаси ҳам хатоларни тўкади”, – деб марҳамат қилдилар.

لا إله إلا الله وحده لا شريك له  له الملك وله الحمد

وهو على كل شيء قدير

Ўқилиши: “Лаа илааҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува алаа кулли шайин қодийр”

Маъноси: Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, У ёлғиз, Унинг шериги ҳам йўқ, бутун олам мулки Уники, бутун Ҳамду сано Унга хос ва У хар бир нарсага қодирдир.

Ушбу сўзнинг фазли: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким  Лаа илааҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува алаа кулли шайин қодийр, деб бир кунда юз маротаба айтса, ўнта қул озод қилган баробарида савоб олади. Унга юзта яхши амал ёзилади. Юзта ёмонлик ўчирилади. бу (иши) унга ўша куни шайтондан сақланиш бўлади. То кеч киргунга қадар шайтондан омонда бўлади. Унинг бу амалидан афзалроқ ишни ҳеч ким қила олмайди. Фақат ундан кўпроқ ушбу калимани айтган киши ўзиб кетади”, – деб марҳамат қилдилар (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар).

                  لا حول ولا قوة الا بالله

Ўқилиши: Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ

Маъноси: Аллоҳ таолодан бошқа ўзгартирувчи на куч, на қудрат бор.

Ушбу сўзнинг фазли: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Мусо розияллоҳу анҳуга қилган насиҳатларида: “Сени Жаннат хазиналаридан бирига далолат қилайми?” – дедилар. Абу Мусо ал- Ашарий розияллоҳу анҳу: “Ҳа, айтинг, ё Расулуллоҳ!» Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”, – дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилганлар).

أستغفر الله وأتوب إليه

Ўқилиши: Астағфируллоҳа ва атубу илайҳи

Маъноси: Аллоҳга истиғфор айтиб тавба қиламан.

Ушбу сўзнинг фазли: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимни саҳифасида истиғфори кўп бўлса,  нажот топади”, – дедилар (Имом ибн Можжа ривоят қилганлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимни саҳифаси хурсанд қилишини хоҳласа, истиғфорни кўпайтирсин”, – дедилар (Имом Байҳақий ривоят қилганлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй аёллар жамоаси,  садақа қилинглар ва истиғфорни кўпайтиринглар. Мен сизларни кўпларингизни дўзаҳда кўрдим”, – дедилар (Имом Муслим ривоят қилганлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга қасамки, албатта,  мен Аллоҳ таолога бир кунда етмиш мартадан кўп истиғфор айтиб, тавба қиламан”, – дедилар.

الصلاة على النبي صلى الله عليه وسلم

Маъноси: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш.

Ушбу сўзнинг фазли: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга бир маротаба салавот айтса, Аллоҳ таоло унга ўн маротаба салавот айтади”, – дедилар (Имом Муслим ривоят қилганлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга бир маротаба салавот айтса, Аллоҳ таоло унга ўн маротаба салавот айтади. Ундан ўнта хатосини ўчиради. Мартабасини ўн даража кўтаради”, – дедилар (Имом Аҳмад ривоят қилганлар).

Эслатма: Салавотлар ичида энг яхшиси намозда “Аттаҳиёт”дан кейин айтиладиган салавотдир.

Қибрай тумани «Саъдулла ота» жоме масжиди
имом-хатиби Мирҳамидов Обид

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan