Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Аллоҳ таолонинг аскарларидан бири…

Аллоҳ таолонинг аскарларидан бири…

            Маълумки зилзила, сув тошқинлари, қаттиқ шамол эсиши, кучли ёмғир, қор ва дўл кабиларнинг ёғиши, момақалдироқ гумбурлаши ва чақмоқ чақиши Аллоҳ таолонинг қудратига, азаматига далолат қилувчи Унинг аскарларидандир. Қаҳратон совуқ ҳам, шунингдек, жазирама иссиқ ҳаво ҳам Унинг қудратига далолат қилувчи аскарлардан биридир.

            Жазирама иссиқ ҳақида гап кетар экан, шу кунларда об-ҳавонинг кескин кўтарилиб кетиши оқибатида кўпчилик соя-салқин жойларга, сув ҳавзалари бўйига, тоғ олди дам олиш масканларига ўзларини уряптилар. Жазирама иссиқ ҳақида ҳадиси шарифларда ҳам зикр қилинган.

            Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Иссиқ кучайганда намозни салқинлатиб ўқинглар, чунки иссиқнинг шиддати жаҳаннам тафтидандир”, дедилар. У зот: “Дўзах Роббига шикоят қилиб: “Роббим ич этимни еб юбордим”, деди. Шунда У Зот дўзахга икки нафасга изн берди: қишда бир нафасга, ёзда бир нафасга. Сиз дуч келадиган энг қаттиқ иссиқ ва энг қаттиқ совуқ ана ўшандандир”, дедилар (Саҳиҳул Бухорий).

            Ушбу ҳадиси шарифда ҳавонинг ўта иссиқлиги жаҳаннам тафтидан эканлиги очиқ баён этиляпти. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “У ерда ҳуқублар қадар қоладилар (Улар у жойда узоқ замонлар қолгувчилардир)» (Набаъ сураси 23-оят).

“Ҳуқуб” – араблардаги бир вақт ўлчови. Бир ҳуқуб 80 йил атрофида. Ҳуқублар – узоқ замонлар қолади дегани. Ҳуқубларнинг энг ками уч ҳуқуб миқдорича экан, яъни учта 80 йиллик муддат давомида қолади. Бу 240 йил дегани. Жаҳаннамга тушган инсон, ҳатто мўмин бўлса ҳам у ерда камида 240 йил қолар экан. Шу билан тугадими?! Йўқ, ҳали ҳисоб-китоб тугаганича йўқ!!!

Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Улар Сиздан (истеҳзо билан Аллоҳ ваъда этган) азобни қистамоқдалар. Ҳолбуки, Аллоҳ ваъдасига сира хилоф қилмас. Дарвоқе, Раббингиз наздидаги бир кун сизларнинг ҳисобингиздаги минг йилга баробардир” (Ҳаж сураси 47-оят). Аллоҳ таолонинг бир куни бизнинг минг йилимизга тенг бўлса, демак, бизнинг бир йилимиз 365 кун, минг йил 365 минг йилга тенг бўлади. Энди 240 йилни 365 мингга кўпайтиринг – 87 миллион 600 минг йил. Инсон мўмин бўлса ҳам жаҳаннамга тушдими, у ерда миллион йилларча қолади. Аллоҳ мўмин қулларига ачинади. Ачингани учун ҳам Қуръони каримнинг кўп жойларида бизларни жаҳаннамдан  сақланишга амр этади. Жаҳаннамда мўмин энг ози 87 миллион 600 минг йил ёнади! Қани, энди гуноҳга яқинлашиб кўр-чи! Ҳар ҳаромга қара-чи! Ҳаром еб кўр-чи! 87 миллион 600 минг йил гуруллаб ёнадиган оловга чидаб кўр-чи!..

Қуёшнинг ҳароратига чидай оласанми?! Сояни қидира бошлайсан, бошингни газета билан беркитасан ёки нимадир кийиб оласан. Шу кунларда иссиқ ҳавода юрар эканмиз, жаҳаннам тафти ҳақида тафаккур қилиб, ўзимизни ўнглайлик! Жаҳаннамнинг бир марта нафас олиши шунчалик жазирама, иссиққа сабаб бўлса, унинг ўзининг ҳарорати қандай экан?!

Аллоҳ таоло бизни жаҳаннамдан асрасин! Бу дунёнинг иссиғидан соя салқин жойларга қочиб қутиламиз, аммо охиратдаги иссиқдан қаерга қочамиз?!

            Шу кунларда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Эй Аллоҳ, мени жаҳаннам оташидан асрагин”, деб айтган дуосини кўпроқ ўқийлик!

            Аллоҳ таоло барчамизни дунёда ҳам, охиратда ҳам саодатли бандаларидан айлаб, жаҳаннам азобидан асрасин!!!

            Аммор ибн Ёсир” жоме масжиди имом-хатиби   Б.Эрданов