Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / АЛЛОҲ ТАОЛО ШУКРЛИ БАНДАЛАРИНИНГ НЕЪМАТЛАРИНИ ЗИЁДА ҚИЛАДИ

АЛЛОҲ ТАОЛО ШУКРЛИ БАНДАЛАРИНИНГ НЕЪМАТЛАРИНИ ЗИЁДА ҚИЛАДИ

Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсинки охирги кунларда эълон қилинаётган хушхабарлар сабаб юртдошларимиз қалбига илиқлик югурди. Хусусан, пандемия сабаб жорий қилинган карантин қоидалари юмшатиладиган кунга етиб келганимиз, Аллоҳ таоло ўз фазлу карами билан бу балони ер юзидан кўтараётгани ҳар бир кишида хотиржамлик ҳиссини уйғотган бўлса, мўмин-мусулмонларнинг ибодат қилишлари, жамоат билан адо этиладиган дуою зикрларини кўпайтиришлари учун масжидларимизнинг очилишига рухсат берилгани бевосита хурсандчиликка сабаб бўлди.

Ана шундай хушхабарлардан кейин Аллоҳга шукроналар келтириб турган дамларимизда яна бир қувончли воқеанинг гувоҳи бўлмоқдамиз. Тошкент вилоятидаги масжидлар сони яна биттага кўпаядиган бўлди. Олмалиқ шаҳрида фаолият юритиши мўлжалланган “Ҳилол” жоме масжиди расман рўйхатдан ўтди ва 2020 йилнинг 12 август куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Тошкент вилояти Адлия бошқармаси томонидан гувоҳнома берилди. Бу сабаб кўнгиллар шодланди, беихтиёр тилларда ҳамд, неъматларга шукроналик сўзлари янгради. Дарҳақиқат, шукр неъматларни зиёда қилади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, 2018 йилнинг 5 январида бўлиб ўтган Тошкент вилояти халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Президентимиз вилоятдаги таъмирга муҳтож ва авария ҳолатидаги масжидларни аниқлаб, уларни қайта қуриш ва таъмирлаш чораларини кўриш юзасидан кўрсатма бергандилар, шунга кўра 2018 йил 15 февралда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги 120-сонли қарори қабул қилиниб, вилоятда жами 29 та жоме масжидларни қайта қурилиши белгилаб олинганди. Ҳозирги вақтда вилоятда 50 дан ортиқ масжидларда қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бу эса ибодат қилувчилар учун замонавий талабларга жавоб берадиган, ҳар томонлама қулай шароитларни ташкил этишга хизмат қилади.

[carousel-horizontal-posts-content-slider]