Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Аёллар сахифаси / Аллоҳнинг фазлу марҳамати

Аллоҳнинг фазлу марҳамати

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Одам яралмасдан аввал олам яралди. Ер юзидаги жамики нарсалар инсон манфаати учун Аллоҳ субҳанаҳу таоло томонидан муҳайё қилинди. Ердаги нарсаларни қандай тасарруф қилишни эса одамга Аллоҳ ўргатди. Аллоҳ одамни яратибоқ унга ақлни ато этди ва бошқа мавжудотлардан ана шу хислати ила устун қилди. Бироқ ақлни қандай ишлатишни ҳам Унинг ўзигина илҳомлантириб турушини ҳамма ҳам англармикан?!

Биз инсонлар шуни жуда яхши билишимиз керакки, бизни ҳам, биздаги хислатлар, фазилатлар ва амалларни ҳам Аллоҳ субҳанаҳу таолонинг Ўзи халқ қилган. Шундай бўлгач, олим ўз илми ила, омил ишбилармонлиги ила кучли ўзидаги қувват ила, бой ўзининг бойлиги, чиройли ўз чиройи ила манманлик қилишга  ҳаққи йўқ.

Афсуски, орамизда қай бир амаллари ёки кимларгадир етказган манфаатлари ҳақида ғурурланиб қўювчилар ҳам бор, ваҳоланки, Аллоҳ хоҳласагина улар шунга қодир бўла олишларини унутиб қўядилар. Ва аксинча, баъзилар мусибатга учраса, сабабини бошқалардан қидирадилар, айблайдилар. Аллоҳ  субҳанаҳу таолонинг 99 исм ва сифатларидан бири: “ан- Наафиъу – фойдали ва манфаатли нарсалар яратувчи, истаган бандаларига фойда ва манфаат берувчи” дир.

Ер юзидаги барча одамлар биргина одамга фойда етказамиз, деб ҳаракат қилсалар-у, Аллоҳ у инсондан манфаатини дариғ тутиб турган бўлса, улар бу манфаатни етказа олмайдилар. Ва аксинча, ер юзидаги жамики инсонлар бир кишига зарар етказамиз, деб қасд қилсалар-у, аммо Аллоҳ ўша одамни ҳимоя қилса, улар зарар етказа олмайдилар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Агар сизга Аллоҳ нусрат берса, сиздан ғолиб келувчи йўқ. Агар сизни ташлаб қўйса, Ундан ўзга ким ҳам ёрдам берар эди. Мўминлар фақат Аллоҳгагина таваккал қилсинлар” (Оли Имрон сураси 160-оят).   

Демак, Аллоҳ бизни қўлламаса ҳеч ким эмасмиз, ожиз бандамиз холос.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Сизлардан бирор киши ҳеч қачон ўз амали билан жаннатга кира олмас”, – дедилар.

Одамлар: “Сиз ҳам-ми, эй Аллоҳнинг Росули?” – дейишди. Ул зот: “Мен ҳам, агар Аллоҳ мени Ўз раҳмати ва фазли ила ўраб олмаса”, – дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривоят қилган).

Ҳаммамиз учун йўлбошчи, икки дунё сарвари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламдек Зот Аллоҳ  субҳанаҳу таолонинг Раҳмати бўлмаса, улар ҳам ожиз эканларини эътироф этиб турганларида, биз бир оддий бандалар қай бир фазилатимиз ила ғурурлана оламиз ё бир мусибат етганда ўзимиздан кетиб қолишимиз мумкин?! Бунга асло ўрин йўқ. Зеро, мўмин киши учун Аллоҳ тарафидан келган мусибатларда ҳам банда учун яхшилик, хайротлар бўлиши муқаррар.

“Осмонлару ернинг мулки Аллоҳникидир. Ва Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир” (Оли Имрон сураси 189-оят). Ана шу оят ҳаммамиз учун кифоя қилиб, ҳар биримиз Аллоҳнинг измида эканимизни унутмаган ҳолда умримиз саҳифаларини яхшиликлар ила тўлдиришга ҳаракат қилайлик.

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Аллоҳнинг мухлиси Зангиота туман

отинойиси Мухлиса Юнусова

[carousel-horizontal-posts-content-slider]