Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Аллоҳ таоло бандаларининг ибодатларига муҳтожми?!

Аллоҳ таоло бандаларининг ибодатларига муҳтожми?!

Муқаддас Ислом динимиз таълимотларига кўра инсонни яратилишидан кўзланган асосий мақсад ва бош ғоя Аллоҳга ибодат қилишдир. Бу ҳақда Қуръони Каримда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

[ الذاريات : ٥٦ ] ( وَمَا خَلَقْتُ الْجِنَّ وَالْإِنسَ إِلَّا لِيَعْبُدُونِ ) 

 «Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зориёт, 56).

Лекин банда ибодатининг фойдаси Аллоҳга етмайди. Зотан, Аллоҳ таолонинг бунга ҳожати йўқдир.

Балки Аллоҳ таоло инсонни Ўзини танитиш, тоат-ибодатга буюриш, буйруқ ва қайтариқларига риоя қилиш орқали камолотга етиши, дунё ва охиратда саодат топиши учун яратди. Аслида буларнинг барчаси Аллоҳга эмас бандаларнинг ўзларига қайтадиган манфаатлардир.

Аллоҳ таоло мутлоқо беҳожат зотдир. Унинг ҳеч нарсага эҳтиёжи йўқ. Ҳар бир мўмин билиши лозим бўлган ҳақиқат шулки: Аллоҳ таоло махлуқотларини уларнинг ибодатлари  ёки мақтовларига муҳтож бўлгани учун яратмади. Аксинча, уларни камолотга етказиш ва икки дунё саодатига мушарраф этиш учунгина халқ қилди.

Жалолиддин Румий ўз маснавийларида келтирадилар: Бир қишлоқда ниҳоятда ғариб камбағал киши бор эди. Унинг қишлоғида қаттиқ қаҳатчилик бўлиб, қудуқлар, ҳовузлар барчаси қуриб қолган эди. Бир куни хотини унга: “Бағдод халифасини ниҳоятда карамли, саховатли деб эшитганман, унинг олдига боринг, шоядки биздаги мана бу камбағалик барҳам топса”, – деди. Эри унга: “Халифанинг ҳузурига совға саломлар билан бориш керак, бизда эса арзирли ҳеч нарса йўқ-ку!” – деди. Шунда хотини унга: “Бизнинг фалон чуқуримизда бироз шаффоф чучук сув йиғилиб қолган. Бундай ширин сув халифанинг ҳузурида қаёқдан ҳам бўлсин. Ўша сувни бир идишга солиб, олиб боринг”, – деди.

Бу фикр эрига ҳам маъқул бўлди. Эр сув солинган кўзачани кўтариб йўлга тушди. Хотин эса жойнамозни солиб, эри сув билан халифанинг ҳузурига соғ-саломат етиб олишини сўраб дуо қила бошлади.  Эри эса йўл бўйи “Роббим мени ва кўзамни саломат етказ, бирор жойда қоқилиб, синдириб қўймай”, деб тинмай дуо қилиб борарди. Чунки у бечорада шу сув бор эди, холос. “Худо, Худо”, деб соғ-саломат Бағдодга етиб борди. Дарвозабон ижозат берилгач, уни саройга халифа ҳузурига олиб кирди. Халифа: “Қўлингдаги нима?” – деб сўради. Бадавий: “Бу жаннат суви, бундай сувни ҳеч ким ҳеч қачон ичган эмас”, – деди. Халифа анча муддатдан бери очилмаган кўзанинг оғзини очишга буюрди. Унинг оғзини очишлари билан бадбўй ҳиди  бутун саройни тутиб кетди.

Лекин халифанинг қанчалик карамли ва саховатлилигини қаранг, сувнинг ҳидидан озорланганини ҳалиги бадавийга озгина бўлса ҳам сездирмади. Балки унинг сувини ниҳоятда латиф ва ширин сув экан, деб мақтаб, сувини икром билан чиройли идишга солиб юқори бир жойга қўйдириб қўйди ва бадавий кетгач, уни тўктириб юборди.

Аллоҳ таоло ҳам бизнинг бадбўй амалларимизга нисбатан худди шундай муомалани қилади. У зот фақат ўзининг фазлу карами билангина бундай амалларимизни юқори қадрлайди. Аслида эса бу амалларимиз ҳеч нарсага арзимайди.

Сўнгра хизматкорларига кўзасини тўлдириб олтин бериб юборишга ва уни Дажла дарёси орқали қайиқда кузатиб қўйишга буюриб: “Токи унинг чарчоғи чиқсин, қалбига хурсандчилик кирсин ва унга ўзининг қилган ҳадясининг қийматию ва бизнинг унга қилган карамимизнинг юксаклигини мушоҳада қилишига имкон бўлади”, – деди. Уни Дажланинг қирғоғига олиб боришгач, у ердаги сувнинг кўплиги, латифлиги ва ширинлигини кўриб, ҳижолатдан сув-сув терга ботиб кетди. “Аллоҳ, бу халифа қандаям саховатли-а! Унга менинг бадбўй ва лойқа сувимнинг нима зарурати бор эди. Унинг шаҳрида шаффоф, ширин сув дарё бўлиб оқиб ётган экан ку!” – деди. Халифанинг унга қилган муомаласи, бу фазлу карами фақатгина унинг дилини шод қилиш учунгина бўлгани бадавийга маълум бўлди. Аслида эса, ундаги ҳеч нарсага халифанинг муҳтожлиги йўқ. Ўзининг ҳузурида уникидан чандон-чандон яхши нарсалар дарё бўлиб оқиб ётибди.

Тадаббур қилсак, худди шундай муомала бизларга ҳам бўлади. Биз яхшилик деб ўйлаб қилаётган амалларимиз аслида ёмонликлардан иборат. Аммо Аллоҳ таоло фақат ўзининг фазлу карами билангина бу амалларимизни яхши амаллар деб қабул қилади ва бизларни ўзига итоат қилгувчилар сафига қўшиб қўяди. Аллоҳ таоло: “Уларнинг саййиотларини ҳасанотларга алмаштириб қўямиз” (Соффот, 105), деган оятнинг маъноси аслида шундай.

Халифа бадавийнинг сасиб қолган суви эвазига олтинлар ҳадя қилганидек, биз ҳам Аллоҳ таолога қурбонликларимиз туфайли ўз жонимизни тортиқ қиламиз. Аслида эса бу жонимизнинг ҳақиқати бадбўйликлардангина иборат эди. Чунки бизнинг жонимиз разил сифатлар ва ёмон ахлоқлар билан сифатлангандир. Лекин Аллоҳ таоло бизларнинг бу жонимиз эвазига яхши сифатлар эгаси бўлган жон ҳадя қилади. Мана шунинг отини фано ва бақо дейилади.

 Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди

имом-хатиби Авазхўжа Бахромов манбалар асосида тайёрлади

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan