Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир.

Бош саҳифа / Қуръон / Аллоҳнинг қудратига далолат қилувчи оят

Аллоҳнинг қудратига далолат қилувчи оят

 

وَأَنْزَلْنَا مِنَ السَّمَاءِ مَاءً بِقَدَرٍ فَأَسْكَنَّاهُ فِي الأرض وَإِنَّا عَلَى ذَهَابٍ بِهِ لَقَادِرُونَ

 

“Биз осмондан (аниқ) ўлчов билан сув (ёмғир, қор) ёғдириб, уни ерга жойлаштириб қўйдик… (Муъминун сураси 18-оят)

Ушбу ояти карима Маккада нозил бўлган, бир юз ўн саккиз оятдан иборат бўлган Мўъминун сурасининг олтидан бир қисмининг аввалида келган. Бу суранинг асосий меҳвари (айланиш ўқи) имоннинг фазилати, мўминларнинг сифати, шунингдек, Аллоҳни инкор қилувчи, Унга ширк келтирувчиларга карши қиёсий солиштириш атрофида айланади. Аллоҳ уларнинг ширкларидан юксак ва буюкдир.

Аллома ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Аллоҳ таоло бандаларига осмондан аниқ ўлчов билан сув (ёмғир, қор) ёғдиришида ҳисобига етиб бўлмайдиган даражада кўп  неъматлар ато этганини зикр қилади.

Шу даражада аниқ ўлчов билан нозил қилдики, кўп бўлиб ер юзини ва унинг ободлигини барбод қиладиган, оз бўлиб, экинлар, ўсимликлар, мева-чеваларни қуритиб қўядиган эмас, балки ундан ичиш, фойдаланиш ва суғоришга керакли миқдоринигина туширди.

Бошқа тафсир китобларида ҳам Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳнинг мазкур оят ҳақида айтган сўзларига ўхшаш шарҳлар келади. Фақатгина “Ал мунтаҳаб фи тафсирил Қуръон” китобида сув ер атрофида айланиб юришига ишора қилинган.

Ушбу ояти карима сувни аниқ ўлчов билан тақсимланишидаги буюк ҳикматга ишора қилади.

Уламолар мазкур ояти карима яна бир маънога далолат қилишини зикр қиладилар: “Ер куррасининг уммонлари ва денгизларида маълум миқдорда сувнинг тўпланиб туриши сайёрада ўзига муносиб ҳарорат мувозанатини таъминлайди. Ёз ва қиш фаслларининг ҳарорат даражалари орасидаги фарқларнинг катталашиб кетиб, натижада, ой ва бошқа жонсиз сайёралар (йўлдош, сателлит) каби яшашга яроқсиз ҳолатга келиб қолишининг олдини олади”.

فَبِأَيِّ آَلَاءِ رَبِّكُمَا تُكَذِّبَانِ

Бас, (эй инс ва жинлар,) Раббингизнинг қайси неъматларини инкор этасизлар?!  (Ар-раҳмон сураси 13-оят)

Тошкент тумани “Холмаҳаммад ота” жоме
масжиди имом хатиби Авазхўжа Бахромов

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan