Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Фото / Аллоҳнинг масжидларини фақат тақводор зотларгина обод қилурлар

Аллоҳнинг масжидларини фақат тақводор зотларгина обод қилурлар

Барчамизга маълумки, масжид Аллоҳнинг уйидир. Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида шундай марҳамат қилади

«Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар. Айнан ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлишлари мумкин» (Тавба сураси, 18-оят).

Демак, Аллоҳга имон келтирган, охиратдан умидвор кишилар масжидни обод қиладилар. Бугун, 2019 йилнинг 12 февралида Аллоҳ таолонинг розилигини истаган, охиратга имони бор кимсалар томонидан хайрли ишга қадам қўйилди, десак муболаға бўлмайди. Зеро, Тошкент туманида жойлашган “Айри ота” жоме масжидининг қурилишига табаррукона ғишт қўйиш тадбири бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов, Тошкент тумани бош имом-хатиби Х.Тошболтаев ва масжид жамоаси, маҳалла фаоллари бошланган ишнинг хайрли якунини сўраб дуолар қилдилар.

Кўп йиллардан бери хизмат қилиб келаётган “Айри ота” жоме масжидининг эски биноси ўрнида кўркам, замонавий меъморчилик асосида, намозхонларга ҳар томонлама қулай шароитларни яратиш мақсадида қурилаётганлиги нафақат шу масжид жамоаси ва маҳалла аҳлини, балки юртимиздаги барча мусулмонларни хушнуд этиши, шубҳасиз. Масжид бир вақтнинг ўзида юзлаб ибодат қилувчиларни ўз бағрига олиш имконига эга бўлади. Асосий хонақоҳ билан биргаликда, замонавий талабларга тўлиқ жавоб берадиган таҳоратхонанинг қурилаётганлиги ҳам алоҳида хурсандчиликка сабаб бўладиган жиҳатлардан биридир.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга умматимнинг ажрлари, ҳаттоки, кишининг масжиддан чиқарган чўпи ҳам кўрсатилди. Менга умматимнинг гуноҳлари ҳам кўрсатилди. Бас, Қуръондан бир сура ёки оят берилган одам уни унутганидан кўра каттароқ гуноҳни кўрмадим”, дедилар” (Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган).

Киши масжиддан ҳаттоки битта чўпни чиқарса, ажрга эга бўлиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан эътироф этилгани ҳолда, уни барпо этиш, қуриш қанчалар савобларга эга бўлишга сабаб бўлса, не ажаб.

Мана шундай хайрли ишнинг бошланиши халқимизга муборак бўлсин!